Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Ўшлик фаоллар: Бизга зиён келтирманг


Ўшлик бир гуруҳ ўзбек фаоллари ўзбекистонлик айрим санъаткорларга мана шундай мурожаат қилмоқдалар.

Қирғизистонлик бир гуруҳ фаоллар ўзбекистонлик санъаткорларга ўзбек ва қирғиз миллати ўртасида миллатлараро нафрат қўзғатишга сабаб бўлувчи ашулларни айтмаслик илтимоси билан очиқ хат ёздилар.

Маълумки, бир қатор ўзбекистонлик санъткорлар 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг қирғиз миллатига қарши қаратилган ашулларни айтиб, уларни интернет, ДВД дисклари ва қўл телефонлари орқали тарқатганлар. Ўшлик ўзбек фаолларининг айтишларича, бундай ашуллалар қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Озодлик радиосига юборилган мурожаат матни жузий ўзгаришларсиз эълон қилинмоқда.


Ўзбекистонлик санъаткорларга ўшлик фаоллар мурожаати

Ҳурматли миллатдошлар!

2010 йил 10 июн фожеасидан сўнг бутун дунё ўзбеклари жабрланган қиргизстонлик ўзбекларга ҳамдардлик билдирдингиз, дардимизга шерик бўлиб, жабрланганларга моддий ва манавий кўмак кўрсатдингиз, сизлардан миннатдормиз, катта рахмат, хеч қачон унутмаймиз.

Бугунги кунда ҳам оммавий ахборот воситалари оркали бу ердаги вазиятни кузатиб бораётганингизни биламиз ва шунинг учун ҳам сизларга мурожаат қилиб, айрим қўштирноқ ичидаги санаъткорларни миллатлараро жанжал чиқаришга олиб келадиган қўшиқлар айтишдан тийилишни илтимос қилиб кетамиз.

Барчага маълум, Марказий Осиё халқларини қадимдан тили, дини, маданияти, урф- одатлари бир - бирига яқин, ягона десак адашмаймиз. Шунга қарамасдан, айрим санъаткорлар икки миллат вакилларини бир - бирига қайраб, бир миллатни ерга уриб, иккинчисини кўкларга кўтариб куйлаган қўшиқлари, бугунги кунда қўл телефонлари ва ДВД дискаларда халқ орасида тарқаб, ёшларимиз ўртасида миллий низо келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Унингсиз ҳам миллатлараро вазият қалтис турган бир пайтда, бундай қўшиқлар жабрланган қирғизстонлик ўзбекларга бир қатор муаммолар олиб келаябди. Бу вазият кимларгадир қўл келаётгандир. Бироқ бу ерда қолиб яшаётган халққа ёмон оқибатлар олиб келиши аниқ.

Бугунги кунда биз - қирғизстонлик ўзбеклар ва қирғизларга фақат тинчилик ва осойишталик керак. Халқимиз бугунги кунда руҳий, маънавий, хуқуқий, ижтимоий кўмакка муҳтож булиб турган бир пайитда, бундай тутуруқсиз ашуллалар миллатдошларимиз учун фақат зиён олиб келади. Биз шундай санъаткорлардан илтимос килиб кетамизки, бундай ашулалар айтишдан ўзингизни тийиб, миллатлараро дўстлик, бирдамлик ва миллатларини эзгуликка тарғиб этадиган куй ва қўшиқларини яратсангиз.

Шунингдек, ўзбек ва қирғиз ўртасидаги муносабатларга путр етказувчи қўшиқларингизни интренет сайтларидан олиб ташлашингизни, уларнинг ДВД дисклари ва қўл телефонлари орқали тарқалишини тақиқлашингизни ҳам илтимос қиламиз.

Ўш шаҳридан:

Рахматиллаев Иззатулло, ҳуқуқ фаоли
Махмудова Хафиза, “Фаол аёллар” гуруҳи
Мирзараҳимов Аҳмадулло ҳожи, имом-ҳатиб
Маткаримова Одинахон, қаҳрамон она
Мамажонова Фотима, маҳаллий фаол
Каххорова Махфуза, ўқитувчи
Матқасимова Манзурахон, журналист
Жўраев Ахмаджон, пенсионер
Кодирова Минура, маҳаллий фаол
Жениш Тороев, ҳуқуқ фаоли
Юлдашова Матлюба, маҳаллий фаол

23 май 2012 йил.
XS
SM
MD
LG