Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Гапнинг индаллоси


Чучвара ейишдан мақсад - гўшт ейиш. “Ахборот” кўришдан мақсад – ахборот олиш, янгиликларни билиш.

ЎзТВнинг “Ахборот”ини кўрар экансиз, ҳар доим ҳам гап қандай конкрет ЯНГИЛИК устида кетаётганини илғаб қолиш қийин.

ЯНГИЛИКки, менинг – оддий томошабиннинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қиладиган, ёки мен бир фуқаро сифатида билиб қўйишим лозим бўлган, ёхуд менинг оддий инсоний қизиқишимни қондира оладиган ЯНГИЛИК.

“Ахборот”нинг 28 март кунги сони биринчи сюжетини тақдим этар экан, дастур бошловчиси “Электр энергияси соҳасида ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш асосида ҳисоб-китоб тўлов ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш истиқболлари. Мазкур масала Адолат социал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекэнерго давлат акционерлик компанияси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда кўриб чиқилди” деди.

“Телевизор” эшиттиришини қилмайдиган оддий томошабин бўлсам, бу гапни эшитиб пешонам тиришган, яна мажлис-а, деб бошқа каналга ўтиб кетган бўлардим.

Лекин мен “Ахборот”дан янгилик илғаб, илғаганимни сизгаям айтиб беришни ўз зиммамга олиб қўйдимки, кўришга мажбурман.

Эшитсам, ичида яхшигина янгилик бор экан.

Лекин ўша янгиликка етиб боргунча ҳали яна анча муддат ўтади. Мухбир сюжетни мана бу узундан-узоқ гап билан бошлайди.

“Энергоресурсларга бўлган эҳтиëж тобора ортиб бораëтган бир пайтда ундан оқилона, тежамли фойдаланиш, ишлатилган электр қуввати учун ҳисоб-китоб тизимини янада такомиллаштириш зарурлигини ҳаëтнинг ўзи тақозо этаяпти”.

Мухбир гапнинг индаллосига – ЯНГИЛИКка етгунича роппа-роса бир дақиқа ўтди. Информацион сюжет учун жуда узун бўлган бу бир дақиқа ичида мухбир масала тарихини айтиш билан банд бўлди.

Ва ниҳоят “индалло”га етилди.

“Янги тизим бўйича истеъмолчи интернет орқали Ўзбекэнерго давлат акционерлик компанияси сайтига тушади. У ерда ўзи учун махсус кабинет очади ҳамда ҳисоб рақамини қайд этади.

Ҳар қандай истеъмолчи ëки банк орқали ëки интернет тармоғи орқали ëки мобил телефон орқали ўзининг ҳисоб рақамини кўриши мумкин. Ўша ҳисоб рақамини кўриб ўша қулайликлардан фойдаланиб истеъмол қилган энергияси учун пул тўлаши мумкин”.

Бу янгиликдан Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи фойдаланиш имконига эга?

Бу савол очиқ қолди. Очиқ қолдирганини мухбирга таъна қилмайлик, майли.

Лекин у мана бу гапни ҳам айтдики, масаланинг ҳуқуқий жиҳати ўйлантириб қўяди одамни.

“Шунингдек ташкилотлар ўз ходимларининг ойлик маошларидан ҳам ишлатилган электр қуввати учун маблағ ўтказишлари мумкин”.

Нима учун бошлиғим менинг ойлигимни сарфлаши керак? Пул меникими, бошлиқникими?

“Ахборот”нинг иккинчи сюжети ҳам йиғилиш тўғрисида эканлигини эълон қилди бошловчи.

“Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий ва инвестиция юзасидан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш борасида аниқ келишувга эришилди”.

Яна йиғилиш. Майли. Чидаймиз. Сюжетдан ЯНГИЛИК излаймиз. Гапнинг индаллосини кутамиз.

Агар сюжетда унинг муаллифи келтирган “2011 йилда давлатлараро товар айланмаси 2,5 миллиард доллардан ошганлиги айтиб ўтилди. Агар янги соҳа ва йўналишлардаги ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу кўрсаткични 3,5-4 миллиард долларгача олиб чиқиш режаси асосли эканлигини англаш мумкин” каби рақамларни эътиборга олмасак, (бу рақамлар “Ахборот”ни ёзиб олиб қайта-қайта кўрганим учунгина эсимда қолди) шууримизда “Ҳааа, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари яхши экан”, деган фикр қолади, холос.

Балки сюжетдан мақсад, ўзи, шу бўлгандир?

Учинчи сюжетнинг муқаддимаси ҳам умумий гаплардан иборат бўлди. Учинчи сюжет ҳам йиғилиш тўғрисида бўлди.

“Кейинги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш механизмини такомиллаштириш, кўрсатилаëтган хизматлар сифатини янада яхшилаш, шу орқали мамлакат иқтисодиëтида уларнинг роли ва ўринини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни кўпайтириш борасида мақсадли дастурлар изчил ҳаëтга тадбиқ этилмоқда”.

Томошабинни аллалашга хизмат қилувчи баъзи рақамлару силлиқ гаплардан иборат бу сюжетдан конкрет янгилик илғай олмадик.

“Ўқув юртлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга имтиëзли шартлар асосида 25,6 миллиард сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди. Ушбу кўрсаткичнинг ҳам 2010 йилга нисбатан қарийб 3,2 баробарга ўсиши таъминланди”.

Тўртинчи сюжет муқаддимаси ҳам информацион дастурнинг муқаддимаси эмас, лекин бир ўзбек сифатида бошловчининг мана бу гапларини эшитиб ғурурланиб қўйдик.

“Жаҳон автомобилсозлари сафига 28инчи давлат бўлиб қўшилган Ўзбекистон халқаро меъëрлар асосида иш юритиб, дунëга енгил автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари, катта ҳажмдаги эҳтиëт қисмлар ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан бири сифатида танилди”.

Ва янгилик кута бошладик сюжетдан. Мухбир ўз сюжетида янгиликларни айтаётгандай туюлади. Ҳатто жумлаларидан бирини мана бундай бошлайди.

“Яна бир муҳим янгилик йиғув цехида пайвандлаш мажмуасида амалга оширилиб бу ердаги учта қурилма янги модификацияланган турлари билан алмаштирилди”.

Лекин мендай бир томошабинга Жиззах аккумулятор заводидан тайёрланган бу сюжет информацион сюжетдан кўра кўпроқ тижорий очерк бўлиб кўринди.

Аккумулятор заводи бу очерк учун “Ахборот”га неча пул тўладийкин?

Ўлаар-а, информацион дастурлар ҳамма жойдаям бепул-ку! Бу бузилмас олтин қоида-ку! Ўзбекистондаям шундайдир?!

“Ахборот”нинг 28 март кунги сонини Сиз тингловчи билан охиригача кўрмоқчи эмасман.

Бирга кўрганимиз тўртта сюжет ҳам айтмоқчи бўлганимиз гап учун етарли.

Агар Сиз мамлакат ва халқ ҳаётида юз бераётган янгиликларни “Ахборот”дан билмоқчи бўлсангиз, уни зинҳор ва зинҳор ошиғич диққат билан кўринг.

Мухбирлар у ёки бу ЯНГИЛИКни умумий гапларга шу қадар ўраб-чирмашадики, диққат билан кўрмасангиз, ЯНГИЛИКдан қуруқ қолишингиз мумкин.

Масалан, бундан буён бошлиғингиз уйингизда ёққанингиз чироғу газ учун маошингиздан пул тўлаб юбориши мумкинлигини “Ахборот”ни кўрмасангиз, билмай қолган бўлардингиз.

Диққат билан кўрмасангиз, билмай қолган бўлардингиз.

“Ахборот” кўришдан мақсад – ахборот олиш, янгиликларни билиш.

Чучвара ейишдан мақсад эса, гўшт ейиш.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG