Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:19

БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия масаласини муҳокама қилмоқда


БМТ Хавфсизлик кенгаши Араб Лигасининг Суриядаги вазиятга оид ҳисоботини эшитиш учун йиғилиш ўтказди.


Араб Лигаси Бош котиби Набил ал-Арабий 31 январ кунги йиғилишда БМТ Хавфсизлик кенгашини Суриядаги қон тўкилишини тўхтатиш учун “зудлик билан кескин чоралар кўриш”га чақирди.

Араб Лигасининг Сурия бўйича қўмитаси раҳбари, Қатар Бош вазири Шайх Ҳамад бин Яссим ал-Таний кенгаш аъзоларига Суриядаги вазият ҳақида батафсил гапириб бердилар.

Европа ва араб давлатлари Хавфсизлик кенгашига тақдим қилган резолюция лойиҳасида Сурияда сиёсий ҳокимиятни ўзгартириш ҳақида Араб Лигаси ишлаб чиққан режа қўллаб-қувватланган.

Йиғилишда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Франция ва Британия Ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашдилар.

Хавфсизлик кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилган Ҳиллари Клинтон Сурия бўйича таклиф қилинган резолюция лойиҳаси хусусида келишувга эришилишига умид билдирди.

- Биз президент Ассад ва унинг режимига мужда йўллайдиган резолюция хусусида келишувга эришиш учун келаси бир неча кун давомида Хавфсизлик кенгашида биргаликда саъй ҳаракат қиламиз. Араб Лигаси бу борада етакчилик қилгани ҳаммага маълум. Биз Араб Лигаси позициясини қўллаб-қувватлаймиз. Биз ҳарбий ҳужум уюштириш учун салоҳият берилишига ҳаракат қилмаётганимизни алоҳида таъкидламоқчиман, - деди АҚШ Давлат котиби.

Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқига эга бўлган Россия резолюция лойиҳасига қарши чиқмоқда.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин Россия режим ўзгариши назарда тутилган резолюцияни қўллаб-қувватламаслигини айтди.

Йиғилишдан кейин Чуркин мухбирларга Россия Сурия ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари ўртасида диалог бошлашга ҳаракат қилаётганини айтди.

- Биз ва Араб Лигаси ўртасида умумий бўлган жуда муҳим нарса бор. Биз ҳаммамиз ҳукумат ва мухолиф партиялар ўртасида сиёсий диалог бошлаш керак деган фикрдамиз. Россия бу йўналишда иш олиб боряпти. Биз Араб Лигаси ҳомийлигида аввалдан шарт қўймасдан сиёсий масалаларни муҳокама қилиш учун Сурия ҳукумати ва мухолифатдаги турли гуруҳлар вакилларини Москвага таклиф қиляпмиз, - деди Россиянинг БМТдаги элчиси.

Сурияда президент Башар ал-Ассад режимига қарши 10 ойдан бери давом этаётган норозиликларни бостириш жараёнида, БМТ маълумотига кўра, 5 минг 400дан ортиқ одам ўлдирилган.

Ғарб дипломатлари Сурияга оид янги резолюция лойиҳаси шу ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG