Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:37

Ўзбек қизларини сотмоқчи бўлган қизфуруш ушланди


Россиялик полициячиларга кўра, ўзбекистонлик қизлар ўзларининг "тирик товар" ўлароқ пулланаётганини билмаганлар.
Россиялик полициячиларга кўра, ўзбекистонлик қизлар ўзларининг "тирик товар" ўлароқ пулланаётганини билмаганлар.

Москванинг Жануби-Ғарбий округида икки нафар ўзбекистонлик аёлни фоҳиша сифатида пулламоқчи бўлган шахс ҳибсга олинди.

Пайшанба куни кечки пайт Москванинг Зюзино туманига қарашли Катта Юшуньская кўчасидаги меҳмонхоналардан бирида Москва Жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан 46 ёшли липецклик шахс ҳибсга олинди.

Жануби-Ғарбий округ Ички ишлар бошқармаси расмийси Галина Михайловага кўра, “харидор сифатида олди-бердига чиққан полициячиларга бу шахс икки нафар ўзбекистонлик фуқарони сотмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган".

- 24 ёшли икки нафар ўзбекистонликни жиноятчилар бир жойда эрталабгача иш борлигига ишонтирган, қизлар ҳатто 50 минг рублга пулланаётганларини билмаган. Липецклик дейилаётган 46 ёшли шахс асли Тожикистон фуқароси эканлиги аниқланди. Дастлаб полициячиларимизга одам сотишни таклиф қилаётган бу шахс ҳақида оператив маълумот етиб келди. Ходимларимиз у билан алоқага чиқиб, учрашув жойини белгилаб олишди. Учрашув чоғида у қизларни аниқ фоҳишаликка сотаётганини маълум қилди, - дейди Галина Михайлова.

Ички ишлар бошқармаси ходимасининг сўзларига кўра, жиноятда айбланаётган шахс билан бўлган мулоқот махсус аудио ва видео тасвирга тушириб борилган. “Товар” сифатида тақдим этилган икки нафар ўзбек қизини кўздан кечирган оператив ходимлар олди-сотти шартларига “кўнган” ва сотувчига пулни узатган.

Кейинчалик терговчилар исми Малик Турсунов экани айтилаётган бу шахснинг катта жиноий гуруҳ таркибида жиноий фаолият билан шуғулланганини аниқлаганлар.

“Сотувчи пулни полициячилардан олиб, яқинда яна бошқа “товар” келаётганини гапирган”, дея давом этади Галина Михайлова.

- У полиция ходимларига: “Ҳа, икки-уч кундан кейин Тожикистондан аёл-эркаклардан иборат “янги партия” келади”, деди. У бу одамлар учун биров хавотир олмаслигини ҳам қўшиб қўйди. Шундан кейингина оператив ходимлар унинг қўлига кишан солишди. Ҳозирда тожикистонликка нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва у тергов изоляторига жойлаштирилди, - дейди Москва шаҳар Жануби-Ғарбий округи ИИБси матбуот маркази инспектори Галина Михайлова.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, мазкур иш юзасидан шаҳар Бош тергов бошқармасининг терговчилари томонидан 2012 йил 10 февралида Россия Жиноят Кодексининг 127-моддаси 2-қисми “а” банди (одам савдоси) бўйича Малик Турсуновга қарши жиноий иш қўзғатилган.

Бу жиноятга алоқадорлиги суд томонидан исботланса, асли тожикистонлик, эндиликда эса Россия фуқароси бўлган Малик Турсунов 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Полиция бу шахснинг одам савдоси билан боғлиқ бошқа жиноятларга алоқадорлигини текширмоқда.
XS
SM
MD
LG