Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:17

Москвада ушланган ўзбек муҳожири зўрлашда гумонланмоқда


Москванинг Тропарёво паркида кетма-кет икки кун аëлларга ҳужум бўлган ва улардан бири зўрланган.
Москванинг Тропарёво паркида кетма-кет икки кун аëлларга ҳужум бўлган ва улардан бири зўрланган.

2 май куни қўлга олинган 27 яшар Алишер Мамедов Тропарёво паркида москвалик ҳуқуқшунос аëлни калтаклаб¸ уни зўрлаганликда айбланмоқда.


2 май куни кечки пайт Москванинг Жануб-Ғарбий округидаги Тропарёво паркида ити билан сайр қилиб юрган машҳур рус қўшиқчиси Елена Зайцева номаълум шахс томонидан калтаклаб кетилди.

Полицияга мурожаат қилган Елена ўзига кўринишидан осиёликка ўхшайдиган шахс ҳужум қилгани¸ жиноятчи аввалига уни бўғиб дарахтзорга судраб киргани ва зўрлашга уринганини билдирди.

“Ундан қочиб қутулганимдан кейин ҳужум қилган шахс велосипедда орқамдан етиб келиб қўл телефоним ва олтин зиракларимни тортиб олиб кетди”, деб кўрсатма беради Зайцева.

- Соат кечки 7:30 лар эди. Мана, кўришингиз мумкин бўғишдан қолган бармоқ изларини. Яхшиям мен спорт билан шуғулланаман ва унга қаршилик кўрсата олдим. У мени калтаклаб бўғаётганида мен бақиришга тушдим. У мени ҳақорат қилиб зўрлайман¸ деганида ҳақиқатан қўрқиб кетдим. Лекин менинг дод-войимдан ўзи ҳам қўрқиб қочиб кетди, дейди хонанда Елена Зайцева.

Хонанданинг овозини эшитиб ёрдамга етиб келганлар полиция чақиртирган ва зудлик билан аёлни шифохонага олиб боришган. Врачлар Елена Зайцеванинг жағи синдирилганини қайд қилган.

Айни пайтда¸ 1 май куни кечки соат 8 ларда Тропарёво-Никулино туман полиция бўлимига ўзининг зўрлангани ва буюмлари ўғирлангани иддаоси билан Надежда исмли бошқа бир москвалик аёл мурожаат қилган.

3 май куни криминал полиция ходимлари ўзи ҳуқуқшунос бўлгани боис жиноятчини яхши эслаб қолиб¸ унинг кўринишини тасвирлаб берган Надежда кўрсатмалари асосида Тропарёво паркидаги иккала ҳужумни содир этганликда гумонлаб Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди.



Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчи офицери Максим Колосветовнинг Озодликка айтишича¸ терговчилар айни шахснинг қўшиқчи Зайцевага бир кун ўтиб қилинган ҳужумга алоқадорлигини текширмоқда.

- Полицияга зўрланганини хабар қилган бир аёл мурожаат қилди ва шундан кейин бу жиноятни содир этганликда айбланаётган шахс ҳибсга олинди. Терговни олиб бораётган Москва шаҳар Тергов қўмитаси хабарига кўра, жабрланган аёл бу шахсни юзлаштириш давомида аниқ таниган, дейди полиция навбатчи офицери Колосветов.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси ходимлари ўғирланган телефонни кузатиш воситасида қўлга олинган шахснинг 28 яшар Ўзбекистон фуқароси Алишер Мамедов эканини маълум қилди. Алишер Мамедов Ленин проспекти 137/2 уйи ёнида тезкор гуруҳ ходимлари томонидан 2 май куни қўлга олинган.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ëзишича¸ Мамедов билан юзлаштирилган қўшиқчи Елена Зайцева бу йигитни танимаган. Елена Зайцевага кўра, ўзига ҳужум қилган шахс кўринишидан “қирғиз ёки тожик, жуссаси кичик, наркоманларга ўхшаб кўзлари бежо” бўлган.

Айни пайтда¸ Россия блогерлари мухлислар эътиборидан қолган опа-сингил Зайцеваларга “ҳеч қандай ҳужум бўлмагани, улар шу йўл билан ўзларини яна бир бор эслатиб қўймоқчи” эканини таъкидлашмоқда.

Тергов қўмитаси ходимларининг Озодликка билдиришича¸ ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан 1 майда содир этилган ҳужум юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131-моддаси асосида жиноий иш қўзғатилган.

“Ҳозирча ўзбекистонликнинг Зайцевага қилинган тажовузга алоқадорлиги исботланмади”, деди Озодликка ўзини таништирмаган Москва шаҳар Тергов қўмитаси ходими.

Суд қарорига кўра¸ Алишер Мамедов дастлабки тергов тугагунига қадар ҳибсда қолади. Айни пайтда¸ терговчилар ўзбекистонлик бу муҳожир йигитнинг бошқа шу каби жиноятларга алоқаси бор-йўқлигини тафтиш қилмоқда.
XS
SM
MD
LG