Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:46

ЕИ Эронга қарши нефт эмбаргоси жорий қилди


Жазо чоралари Эрон билан нефт олди-бердисига оид янги шартнома имзоламаслик ва мавжуд шартномани 1 июлгача тўхтатишни кўзда тутади.



Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастурларига қарши жазо чораси сифатида ишлаб чиқилган санкцияларни расман қабул қилди.

Бугун Брюсселда иттифоққа аъзо 27 давлат ташқи ишлар вазирлари маъқуллаган жазо чоралари орасида, дипломатлар берган маълумотларга кўра, нефт хомашёси ва нефт маҳсулотлари хусусидаги шартномаларни имзоламаслик кўзда тутилган.

Мавжуд шартномалар эса шу йил 1 июлга қадар тўхтатилиши лозим.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳааг бу чоралар “мислсиз санкциялар”нинг бир қисми эканини айтиб, бу “ЕИнинг ушбу масаладаги қатъий ечимини кўрсатиши”ни қўшимча қилди.

- Буюк Британия мислсиз жазо чораларини қўллаш йўлларини қидираётган эди ва шу боис, биз Ташқи ишлар кенгаши қарорини маъқулладик, - деди, жумладан, Уилям Ҳааг.

Айни кезда ЕИ Эрон дунёга сотадиган нефтнинг бешдан бирини ҳарид қилади.

ЕИ вазирлари тез орада Эрон Марказий банкига нисбатан ҳам чекловчи чораларни қабул қилиши кутилмоқда.

ЕИнинг Ташқи сиёсат масалаларига масъул раҳбари Катрин Эштон бундай кескин чоралардан мақсад ҳануз Эронни музокаралар столига қайтариш эканини яна бир карра урғулади.

- Биз Эроннинг Марказий банки ва нефт экспортига оид яна қўшимча жазо чораларини муҳокама қиламиз. Лекин мен яна бир карра таъкидлашни истардимки, бу бизнинг икки йўлли ёндошимиздир. Яъни, санкцияларни кучайтириш билан биз Эроннинг ўз сўровларимизни жиддий қабул қилиши ҳамда музокаралар столига қайтишига уринмоқдамиз, - деди Катрин Эштон.

Унга кўра, шу йилнинг октбяр ойида ўтказиш режаланган сўзлашувлар таклифи борасида расмий Теҳрондан ҳануз жавоб олинмаган.

Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервеллега кўра эса, Эроннинг тобора ривожлантириб бораётган ядровий тадқиқотларидан туғилган хавотир нафақат минтақа хавфсизлиги, балки дунё хавфсизлигига дахлдордир.

Эрон эса ўз ядровий дастури мутлақо тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади. Бироқ, Ғарб давлатлари бунинг ортида атом қуроли яратиш мақсадида турганидан хавотир билдирмоқда.

Айни кезда ЕИ ва АҚШ Осиё давлатларини Эрондан сотиб олаётган нефт маҳсулотлари ҳажмини камайтиришга ундаб келмоқда.

Бунга қадар Теҳрон, агар янги санкциялар қўлланган тақдирда дунёдаги жами нефт экспортининг 20 фоизи олиб ўтиладиган Ҳормуз бўғозини ёпишини айтиб таҳдид қилган эди.

АҚШ эса ўз навбатида бу йўлнинг очиқ қолиши учун ҳамма чораларни кўражагидан огоҳлантирган.

АҚШ ҳарбийлари берган маълумотга кўра, Американинг бир юк ташувчи самолёти, шунингдек, Британия ва Франция кемалари яқинда Ҳормуз бўғози орқали Форс кўрфазига муаммосиз ўтганлар.
XS
SM
MD
LG