Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:59

"Эзгулик" ҳукуматдан тушунтириш сўради


Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти тарқтатган баëнотга кўра¸ қамоқда сақланаётган ҳуқуқ фаоллари Ҳабибулло Оқпўлатов билан Дилмурод Саййиднинг соғлиғи жиддий ташвиш уйғотадиган даражада оғирдир.


“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ўташ бош бошқармаси Ҳабибулло Оқпўлатов ва Дилмурод Саййидларнинг соғлиғи оғирлашгани юзасидан тушунтириш бериши лозим”.

Бу талаб инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти баёнотида акс этган.

“Эзгулик” баёнотида айтилишича, 2005 йили 6 йилга қамалган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳабибулло Оқпўлатов жорий йил 15 январидан 15 февралигача карцерда сақланган ва лат еган ўнг қўли ва оёқлари ҳозирда унга азоб бермоқда.

12,5 йилга қамалган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййид эса, силдан азият чекмоқда.

Журналистнинг укаси Обид Саййид Озодлик мухбирига акасининг аҳволи тўғрисида гапирар экан, жумладан бундай деди.

- Акамнинг олдига 28-29 апрел куни етиб борган.

Озодлик: Кўришдингизми?

- Кўришдим. Икки сутка олдим. Икки сутка олдида бўлдим.

Озодлик: Хабарларда айтилишича, уни силга чалинган дейишади. Чиндан ҳам шундайми?

- Ҳа. Закритий формаси билан ҳозир лечение тамом бўлибди. Ҳозир ўша ерда сақланаяптида.

Озодлик: Аҳволи қандай энди?

- Анча озган. 56 киломан деяпти. 50 ëшга тўлди мана 29 апрел куни, деди Дилмурод Саййиднинг укаси Обиджон.

Баёнот муаллифи - инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти боя тилга олинган ташкилотлардан ҳуқуқ ҳимоячиларининг соғлиғи оғирлашгани юзасидан нафақат тушунтириш беришни, балки уларни биратўла озод қилишни ҳам сўраган.

Жамият вакили Абдураҳмон Ташанов бундай деди.

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти ҳуқуқ ҳимоячилари Ҳабибулло Оқпўлатов ҳамда Дилмурод Саййидларни озод қилишни сўради. Бу озод қилиш талаби ортида албатта муайян сабаблар бор. Биринчидан, айниқса Ҳабибулла Оқпўлатов кейинги пайтларда соғлиғи билан боғлиқ жуда кўп муаммоларга дуч келаяпти. Бундан ташқари унга нисбатан белгиланган жазо муддатлари ўтиб бўлди ва ўтган йили унга нисбатан қамоқхона маъмурияти тартибини бузиш билан қўшиб берилган эди. Бундан ташқари Дилмурод Саййиднинг аҳволи билан ҳам боғлиқ шундай ҳолатлар бор. Яъни у ҳам ўткир сурункали сил касаллиги билан касалланган. Ҳозирда жазони ўташ лаëқатига эга эмас. Шунинг учун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти мана шу икки ҳуқуқ ҳимоячисини қонун тилида шартли озод қилиниш дейди, шартли бўлган тақдирда ҳам муддатдан аввал озодликка чиқарилишини сўраган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Иштихон туман бўлими аъзоси, Олмалиқ шаҳридаги 64/45- жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Ҳабибулла Оқпўлатов 2005 йилда товламачилик айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бироқ, жазо муддати тугашига 8 кун қолганда - 2009 йилнинг 30 сентябрида Навоий шаҳар жиноят ишлари суди уни қамоқхонанинг ички тартиб-қоидаларини бузганликда айблаб яна 3 йилга озодликдан маҳрум этган.

Оқпўлатовнинг шу кунда аҳволи оғир эканлиги тўғрисида “Эзгулик”ка унинг яқинлари айтиб берган.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Саййид эса, 2009 йил 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинган эди.

У Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айбланиб, маҳкамага тортилган.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди 2009 йилнинг 30 июл куни Дилмурод Саййидга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган, ўша йил 11 сентябр куни туман аппеляция суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган эди.

Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Дилмурод Саййиднинг ноҳақ қамалганини айтиб, унинг озод этилишини сўраб келади.
XS
SM
MD
LG