Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:19

ЎИҲ аъзоси дея гумон қилинган ўзбекистонлик Москвада ҳибсга олинди


Москвада террорчилик ва қотилликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари бу одамни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айблаб халқаро қидирувга бергани айтилмоқда.

Москвада халқаро қидирувда бўлган 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сирожиддин Маткаримов қўлга олинди. Бу ҳақда Озодлик Радиосига маълумот берган Ички ишлар вазирлигининг Марказий федерал округ бўйича Бош бошқармаси расмийси Николай Коргановга кўра, бу шахс Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирилаётган бўлган.

- Хорижлик ҳамкасбларимиз маълумотига биноан, Сирожиддин халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси, аниқроғи Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг радикал ғоялари тарафдори бўлган. 2007 йилнинг 16 октябрида ўз юртида ўзининг ғоявий ақидаларига биноан хотинини бўғизлаб ташлаган ва жиноят жойидан ғойиб бўлган. Бу қотиллик юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97 моддаси 1 қисмига биноан жиноий иш қўзғатилиб, Сирожиддин Маткаримов халқаро қидирувга эълон қилинган, дейди Николай Корганов.

Полиция ходимига кўра, оператив-қидирув амалиётлари натижасида Маткаримов Москва шаҳрида таксичилик қилиб юргани аниқланган.

“Ҳибсга олинганида у Марказий федерал округ полиция ходимларига мутлақо бошқа одам номига берилган ҳужжатларни кўрсатган”, дея давом этади Николай Корганов.

- У ўз юртдоши Акбаров Жаҳонгир номига берилган ҳужжатлардан фойдаланиб юргани аниқланди. У терговчиларга таксичилик қилиб кун кўрганини айтган. Бироқ, тергов давомида у шунингдек Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирларини Москвада жойлаштириш билан шуғуллангани маълум бўлди. Уларнинг Россияда легаллашиши учун қалбаки ҳужжатларни бериб юрган, уларни уй-жой билан таъминлаб келган, дейди Ички ишлар вазирлигининг Марказий федерал округ бўйича Бош бошқармаси матбуот департаменти раҳбари Николай Корганов.

Ҳибсга олинганидан кейин, 34 ёшли бу йигитнинг шахси дактилоскопия экспертизаси хулосасига кўра аниқланган.

Ҳозирда Сирожиддин Маткаримов Москвадаги тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда.

Москва Бош прокуратураси бу шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун зарурий тафтиш ишларини олиб бораётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG