Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:56

Россия Сурияга қурол жўнатди


Суриядаги тўқнашувларда жума куни камида 70 одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Суриядаги тўқнашувларда жума куни камида 70 одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Россиянинг қурол юкланган кемаси бугун Суриянинг Тартус бандаргоҳига етиб келади. Қурол Сурия ҳукумат кучларига ҳарбий ёрдам сифатида жўнатилган.

Бу маълумотни биринчи бўлиб Ал-Арабия телеканали маълум қилди. Кейинроқ эса Сурияга Россия қурол жўнатгани ҳақидаги хабарни Reuters ахборот агентлигига Ню –Йоркдаги дипломатик манбаалар ҳам тасдиқлади.

Ню –Йоркдаги дипломатик манбага кўра, Россиянинг “Профессор Кацман” кемаси Малтадаги Қибрис ширкатига тегишли. Бу ширкатни эса Россия фирмаси ташкил қилган. Мазкур фирма “Рособоронэкспорт” давлат корпорацияси топшириғига биноан ҳаракат қилаётгани айтилмоқда. Бироқ Россия расмийлари бу борада бирон бир шарҳ беришдан бош тортмоқдалар.

АҚШ ва Европа Иттифоқи БМТнинг Хавфсизлик кенгашида Сурияга қурол сотишга эмбарго жорий этиш чорасини кўрган эди. Бироқ бу эмбарго Россия ва Хитой томонидан қўйилган вето оқибатида жорий этилмай қолган.

Айни пайтда суриялик фаоллар ҳукумат кучлари пайшанба куни президент Башар Асад истеъфосини талаб қилиб намойиш бошлаган Хоула шаҳрига жума куни ҳужум бошлаганини билдирмоқдалар.

Syrian Observatory for Human rights ташкилоти маълумотига кўра, тўқнашувда камида 50 одам, жумладан, кўплаб болалар ҳалок бўлган. Бу ахборотни мустақил тарзда текшириш имконияти бўлмади.

Айрим хабарларга қараганда, жума куни ҳукумат кучлари Алеппо шаҳрига ҳам киритилган.

Маълумотларда айтилишича, жума куни ҳукумат кучлари олиб борган ҳарбий амалиётлар натижасида Сурияда камида 70 одам ҳалок бўлган.

Сурияда БМТнинг махсус вакили Кофи Аннан томонидан таклиф қилинган тинчлик режаси қабул қилинганига қарамай зўравонликлар давом этмоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жума куни халқаро тинчлик режасига қатъий амал қилиниши шартлигини билдирди. Бан Ки Мун Сурияда низолашаётган тарафлардан бирортаси бошқа давлатлардан қурол ёки маслаҳат тарзида ёрдам олмаслиги кераклигини таъкидлади.

БМТ Бош котиби ўз чиқишида Сурия ҳудудида “уюшган террорчилик гуруҳлари” фаоллашаётганидан ташвиш билдирди.

БМТ ва Араб Лигасининг Суриядаги махсус вакили Кофи Аннан яқин кунларда Дамашққа боришини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG