Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:53

Ғафур Раҳимов АҚШ санкциясига тортилди


Ғафур Раҳимов
Ғафур Раҳимов

АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига Ўзбекистондаги криминал авторитет Ғафур Раҳимов ҳам киритилди.


23 феврал куни АҚШ Молия вазирлиги асосан постсовет ҳудуди ва Японияда фаол бўлган икки йирик халқаро жиноий тўдага қарши жиддий амалий ҳужумга ўтди - бу тўдаларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатди ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлигини тақиқлади.

Бу рўйхатда Ўзбекистон фуқароси, Осиë Бокс федерацияси президенти¸ Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистондаги йирик бизнес тизимлари эгаси Ғафур Раҳимов ҳам бор.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ дейилади АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида эълон қилган ҳужжат матнида.

Ҳужжатда “Биродарлик халқаси” деб аталган мазкур гуруҳ аъзоларининг Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фаолият юритиб келаëтгани айтилади.

Бу гуруҳнинг санкцияга тортилган етти аъзоси орасида Ғафур Раҳимовдан ташқари яна бир Ўзбекистон фуқароси - Лазар Шайбазян ҳам бор. АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича¸ Шайбазян "Биродарлик халқаси" етакчиларидан бири Владислав Леонтевнинг яқин одами сифатида унинг номидан иш кўриб келмоқда.

АҚШ санкциясига тортилган аксар жиноий тўда раҳбарлари¸ хусусан Ғафур Раҳимов ҳам ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшайди.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида санкциялар жорий қилинган шахсларнинг исм-шарфлари, қайси давлат фуқароси экани, яшаш манзиллари, паспорт рақамлари ва бошқа маълумотлар ҳам келтирилган.

Санкция жорий қилинган “Биродарлик халқаси” аъзоларининг аксари бир неча давлат фуқаролари бўлгани ҳолда¸ (Василий Христофоров (Россия), Қамчибек Колбаев (Қирғизистон), Владислав Леонтев (БАА, Греция, Гана, Венесуэла), Александр Мануйлов (Россия), Ғафур Раҳимов (Ўзбекистон), Лазар Шайбазян (Ўзбекистон), Алексей Зайцев (БАА, Гана, Россия) ҳужжатда Ғафур Раҳимовнинг икки ҳар хил ном билан олинган иккита Ўзбекистон паспортига эга экани қайд этилган.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида мазкур шахсларга қарши санкция жорий қилишдан мақсад АҚШ молия тизимини ҳимоялаш, АҚШ молиявий ташкилотларини ўзи билмаган ҳолда мазкур гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига аралашиб қолишдан ҳимоялаш экани билдирилган.

Айни пайтда, жазо чоралари тилга олинган шахсларнинг АҚШ иқтисодиётига кириб келишининг олдини олишни ҳам кўзда тутади.

АҚШ вазирлиги қора рўйхатга қўшган “Биродарлар халқаси”даги аксар криминал авторитетлардан фарқли Ғафур Раҳимовга қарши у фуқароси бўлган Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан бирор расмий ëки норасмий айблов қўйилгани ҳақида маълумот йўқ.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келаëтгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти¸ хусусан боксини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб¸ шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга соҳиб этилган.

Айни пайтда бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги халқаро Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов ўшандан бери Ғафур Раҳимов фаолиятини махсус ўрганиб келмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги қарорига муносабат билдирган Марат Зоҳидов¸ уни “уйдирма ва бемаъни гапдан бошқа нарса эмас”¸ дея баҳолади:

- Улар ëзишаверади. Улар қанақадир сохта ҳужжатларни, ФБР борку, сохта ҳужжат тайëрлаб шунинг асосида бунақа уйдирмани тарқатаяпти. Францияга бориб ўша ердан текшириб кел, ҳаммасини биз ўрганиб чиқдик. Ғафур Раҳимов Марказий Осиëда ҳеч қайси ишларга аралашмаган. Ҳеч қанақа ҳужжатлар бу ердан чиқани йўқ.

Биласизми Интерпол деган нарса бор. Агар унда бир нарса бўлганда, давно топишарди. Ғафур бир неча марта уйимга келиб, ҳамма ҳужжатларини кўрсатган. Агар у шу билан шуғулланган бўлса, шу ишни қилмас эди. Францияга бордим. Ҳеч қанақа ҳужжатлар йўқ эди. Ўша ерда Институт наркоторговля бор. Бутун дунë наркоторговляни ўрганишади. Икки марта ўша ерга бордим. Ҳеч нарса йўқ эди. Ҳаммаси туфта гаплар¸ дейди Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов.

Ғафур Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги томонидан халқаро наркосиндикатлардаги муҳим шахс сифатида қора рўйхатга киритилиши юриспруденция нуқтаи назаридан унинг жинояти исботланганини англатмайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда нуфузли Лондон Иқтисодиëт университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича профессори Луиз Ариматсу.

-У ëки бу шахснинг АҚШ банкларидаги активлари музлатилар экан¸ бу маъмурий ҳуқуққа оид ва бу ишни жиноий ишдан мутлақ фарқлаш лозим. Кимнидир террор тармоғига алоқадор ëки уюшган жиноий тўдага аъзо¸ дейиш бу баëнот¸ хусусан сиëсий баëнот. Агар АҚШда Ғафур Раҳимов ëки санкция қўлланилган бошқа шахсларнинг глобал миқëсда наркотиклар контрабандасига алоқадор эканини исботловчи жиддий далиллар бўлса¸ улар жиноий таъқибни ҳам бошлаши мумкин. Аммо бу бутунлай бошқа жараëн ва ҳозирги босқичда санкция киритилган шахслар айбсизлик презумпциясига кўра¸ гуноҳсиз ҳисобланади¸ дейди ғарблик ҳуқуқшунос.

Норасмий манбалар¸ президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимовнинг ҳукумат¸ хусусан Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлгани ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганини айтишади.

Аммо Ғафур Раҳимовни яқиндан билган Марат Зоҳидов¸ бунинг сабаби бошқа жойда¸ дейди.

- Ғафур Раҳимовнинг БААга кетиши сабаби наркотиклар эмас. Наркотиклар бўлганда шу ерда дабдаласини чиқаришарди. У энди катта бизнес билан шуғулланган. Президент Каримов айтганлар¸ бизда олигархлар бўлмайди¸ деб. Ғафур олигарх. Бу бизнес масаласи. Балки шуни назарда тутиб кетгандир. Лекин қорадорига ҳеч қанақа алоқаси йўқ эди бу ëқда¸ дейди Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидов.

Марат Зоҳидов Сиднейдаги можародан 12 йил ўтиб¸ Ғафур Раҳимовни яна халқаро наркобарон сифатида тақдим этишнинг кимга ва нима мақсадда керак бўлганини¸ йирик бизнес оламидаги ички рақобат билан изоҳлайди.

Айни пайтда Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган таҳлилчилар¸ бу воқеада Россия махсус хизматлари қўли борлигини тахмин қиладилар.

23 феврал куни Озодлик АҚШ Молия вазирлиги қарори муносабати билан Ғафур Раҳимов расмий сайтида қўйилган Ўзбекистон ва Осиë бокс федерациялари идоралари¸ шунингдек Осиë Олимпия кенгаши бош қароргоҳи билан боғланишга уринди. Аммо келтирилган рақамлардан бирортаси билан боғланишнинг имкони бўлмади.

АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовни халқаро жиноий тўда раҳбари сифатида расман ўз қора рўйхатига киритган айни кунда ҳам Ғафур Раҳимов маркази Олмаотада жойлашган Осиë бокс федерацияси президенти¸ Осиë Олимпия кенгаши аъзоси сифатида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG