Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:57

Путиннинг учинчи "иқтисодий" мақоласи чоп этилди


Россия Бош вазири Владимир Путин.
Россия Бош вазири Владимир Путин.

30 январ куни “Ведомости” газетасида Россия Бош вазири Владимир Путиннинг “Бизга янги иқтисодиёт керак” сарлавҳаси остида иқтисодий масалаларга оид сайловолди мулоҳазалари чоп этилди. Бу Россия бош вазирининг январ оийда чоп этилган учинчи мақоласидир. Биринчи мақолада сиёсий масалага эътибор қаратилган бўлса, иккинчи мақолада Россияда миллатлараро муносабат масаласига тегишли фикр-қарашлари билдирилган эди.

Учинчи душанбадирки, россияликлар иш ҳафтасини ҳукумат раҳбари ва айни пайтда президентликка асосий номзод Владимир Путиннинг мақолалари муҳокамаси билан бошламоқда.

16 январ куни “Изветия” газетасида чиққан “Россия жипслашмоқда – олдимизда турган таҳдидлар” мақоласида Владимир Путин Россия жамиятини, ундаги барча сиёсий кучларни мамлакат истиқболи йўлида янада кенгроқ мулоқотга чақирди. Жумладан, у Россиянинг ўзгаришларга муҳтож экани, аммо бу ўзгаришлар инқилоб эмас балки "мантиқий тараққиёт" натижаси бўлиши лозимлиги ҳақида ёзди.

23 январ куни “Независимая газета”да чоп этилган “Владимир Путин. Россия: миллий масала” мақоласида бош вазир ўзининг сайловолди дастурига тегишли мулоҳазаларини давом эттирди.

Унда “рус халқининг йўқ бўлиб кетиши” сабаблари, рус миллати атрофида бошқа элат ва халқлар бирлашишга даъват этилди, миграцияни қаттиқ назоратга олувчи сиёсат жорий қилиниши зарурлиги уқтирилди.

30 январ куни эса “Ведомости” газетасида Владимир Путиннинг “Бизга янги иқтисодиёт керак” сарлавҳаси остида Россиянинг иқтисодий муаммоларига бағишланган мақоласи эълон қилинди. Унда Россиянинг глобал меҳнат тақсимотидаги ўрни, технология жиҳатидан иқтисодиётнинг ортда қолиши сабаблари, инновация масалалари, солиқ сиёсати ва давлатнинг иқтисодиёт бошқарувидаги аҳамияти тўғрисида ҳукумат раҳбари қарашлари акс этди.

Россия Демография, миграция ва минтақавий тараққиёт институти Назорат кенгаши раиси Юрий Крупнов Озодлик билан суҳбатда, айниқса, сўнгги мақоладан кейин Россия Бош вазирининг қарашларидан кўнгли қолганини айтади.

“Бугунги кунда саноат сиёсати, инновациялар ва ҳоказолар тўғрисида айтилаётган қуруқ гаплар давлатимизнинг ҳақиқий эҳтиёжларини акс эттирмаётир, чунки энг долзарб масала – шу сиёсатни ҳаётга татбиқ этишдир”, дейди у.

- Путин 12 йилдан буён ҳокимият тепасида қолмоқда. Унда бу вазифаларни ҳал этиш ва кадрлар масаласига оид оқил қарорларни қабул қилиш учун барча имкониятлар бор эди. Қани ўша қарорлар? Мамлакат тараққиёти учун зарур бўлган лойиҳалар ва мақсадлар қани? Бунинг ўрнига “яхши бўларди гар...” қабилидаги гаплар давом этяпти,- дейди жамиятшунос Юрий Крупнов.

Ўз мақоласида Владимир Путин “иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилаётган энг асосий масала – давлат коррупцияси”га қарши курашни авж олдириш кераклигига ҳам тўхталиб ўтди.

“Соф рақобатда курашга тайёр бизнес учун йўл очилиши зарур,- бу фундаментал, тизимли масала”, деб ёзади Путин.

Шунингдек, Россия Бош вазири давлатнинг иқтисодиёт бошқарувидаги ҳиссасини камайтириш кераклиги, яъни Газпром каби йирик давлат компанияларнинг барча хўжалик соҳаларини ўз назоратига олиш амалиётларини чеклаш вақти келганини ҳам алоҳида урғулади.

Мақола сўнггида Владимир Путин Россиянинг макроиқтисодий стабилликни таъминловчи омиллар қаторида бюджет харажатлари устидан қаттиқ назорат ўрнатилиши, аҳолининг бой қатламига қўшимча солиқ солиниши, ишлаб чиқариш унумдорлиги оширилиши ва кичик бизнес ривожланишини таъминлашни кўришини ёзади.

Сиёсий экспертиза халқаро институти директори Евгений Минченко эса “Ведомости”да чоп этилган мақолада аниқ ишора бор, деб ҳисоблайди.

- Мен бу мақола, биринчи навбатда, ўрта ҳол синфга қаратилган, деб ўйлайман. Бу синфга аниқ сигнал берилди: йигитлар, жуда яхши яшаябсизларку, ҳушёр бўлинг, биз сизларни қулоқлаштирамиз, дейилди. Солиқларнинг оширилиши биринчи навбатда шу синфга оғир тушади. Бошқа томондан Ғарбни тинчлантирувчи бошқа баёнот ҳам қилинмоқда: солиқ сиёсатимиз ўзгармасдан қолади, Бутунжаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш ниятидан қайтганимиз йўқ, дейди Евгений Минченко.

30 январ кунги Путиннинг мақоласи аллақачон унинг мухолифлари томонидан “шунчаки декларация”, деб таърифланди. Россия Компартиясининг парламентдаги вакили Иван Мелников “Иқтисодий” деб аталаётган Путиннинг учинчи мақоласи ақлга сиғмас зиддиятларга тўла ва унинг сайловолди тактикаси эканлигини намойиш қилади”, деди.

4 декабр куни парламент сайловида Путин бошчилигидаги Единая Россия партияси ғалабаси натижалар қалбакилаштирилиши натижаси бўлганида норози муҳолифат катта намойиш ўтказган ва бу ҳаракатларнинг 4 феврал куни ҳам давом эттирилажагини билдирган.
XS
SM
MD
LG