Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Россияда яна бир ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Владивостокда ҳибсга олинган 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси террорчилик гуруҳига алоқадорликда айбланмоқда. Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи остида қолаётган ўзбекистонликлнинг ҳимоячилари унинг айбсизлиги ва террорчилик ташкилотларига мутлақо алоқаси йўқлигини айтмоқда.

30 декабр куни Приморский ўлкасининг пойтахти Владивостокда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан халқаро қидирувга берилган Самарқандннг Каттақўрғон туманидан бўлган 25 ёшли меҳнат муҳожири ҳибсга олинди.

Бу ҳақда хабар тарқатган Приморье ўлкаси ИИБси матбуот марказига кўра, исми тергов томонидан ошкор этилмаётган шахс “Ўзбекистонда террорчи ва жамоатчиликка хавф туғдирувчи жиноий фаолият билан шуғуллангани учун таъқиб остига олинган.”

Владивосток полицияси Ўзбекистон фуқаросини АТЭС саммити қурилишига келаётган саноқсиз мигрантлар орасида яширинишга уринганини, қалбаки ҳужжатлар билан меҳнат қилиб юрганини маълум қилди.

“У ўзбекистонлик бир гуруҳ шахслар тузган жиноий ташкилот таркибига кириб, лидерлик фаолиятини олиб борган: террорчилик мавзусидаги ҳужжат ва адабиётларни жамлаб ўз шерикларига юборишга тайёргарлик кўрган”, дейилади Приморье Ички ишлар бошқармаси хабарномасида.

Янги йил арафасида ҳибсга олинган бу шахснинг ҳимояси билан “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти шуғулланмоқда.

“Мемориалнинг” Владивостокдаги расмий вакили, адвокат Татьяна Тютюнник ўз ҳимоясидаги шахснинг исми-шарифи ҳозирча ошкор этилмаслиги шарти билан бу иш тафсилотлари билан ўртоқлашишга розилик берди.

- Айтишим мумкинки, у Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган ва ҳозирда унга айблов эълон қилинди. Сўров юзасидан текширув олиб борилмоқда. У Ўзбекистоннинг жами олтита моддаси бўйича айбланмоқда - 155-1, 156-3, 159, 216, 242, 244-1, яъни бу ерда экстремистик адабиёт, конституциявий тузимга тажовуз қилиш, диний экстремистик ташкилотни ташкил қилиш ва бошқариш ва ҳоказолардир. Билишимча, Ўзбекистонда бу моддалар бўйича у 14 йилдан 16 йилгача қамалиши мумкин. Лекин, маҳаллий прокуратурада менга уни Россия Жиноий Кодексининг фақат 182-1 моддаси асосида экстрадиция қилишлари мумкинлигини айтишди, дейди адвокат Татьяна Тютюнник.

Адвокатнинг Озодликка айтишича, махфий хизмат ходимлари ўзбекистонлик бу йигитни бутун бир диний-террорчилик гуруҳга бошчилик қилганини иддао қилишмоқда.

“Менинг ҳимоямдаги шахсга нисбатан қўйилаётган айблов мутлаққо асоссиз эканлигини пайқаш учун юрист бўлишнинг ҳам ҳожати йўқ”, дея давом этади алвокат.

- Бу ёшгина болага 6 модда бўйича айблов қўйишибди. У ҳатто уйланмаган, энди уйланишга пул ишлаб юрган экан, қишда иш камроқ бўлгани учун у уйига кетиш тараддудида бўлган. У ҳатто қидирувда эканини ҳибсга олингандан кейин билган. Биринчи маротаба Россияга у 2006 йилда келган, 2008 йилда Ўзбекистонга кетган ва у ерда 8 ой сартарошлик қилган. 2009 йилнинг май ойида қайтиб келган. Унинг алоқадорлиги айтилаётган “Исломий жиҳод” гуруҳига нисбатан жиноий иш эса 2005 йилда очилган, унинг ўзи эса қидирувга 2010 йилнинг августида берилган, дейди ҳимоячи Татьяна Тютюнник.

Маълум бўлишича, бу йигит Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан келган, Владивостокда сартарошлик ва қурувчилик қилган. Владивостокда у ўз ҳужжатларини йўқотиб қўйган.

Озодлик билан суҳбатда адвокат Тютюнник мазкур жиноий иш юзасидан яна бир неча Ўзбекистон фуқароси қидирувда эканини аниқлаганини айтади.

- Эмишки, у “Исломий жиҳод” гуруҳига кирган. Унга Ўзбекистонга бериб юборилган ва у ерда 20 йилга қамалган Ҳолиқов, 19 йилга қамалган Зоҳид Тейиров, 16 йилга қамалган Шарипов ва қидирувда бўлган Ҳасанов кирган. 2010 йилнинг августида Юсупов Али, Ураков Рауфжон, Эгамбердиев Абдужалил, Сайфуллаев Нуриддин, Ҳасанов Одилжон ва Ҳасанов Қобилжонлар ҳам Ўзбекистонда бу гуруҳга аъзоликда гумонланиб қидирувга берилган экан. Менинг мижозим булардан фақатгина Ҳасанов Одилжон билан Россияда танишган, дейди “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳимоячиси Татьяна Тютюнник.

Адвокат ҳозирча прокуратура экстрадиция масалси хусуида текширув олиб бораётгани ва у камида ярим йил давом этишини маълум қилди.

Приморье кучишлатар тизимлари қидирувда бўлган ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан бу каби операциялар биринчи маротаба олиб борилаётгани йўқ.

Хусусан, 2010 йилнинг августида Владивостокдан Ўзбекистонга “Хонобод жамоаси” деб аталётган гуруҳ аъзолари экстрадиция қилинган эди. Приморье полицияси, шунигдек, 2011 йилнинг март ойида Владивостокдаги “Спортивный” бозори ҳудудида Мемориал ҳимоясига олинган каттақўрғонлик йигитнинг “шериги” ушлангани ва суд қарори билан аллақачон Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG