Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:11

Краснодарда муҳожирлар алданди


Краснодардаги пластик заводларидан бирида 130га яқин меҳнат муҳожири қулликда ушлаб турилибди. Озодликка бу маълумотни етказганларнинг айтишича, 40 нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири мунтазам равишда калтакланмоқда.


Краснодар ўлкаси марказидаги Уралская кўчаси 138 уйда жойлашган пластик заводида ярим йилдан буён 130 нафар ишчи қул сифатида ишлатилаётгани айтилмоқда.

Самарқанд вилояти Ургут туманидан бўлган Бегали Ғаффоровбундай вазиятга чидашнинг иложи йўқлигини айтади.

- Ака, бизларни бир киши олиб келган эди Краснодар шаҳрига. Ойига 300 доллардан ваъда қилган. Ана энди у айтган нарса йўқ. 7-8 ой бўлган бўлса келганимизга 700-800 доллар жўнатдим... 2-3 ойлардан бери мазам йўқ, Кечаю-кундуз лечение олаяпман, кетаман десам, "25-30 минг рубл штраф тўлайсан", деяпти. Миграционнийга тўлагани учун бизга бир йил ишламай кетганга шунақа штраф экан. У бола жавобгарлигини кўтара олмайди. “Эртага бориб ёзиш-позиш қилиб юрмайлик”, десак, “Каримовингдан ҳам қўрқмайман!”, деган гапларни қилди. Бош кўтариб чиқсак, базанинг армани бошлиғи олдига киргизиб, 2-3 бош кўтарганларни хонасига олиб кириб ураяпти. Ҳеч ким бош кўтара олмаяпти-да, 130 одам ҳаммаси қўрқади! - дейди Бегали.

Бегали Ғаффоровнинг сўзларига кўра, уларни ишга олиб келган шахслар ургутлик ака-укалар Зафархон ва Зарифхонлардир.

Озодлик ҳозирда акасининг ўрнига “қора бригадир” вазифасини бажараётган Зарифхон билан телефон орқали боғланди.

- Қанақа хабар бу? Кимнинг ойлигини ким бермаяпти? Қаердан телефон қиляпсиз? Журналист бўлсангиз мени гапимни эшитинг. Мени номеримни ким берди сизга? Москвадан Краснодарга неча километр йўл? Келиб ишни тамошо қилинг, кимни ким пулини олган бўлса ўша билан савол-жавоб қилинг,- дея гўшакни қўйиб қўйди жаҳли чиққан Зарифхон.

Заводда ишлаб ўз ҳақини тўлиқ ололмаётган ва исми сир қолишини сўраган мардикорлардан яна бири корхонада ишчилар сони ҳаддан зиёд кўплиги боис иш ҳаммага ҳам етишмаслигини гапиради.

“Шунга қарамасдан бизларни ушлаб ётишибди, жавоб беришмаяпти”, дея давом этади бу йигит.

- Бизлар подоконник заводида линияда сменада ишлаймиз. Панел, подоконник ишлаб чиқарамиз. Улар бизга “26 минг сўм нақд берасан, кейин тўғри уйинга кетасан”, деяпти. Иши оғир, ойлик йўқ-да.

Озодлик: Қанчадан бери ишлаяпсиз? Қанча ишладингиз?

- 7 ой бўляпти келганимга. 7 ойга 600 доллар ишладим-да... Шундаям энг оғир ишида ишлаб, грижам оғриб, кейин чиқиб кетдим. Ундан кейин бир тийин пул ҳам тушгани йўқ қўлимга, қарзга ётибман ҳозир. Бир маротаба кўтарилиб ҳам чиқдик. 15 киши эдик. Уларни уриб-уриб ўтказиб қўйди жойига, - дейди ўз исмини айтмаган самарқандлик мардикор йигитлардан бири.

Краснодар полицияси ва миграция хизмати ходимлари эса ўлкада меҳнат қилаётган муҳожирларни овлашни давом этаётгани хабар қилинмоқда. Краснодарда полиция ходимлари 170 нафар меҳнат муҳожирини ҳибсга олгани ҳақида хабар келди.

Краснодар Экстремизмга қарши кураш маркази ходимлари томонидан 22 феврал куни шаҳарнинг Дзержинский ва Стахановский кўчаларида бўлаётган қурилишларда барча меҳнат муҳожирларини текширувдан ўтказилган.

Оператив маълумотларга кўра, ушланганлар орасида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланган Ўзбекистон, Арманистон, Украина ва Қирғизистон фуқаролари аниқланган.

Текширув давомида полиция бўлимига келтирилган 170 кишидан 13тасида ҳужжатларнинг жойида эмаслиги, икки нафари эса Россияда ноқонуний яшаб келаётгани маълум бўлди.

“Қонун бузган фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан протокол тузилган”, дейилади Россия Ички ишлар вазирлигининг Краснодар ўлкаси бўйича бошқармаси расмий маълумотномасида.

Озодлик Краснодар пластик заводида таҳқирлангани ва маоши берилмаётганини айтаётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик 130 нафар меҳнат муҳожири билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG