Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Қирғиз депутати ўзбекистонликларни айблади


Қирғизистон парламенти депутати Исмоил Исаков ўзбекистонликларни Қирғизистон ҳудудига қарашли ерларни ноқонуний ўзлаштириб олганликда айблади.

Депутат Исмоил Исаковнинг айтишича, парламент махсус комиссияси Қирғизистон-Ўзбекистон чегара ҳудудларида текширув ишларини олиб борган. Натижада парламент комиссияси айрим чегара ҳудудларида ўзбекистонликлар Қирғизистон ерларидан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланган.

- Ўзбекистон томони шартномани бузган ҳолда чегарани ноқонуний тарзда ўзгартирмоқда. Қирғизистонда чегарани қўриқлаш яхши йўлга қўйилмагани, чегарачиларга шароитлар яратилмагани оқибатида қирғиз ерларидан ўзгалар фойдаланмоқда. Чегарани тиконли симлар билан тўсиб ташлашимиз керак, -деб билдирди депутат 21 май куни ўтган парламент йиғинида.

Парламентнинг яна бир депутати Элмурод Обдунов эса Қирғизистон чегара ҳудуди даҳлсизлигини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарани вақтинча ёпиб туриш ташаббус билан чиқмоқда.

- Ўзбекистон ҳали баҳсли ҳудудлар аниқланмасдан туриб, чегарани тўсиқлар билан ўраб олмоқда. Биз ҳам мана шу услубни қўллашимиз керак ва вақтинча бўлса ҳам чегарани тўсиб қўйишимиз лозим, -деди Элмурод Обдунов.

Бундан бир ой аввал Қирғизистон ҳукуматининг қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича бўлими бошлиғи Қурбонбой Искендеров Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасининг 600 километрлик қисмига тўсиқларни қирғиз томони билан келишмай туриб ўрната бошлаганини иддао қилган эди.

Қирғизистон бунга жавобан чегарада ўз тўсиқларни ўрнатмоқчи. Бунинг учун 7 миллион сўм маблағ ажратилган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуд мавжуд. Қирғиз томони Ўзбекистон мавжуд баҳсли ҳудудларга ҳам чегара тўсиқларини ўрната бошлаганидан норози. Қирғиз ҳукуматига кўра, бу борада Ўзбекистонга бир неча маротаба нота ҳам жўнатилган.

Айни пайтда 1378 чақиримлик ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 чақирими аниқланмаган.

Бундан тўрт йил аввал баҳсли ҳудудлар масаласидаги тортишувлар кучайиб кетгани боис, ўзбек-қирғиз чегараларини аниқлаш давлатлараро комиссияси фаолияти ҳам тўхтатиб қўйилган эди. Мазкур комиссия фаолияти 2011 йил баҳоридагина қайта тикланди.
XS
SM
MD
LG