Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:49

Фермер ҳибсдаги ўғиллари қийноққа солинаëтганини иддао қилмоқда


Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга қийноқ қўллаш системик муаммога айланган.
Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга қийноқ қўллаш системик муаммога айланган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги фермер Йўлдош Бозорбоевнинг 23 апрел куни ҳибсга олинган ўғиллари Ўзбекистон Жиноят кодексининг босқинчилик ва товламачилик моддалари бўйича айбланмоқда.

Зарбдорлик фермер Йўлдош Бозорбоевнинг 38 ёшдан 23 ёшгача бўлган беш ўғли Боймурод, Илҳом, Ўктам, Баҳром ва Баҳриддин Ўзбекистон ЖК нинг 164-моддаси - босқинчилик ва 165-моддаси 2-қисми билан товламачиликда айбланмоқда.

Фермер Йўлдош Бозорбоевнинг айтишича¸ 23 апрел куни кечқурун милиция ходимлари келиб ўғилларини олиб кетган ва ҳозирда улар Зарбдор туман Ички ишлар бўлими тергов изоляторида сақланмоқда.

Йўлдош Бозорбоевнинг айтишича, ўғилларининг ҳибсга олинишга бундан икки йил олдин бўлиб ўтган воқеа сабаб бўлган:

- Бундан икки йил илгари бизнинг пахтамизга бировнинг 700 қўйи тушган. Кейин болалар бориб, нима қиляпсан ҳамма ёқни пайҳон қилдингку, энди пахтани нима қиламиз, деган. Кейин булар товонига 20 та қўзи берган. Эртасига менга ҳокимнинг маслаҳатчиси қўнғироқ қилиб нотўғри иш қилибсиз, бу қўйлар Жиззахни УВД (вилоят Ички ишлар бошқармаси) синики деди. Кейин мен болаларга айтиб, қўйларни эгасига бердириб юбордим, шу билан тинчиб кетган эди, дейди Йўлдош Бозорбоев.

Фермер даъвосича, икки йил олдин бўлган воқеани қўзғаш бугунги кунда туман ҳокими ва прокурорга керак бўлиб қолган. Маҳаллий раҳбарларни фермерга қарши тазйиқ қилишига эса¸ Бозорбоев таъкидича¸ ўзининг тумандаги ғайриқонуний ишлар устидан президентга ёзган аризалари сабаб бўлган:

- Ҳокимнинг биринчи камчилиги шундаки, Зарбдорга ҳоким бўлиб келганидан сўнг 364 та чинорни кестирди. Бу чинорлардан ўзига бир катта иморат қурди. Зарбдорда чинор қолмади, ҳамма ёқ чўл бўлиб қолди.

Иккинчиси, ҳоким пора эвазига одамларга ноқонуний томорқа берган. Ўзи 652 гектар томорқа эктирган ва 127 гектар пиёз эктирган. Оддий деҳқонлар эккан пиёзларни ҳайдатиб ташлади. Бундан бошқа ноқонуний ишларини ҳам президентга ёздим. Бу хатлар қайтиб яна ҳокимнинг ўзига келди ва менга чап бўлиб қолди, деди Йўлдош Бозорбоев Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг айтишича, айни кунда ўғиллари билан учрашишига имкон берилмаяпти ва у олган аниқ маълумотларга кўра ўғиллари қамоқда қийноққа солинмоқда:

- Адвокатдан сўрадим. Айтдики, Ўктам билан Баҳриддинни ураяпти экан. Бўйнингга оласан¸ деб қийнаяпти экан. Ички ишларнинг бу бедодлиги юзасидан прокурорга ҳам ариза ёзгандим. Ҳеч ким дардимизга қулоқ солмаяпти, дейди Йўлдош Бозорбоев.

Йўлдош Бозорбоевнинг ҳибсда қолаётган ўғилларини ҳимоя қилаётган адвокатлардан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, айбланувчилар шу пайтгача терговчига кўрсатма беришдан бош тортмоқда:

- Бу йигитлар терговчига, туман прокурорига ишончсизлик билдиришаяпти. Улар бизни ишимизни бошқа тумандаги терговчилар кўриб чиқсин, булар холис эмас, дейишаяпти. Бироқ уларнинг бу аризалари ҳозирча қондирилган йўқ, деди микрофонсиз суҳбатда адвокатлардан бири.

Озодлик мухбири бу ишни тергов қилаётган Зарбдор туман Ички ишлар бўлими тергов гуруҳи раҳбари Ихтиёр Умрзоқов билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ унинг телефони ўчирилгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG