Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:20

Мардикорлар рус тилини билиши шарт?


Россия меҳнат муҳожирларидан рус тилини билишни талаб қилмоқчи.
Россия меҳнат муҳожирларидан рус тилини билишни талаб қилмоқчи.

Россия қонунчилигини бузган меҳнат муҳожирларига нисбатан жазо чоралари кучайтирилади. Россия Федерал Миграция хизмати директори Константин Ромодановский, айниқса ноқонуний миграция ва рус тилини билмаган муҳожирларга қарши кураш кескинлашишини маълум қилди.

Федерал Миграция хизмати директори Константин Ромодановский “Коммерсантъ” газетасига берган интервьюсида Россия жиноий ва маъмурий қонунчилигида миграция соҳасига доир жиддий ўзгаришлар амалга оширилаётганини гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Давлат Думаси биринчи ўқишда уй-жой хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган хориж фуқароларининг рус тилини муайян даражада билишни талаб қилувчи қонун қабул қилган.

“Миграция фойда келтириши керак ва, сўзсиз, Россия фуқаролари манфаатларига хизмат қилиши керак”, дейди Константин Ромодановский.

Унинг айтишича, Россия қонунлари чет-эл фуқароларига берган "муайян ҳуқуқлар" мажбуриятлар билан "мувозанатга келтирилиши" керак. Хусусан, жаноб Ромодановский фикрича Россияда ишга ёлланаётган ҳар қандай хорижлик рус тилини билиши тўғрисида махсус хужжат билан таъминланишини шарт.

"1986 йилдан кейин туғилган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларининг 24,2 фоизи совет мактабларида ўқимаган, рус тилини билмайди. Йилига бу кўрсаткич 2 фоизга ошяпти",- дея рақамларни келтирди Константин Ромодановский.

Миграция раҳбари мигрантларни Россия тарихи ва адабиётидан синовдан ўтказиш тўғрисидаги Россия Бош вазири Владимир Путиннинг таклифи ҳозирда жиддий муҳокама этилаётганини ҳам гапириб ўтди.

Ромодановскийнинг айтишича, Россия қонунчилигига ноқонуний миграцияни кескин чекловчи ўзгартишлар, жумладан жиноий жавобгарликни кучайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳам икки маротаба маъмурий жавобгарликка тортилса, 3 йилдан беш йилгача, айрим ҳолларда суд қарори билан 10 йилгача Россияга киритмасликни кўзда тутувчи ўзгартишлар ҳақида гап бораётганини таъкидлади Константин Ромодановский.

Муҳожирлик ташкилотлари ижроия қўмитаси раиси Лидия Графова Озодлик Радиоси билан суҳбатда миграция қоидаларини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги гап-сўзларни “анекдот”, дея атади.

- Миграция сиёсатимиз шу даражада оқсайдики, интеграция жараёнларига тусқинлик қилмоқда, коррупциянинг авж олишига олиб келмоқда. Бу гапирилаётган гаплар ксенофобия "касалига чалинган" сайловчиларга мўлжалланган, уларга ёқадиган гаплар гапирилмоқда, аммо давлатга бу ўзгаришлар фойда келтирмайди. Инсон ҳақлари бузилаётганини эса гапирмаса ҳам бўлади. Бу таклифлар ахир фантастика-ку! Миграция сиёсатини бошқараётган жаноб Шуваловнинг “Бизга миллионлаб мигрантлар керак”, деган гаплари қаёқда қолди? – дейди Лидия Графова.

Миграция масалалари бўйича мутахассис “она тилини ўрганишга имконияти бўлмаган оддий меҳнат муҳожири рус тили, адабиёти ва тарихини ўрганишга қаердан вақт топиши мумкин”, деган риторик саволни бериб, ФМС бошлиғи айтаётган ўзгаришлар мамлакатда коррупциянинг янада авж олишига туртки бўлишини башорат қилади.

ФМС маълумотларига кўра, Россия Федерациясига кириб келаётганларнинг 80 фоизи – визасиз режимда бўлган МДҲ давлатлари фуқароларидир. Расмий хабарларда Россияда 2,3 миллион одам қонунан, ноқонуний равишда 4 миллиондан зиёд муҳожир меҳнат қилаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG