Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:56

Ўзбек боксчиси АҚШда ғалабага эришди


Боксчи Баходир Мамажонов тренери Кен Ричардсон билан.
Боксчи Баходир Мамажонов тренери Кен Ричардсон билан.

Фарғоналик боксчи Баҳодир Мамажонов жорий йил охиригача енгил вазндаги профессионал боксчилар йигирмалигига кирмоқчи.

Спорт соҳасига ихтисослашган championat.com сайтининг хабар беришича, ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Мамажонов WBC USNBC титулига расмий номзод бўлди.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 1 март куни АҚШнинг Огайо штатидаги Коламбус шаҳрида профессионал бокс кечаси ўтказилган. Мазкур тадбир доирасида WBC USNBC титулини қўлга киритишга расмий номзодлик учун бокс мусобақаси ўтказилган.

Фарғоналик боксчи Баҳодир Мамажонов жаҳон чемпиони мақомига собиқ номзод, америкалик Майкл Кларк билан рингга чиққан. Икки боксчи ўртасидаги жанг 10 раунд давом этган. Шундан сўнг уч ҳакамдан икки нафари Баҳодир Мамажонов Майкл Кларкни 76-75 ва 77-75 ҳисобида енгганини эълон қилган. Учинчи ҳакам эса 76-75 ҳисоби билан Майкл Кларк ғолиб келганини билдирган.

Ҳакамларнинг кўпчилиги ўзбек боксчисига овоз бергани ҳисобга олиниб, Баҳодир Мамажонов ғолиб деб эълон қилинган. Шундай қилиб Баҳодир Мамажонов WBC USNBC титули учун расмий номзод сифатида тан олинди.

Баҳодир Мамажонов профессионал боксда 9 та жанг ўтказган ва бирортасида ҳам ютқазмаган. Макл Кларк эса анча тажрибали боксчи бўлиб, у 46 марта рингга тушган ва фақат 6 мартагина ютқазган.

Баҳодир Мамажонов профессионал боксдаги 8-жангини ҳам АҚШда ўтказган. 28 январ куни у Техас штатидаги Ҳюстон шаҳрида Робер Ҳилл билан рингга тушган ва уни 6 раундда енгган эди.

Баҳодир Мамажонов жорий йил охиригача ёнгил вазнидаги профессионал боксчилар йигирмалигига кириш ниятини билдирган. Ўзбекистонлик боксчи келажакда жаҳон чемпиони бўлиш мақсадини кўзлайди.

Баҳодир Мамажонов профессионал боксга 2011 йилнинг май ойида қўшилган. Бунга қадар у бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган. У бир қатор халқаро ва минтақавий чемпионатлар ғолиби ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG