Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:01

БМТ Аъзам Турғунов ҳимоясига чиқди


Аъзам Турғунов.
Аъзам Турғунов.

БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновнинг зудлик билан озод қилинишини сўради.

БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи (The United Nations Working Group on Arbitrary Detention) ўн йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Аъзам Турғуновнинг қамалиши ноқонуний бўлганини айтиб, ҳуқуқ фаолининг озод қилинишини сўради.

БМТнинг айни ишчи гуруҳи АҚШдаги Freedom Now ташкилоти илтимосига кўра, Аъзам Турғунов ишини ўрганиб чиқиб, уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зид бўлган деб топди.

Мазкур ишчи гуруҳ Аъзам Турғуновнинг товламачиликда айбланиб қамалишини асоссиз деб топиб, уни уюштирилган деб ҳисоблайди.

Гуруҳ таҳлилчилари фикрича, ушбу жиноий иш Турғуновнинг ҳуқуқ фаоли сифатидаги ва сиёсий фаолиятини тугатишга қаратилган.

Шунингдек, ушбу гуруҳ таъкидича, Турғуновга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинган ва ҳукумат бу борада жиддий текширув ўтказа олмаган.

БМТ экспертлари Ўзбекистон ҳукуматини "Турғуновни озод этиш ва унга товон тўлашга" чақириради.

Freedom Now ва Front Line Defenders ташкилотлари БМТнинг ноҳақ ҳибслар бўйича ишчи гуруҳининг Аъзам Турғунов борасидаги хулосаси ва талабларига қўшилишларини маълум қилди.

Аъзам Турғунов 2008 йилнинг 11 июл куни нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

23 октябр куни Амударё туман суди Аъзам Турғуновга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси белгилаш бўйича ҳукм чиқарди.

11 декабрда Қорақалпоғистон Олий суди ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновга нисбатан белгиланган дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Ўша пайтда бир қатор ҳалқаро ташкилотлар Аъзам Турғуновнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан хавотир билдирган эди.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти тергов давомида ҳуқуқ фаолига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан жиддий ташвиш билдирганди.

Франциядаги Қийноқларга қарши курашувчи халқаро ташкилот ҳамда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Аъзам Турғуновнинг узоқ муддатга қамалишини қоралаган эди.
XS
SM
MD
LG