Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Алишер Усмоновни Facebook бойитди


Алишер Усмонов.
Алишер Усмонов.

АҚШдаги Bloomberg агентлиги эълон қилган дунённг 20 энг бадавлат кишилари рўйхатида Алишер Усмоновнинг исми йўқ. Лекин Bloomberg асли ўзбекистонлик миллиардерни Россиянинг энг бадавлат кишиси, деб топди.

Bloomberg таҳлилчиларининг ҳисоб китобига кўра, "Металлоинвест" ширкати асосчиси, асли ўзбекистонлик миллиардер олигарх Алишера Усмоновнинг умумий бойлиги 20,1 миллиард АҚШ долларига тенг.

Мутахассислар Алишер Усмоновнинг Facebook акцияларининг 5,5 фоизини сотиб олгани Россияда бойлар қаторида биринчи ўринга эришганинига ҳисса қўшганини айтишмоқда. Баҳоси 4 миллиард доллар бўлган бу акциялар пакети кейинги йил ичида 9 баробарга қимматлагани эълон қилинди.

Ўзбекистонлик миллиардер россиялик яна бир ҳамкори Юрий Милнер билан бирга Facebook. Inc ширкатининг 10 фоиз ҳиссаларини сотиб олган.

Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Усмоновга Digital Sky Technologies (DST) ширкатининг 80 фоизи ҳам тегишлидир.

Бундан ташқари, Усмонов Россиянинг Mail.ru Интернет ширкатида 26,9 фоизлик акциялар эгаси ҳамдир.

У, шунингдек, “Коммерсант” нашриёт уйи бош акционеридир. 2007 йилда Муз-ТВ канали акцияларининг 75 фоизи Усмонов назоратига ўтган.

Усмонов Газпром ширкати шўъба корхонаси Газпроминвестхолдинг компанияси бошқарув кенгаши раиси ҳамдир.

Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз ҳиссалари ҳам Алишер Усмоновга тегишлидир.

Алишер Усмонов Россияда энг йирик ҳомийлардан бири саналади. Унинг бошчилигида “Санъат, фан ва спорт” ҳомийлик жамғармаси ташкил этилган.

2008 йилдан буён у Халқаро қиличбозлик федерацияси президентидир.

57 ёшли Алишер Усмонов Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган. 1976 йилда Москва халқаро муносабатлар давлат институтини битирган.

Алишер Усмонов кимга хизмат қилади?

Россиялик таниқли сиёсатшунос Владимир Прибыловский Bloomberg томонидан Алишер Усмоновнинг Россиянинг энг бой одами деб эътироф этилишини шубҳа остига олади. “Аслида Путин бошли амалдорларимиз Усмоновдан анча бой бўлиши турган гап” - дейди у.

Прибыловский “Алишер Усмонов Кремл хизматида юрган россиялик бир бизнесмен холос. Шу маънода уни олигарх деб айтмаган бўлардим”, дейди.

Прибыловскийнинг фикрича, Усмонов Кремлнинг Россиядаги энг нуфузли Коммерсант ёки mail.ru каби оммавий ахборот воситаларини муайян “рамка”ларда назорат қилиш топшириғини бажариб келади.

- Усмонов бу ишларни мажбурликдан қилади. Кремлнинг бундай топшириқларини бажариш бизнесни сақлаб қолиш кафолатидир. Усмонов айни пайтда Кремл учун “кассир” вазифасини ўтайди. У ҳукуматнинг у ёки бу ишларни қилиш эвазига бойликка эга бўлиш ҳуқуқини сақлаб келмоқда. У Путин топшириқларини бажаришни тўхтатган куни Россиядаги барча мулкидан ажралиб қолади”, – дейди Прибыловский.

Сиёсатшунос фикрича, Россия ҳукумати Усмоновга ўхшаган ҳар қандай бизнесмен қиёфасида бир пул қопини кўради.

Прибыловскийга кўра, ҳозирча Алишер Усмонов Кремл топшириқларини бажариб мухолифатнинг жиддий эътирозларини келтириб чиқармаган.

“Россияда декабр ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан Путин ҳақорат қилинган сайлов бюллетенини нашр этишга қарор берган Коммерсант бош муҳарририни ишдан бўшатиш Усмонов учун мажбурий қадам бўлган”, дейди таҳлилчи.

Прибыловскийга кўра, Россияда этник ксенофобия авж олган бир шароитда ҳам Алишер Усмоновнинг ўзбек миллатига мансублиги унга ҳеч қачон муаммо туғдирмаган.

- Россияда бой одамлар ҳар доим алоҳида миллат саналиб келган. Россияда бой одамлар ҳар қандай ўзбекдан ва русдан устун саналади. Бир миллион доллардан кўпроқ пулинг бўлса, уч карра ўзбек ёки тўрт карра яҳудий бўлсанг ҳам сенга ҳеч ким ғинг демайди, дейди Прибыловский.

Bloomberg эълон қилган Миллиардерлар рўйхатида мексикалик Карлос Слим дунёдаги энг бадавлат одам мақомини сақлаб қолган. Bloomberg Карлос Слимга тегишли мулкни 68,4 миллиард доллар деб бахолади.

Microsoft ширкати асосчиларидан бири америкалик тадбиркор Билл Гейтс миллиардерлар рўйхатда иккинчи ўринни эгаллаган. Bloomberg маълумотларига кўра, ҳозирда Гейтсга тегишли бойлик 62,1 миллиард долларни ташкил этади.
XS
SM
MD
LG