Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:32

Иссиқхона сабзавотлари нархи осмонга ўрлади


Иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотларнинг Тошкент бозорларидаги нархлари ўтган йилнинг шу давридаги нархларга қараганда камида уч бараварга ортиб кетди. Нарх динамикасидаги бу кескин ўзгариш қиш мавсумида иссиқхоналарга газ берилмагани билан изоҳланмоқда.

Ёши 58 га чиққан, 290 минг сўмлик пенсия оладиган тошкентлик пенсионер аёл Ольга опа бозор-ўчарини одатда Қўйлиқ бозорида қилади.

У бозорда сўнгги бор 23 март куни бўлди.

Ольга опа асосий сабзавотлар нархларини айтиб берди. Биз аввало помидор ва бодринг нархига қизиқдик.

- Помидорнинг бир килоси 8-10 минг сўм, бодрингнинг 2500 сўмлиги ҳам, 4000 сўмлиги ҳам бор, деди Ольга опа.

Худди шундай маълумотни яна бир тошкентликдан эшитдик. Ўзи бозорга бормайдиган суҳбатдошимиз бозорга қатнайдиган оиласи аъзоларидан сўраб бундай деди.

- Бодринг 4000 сўм экан, помидорнинг килоси 11 минг сўм экан.

Озодлик: Қайси бозорда бу?

- Қўйлиқ бозорида шунақа экан, дейди тошкентлик суҳбатдош.

Шуни айтиш керакки, Қўйлиқ бозори Тошкентнинг улгуржи савдо бозори ҳисобланиб, бу ердаги чакана нархлар ҳам бошқа бозорлардагидан пастроқ юради.

Ольга опанинг айтишича, помидор билан бодринг ўтган йилнинг шу даврида 3-4 баробарга арзон бўлган.

- Ўтган йилнинг мартида помидорнинг бир килоси 2000-2500 сўм бўлган, деди Ольга опа.

Биз тошкентлик аёлнинг айтганларини текширишга уриниб кўрдик. Марказий Осиё мамлакатлари бозорларидаги нарх-навони кузатиш билан шуғулланадиган бир ташкилотнинг Интернетда эълон қилган маълумотларига кўра, 2011 йилнинг 6 декабрида Тошкент бозорларида бир кило помидорнинг ўртача чакана нархи 2350 сўмни ташкил қилган.

Мутахассиларга кўра, қиш мавсумида Тошкент бозорларида сотиладиган помидор ва бодрингнинг каттагина қисми Янгийўл туманидаги иссиқхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Қишда газни тежаш мақсадида тумандаги кўплаб ишлаб чиқариш объектлари, жумладан иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўхтатиб қўйилди.

Шу туманда яшовчи Парпи аканинг айтишича, иссиқхоналарга газ ҳанузгача берилгани йўқ.

Лекин, Парпи аканинг айтишича, иссиқхоналар иши қишда тақа-тақ тўхтаб қолгани йўқ.

- Теплицалар газ ўрнига катта лампочка қўйиб ўғирликча токка улаб олаяпти. Газ йўқку. Газни катта штраф қиладию. Лекин ток билан маҳсулот етиштирилди Янгийўлдаги иссиқхоналарда бу йил, дейди янгийўллик Парпи ака.

Баҳор илик узилди даври. Буни куни кеча мамлакат раҳбари ҳам эсга олиб ўтди:

- Мана қишдан эсон-омон чиқиб олаяпмиз. Насиб этса ҳадемай Наврўз байрамини ҳам биргаликда ўтказамиз. Мана шундай вақтда, содда қилиб айтганда, илик узилди пайти одам организмини витаминга бой маҳсулотга эҳтиëж сезиши табиий ҳол. Яъни апрел ойи, май ойи қандайдир айни шундай эҳтиëж сезадиган ой бўлади, деган эди Каримов.

Халқ илиги “узилиб қолиши”нинг олдини олишда иссиқхоналарнинг роли ҳам сезиларли эди. Уларга эса, ҳанузгача газ берилгани йўқ.

Газ вилоятнинг бошқа туманларидаги иссиқхоналарга ҳам берилгани йўқ. Улардан бирининг қоровулидан мана бу гапни эшитдик.

- Энди экишни бошлашмоқчи, менимча. Лекин ҳалигача газ берилмади. Қачон берилишини эса¸ хўжайинлар билади, дейди иссиқхоналардан бирининг қоровули.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG