Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:19

Умрзақов: Ўшда миш-миш кўп, лекин вазият назорат остида


Қирғизистон жанубида ўзбек ва қирғизлар ўртасида рўй берган қонли воқеаларнинг икки йиллиги арафасида Ўш шаҳрида милиция кучайтирилган тартибда ишлашга ўтказилади.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюнбек Умурзоқов шаҳар бешта зонага бўлингани ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари 24 соат давомида жамоат тартибини кузатиб боришини маълум қилди.

Милиция 5 июндан 12 июнга қадар кучайтирлиган тартибда ишлайди. Шаҳар милицияси раҳбарининг айтишича, сўнгги вақтларда миллатлараро низо қўзиш мақсадида тарқатилаётган миш-мишлар ва маълумотлар оқибатида ўшликлар орасида ваҳима кайфияти кучайган.

- Интернетда ва одамлар орасида ваҳимали миш-мишлар тарқаб кетди. Икки халқни низолаштирмоқчи бўлган кучлар ҳали ҳам мавжудлигини унутмаслигимиз керак. Мана шу мақсадни кўзлаган одамлар томонидан тарқатилган нотўғри маълумотлар сабабли айрим қирғиз ва ўзбеклар бир бирига ёвқараш қилмоқда. Шаҳарда ваҳима борлиги рост. Бироқ ҳуқуқ – тартибот тузилмалари Ўш воқеасининг такрорланишига йўл қўймайди, -деди Суюн Умрзоқов.

Ўшлик фаол аёллардан бири Озодахон Мажидова июн қирғинининг 2 йиллиги яқинлашаётган шу кунларда кичик-кичик низолар ҳам содир бўлаётгани ҳақида гапириб берди.

- Мен бир таксига ўтирдим. Ҳайдовчи унга ҳужум қилмоқчи бўлишганини айтиб берди. У Текстил мавзесига бир қирғиз аёлини олиб кетаётган экан. Йўлда иккита машинага минган номаълум шахслар унинг ортидан қувлаб, автомашиналари билан қисувга олишган. Таксичи “Зўрға қутилиб қолдим, опа”, деб айтиб берди бу воқеани. Машинадаги қирғиз аёл ҳам воқеадан даҳшатга тушган. Яна бир воқеа. Менинг 11 яшар ўғлим бор. Ундан “Мактабдан чиқиб, бувангни уйидан хабар олиб ўт”, деб илтимос қилган эдим. У бувасининг уйига кетаётса йўлда 15-16 ёшли қирғиз болалар тутиб олиб, калтаклашибди. Бундай воқеалар сўнгги пайтларда шаҳарда тез-тез содир бўлиб турибди, -деди Озодахон Мажидова.

Милиция раҳбарининг айтишича, сўнгги кунларда Ўш шаҳрида кичик жанжаллар содир этилаётгани рост. Бироқ бу жанжалларнинг барчасига ҳам миллатлараро тус бериш нотўғри.

- Бу жанжалларнинг барчасини миллатлараро низога боғлаб маълумот тарқатиш тўғри бўлмас эди. Айрим оммавий ахборот воситалари ҳар бир жанжални миллатлараро низо сифатида талқин этиб, маълумот тарқатаяпти. Икки қирғиз урушиб кетса ҳам “ўзбек билан қирғиз уришди”, деган миш-мишлар тарқатилаяпти, -деди Суюн Умрзоқов.

Расмийнинг айтишича, бугунги кунда Ўшда одамлардаги ноқонуний қуролларни мусодара қилиш учун махсус рейдлар уюштирилмоқда. Шунингдек, шаҳарда яшаётган ажнабийлар ва бошқа шаҳарликлар аниқланиб, уларнинг Ўшга қандай мақсадларда келгани ўрганилмоқда.

2010 йилнинг 10 июнида Ўш ва Жалолобод вилоятларида зўравонликлар бошланган ва 4 кун давом этган эди. Ўш қирғинини ўрганган барча комиссиялар ҳисоботларидаги рақамлар деярли бир ҳил: Ўш қирғинида 500 га яқин одам қурбон бўлди, улардан 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз ва 1 фоизи бошқа миллат вакилларидир. Айни пайтда Ўш қирғини кунлари қотилликларда ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир.

375 минг одам ўз уйини ташлаб хавфсиз жойлар, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG