Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:29

Петербургда Ўзбекистонга бериб юборилаётган маҳбус ўз жонига қасд қилди


Санкт-Петербургдаги 4-сонли Тергов изоляторида Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи остида бўлган Ўзбекистон фуқароси ўз жонига қасд қилди.

20 феврал куни кечки соат 10 лар атрофида 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси Темур Боймеровнинг капюшон боғига осилган жасади у сақланаётган тергов изолятори камерасида аниқланган.

Олинган маълумотларга кўра, ўз жонига қасд қилган бу йигит Ўзбекистонда “ўғирлик” ва “талон-тарож”да айбланиб халқаро қидирувга берилган, деди Озодликка уни ҳибсга олган ва ўзини Дмитрий деб таништирган Санкт-Петербургнинг Адмиралтейство тумани 2-полиция бўлими ходими.

- У 16 феврал куни ҳибсга олинган, 17 феврал куни эса тергов изоляторига жўнатилган эди, хато қилмасам, чунки халқаро қидирувда экан, деди Адмиралтейство тумани полиция ходими Дмитрий.

Бироқ расмий маълумотларда Темур 20 феврал куни ҳибсга олингани ва ўша куниёқ соат 14 ларда академик Лебедев кўчаси 39-уйда жойлашган 4-сонли Тергов изоляторига юборилгани айтилмоқда.

Темур Боймеровнинг Ўзбекистоннинг қайси вилоятида экани аниқ айтилмаётир. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳодиса юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Дастлабки маълумотларга кўра, 1991 йилда туғилган Темур Боймеров Ўзбекистон сўровига кўра Россиядан экстрадиция қилиниши маълум бўлганидан кейин ўзини ўлдиришга аҳд қилган. Унинг камерасида ўз жонига қасд қилиш сабабларини тушунтирувчи бирор ёзув ёки хат топилмаган.

Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонлик Темур Боймеровнинг жасади Санкт-Петербург ўликхонасига экспертизага юборилди.

Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН)ида ва Санкт-Петербург ва лениград вилояти бўйича ФСИН бошқармасида Озодлик Радиосига мазкур ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ берилмаётганини маълум қилишди.

Бундан бир неча кун олдин Озодлик Москвадаги изоляторлардан бирида ўз юртига бериб юборилаётганидан хабар топган ўзбекистонлик Исмоил Долимов ўз жонига қасд қилгани, лекин тирик қолгани ҳақида хабар қилган эди.

Қочқинлик мақомига ариза топширган Исмоил Долимовнинг қаерда эканлигини аниқлай олмаётган унинг адвокатлари Долимов аллақачон Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига бериб юборилганини тахмин қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG