Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:54

Ўзбекистон давлат қарзи: бир одамга 143 доллар


"РИА-Аналитик" иқтисодий тадқиқотлар маркази Ўзбекистонга давлат қарзи энг оз бўлган давлатлар ўнталигидан жой берди.

Москвадаги “РИА-Аналитик” иқтисодий тадқиқотлар маркази Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида дунё мамлакатларининг давлат қарзи бўйича рейтингини ишлаб чиқди.

Рейтингда Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 159 ўринни эгаллаб, дунёдаги давлат қарзи Ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг оз бўлган давлатлар ўнталигидан жой олди. Маълумотда айтилишича, 2011 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи Ялпи ички маҳсулотнинг 9,1 фоизига тенг бўлган. “РИА-Аналитик” экспертларига кўра, бу Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2010 йилга нисбатан 6,4 фоизга кўпайганини англатади.

Ўзбекистон давлат қарзи пул ҳисобида бўлиштирилганда ҳар бир фуқарога 143 доллардан тўғри келади. 2010 йилда бу кўрсаткич 7 долларга оз бўлган.

Қизиғи шундаки, дунёда давлат қарзи энг оз бўлган мамлакат Мадагаскар экан. Бу давлатнинг қарзи Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5.7 фоизни ташкил этади ва аҳоли жон бошига тақсимлаганда 26 доллардан тўғри келади.

Давлат қарзи энг катта бўлган мамлакатлар ўнлигидан эса ривожланган давлатлар ўрин олган. Масалан, Япониянинг давлат қарзи жон бошига ҳисоблаганда 105 минг 512 долларни ёки Ялипи ички маҳсулотга нисбатан 229,8 фоизни ташкил этади.

“Япониянинг умумий давлат қарзи 13,5 тириллион долларни ташкил этади. Япония катта давлат қарзи ҳукумат учун муаммо бўлмаслигини намойиш этаётган мамлакатдир. Яъни бу жараён мамлакат иқтисоди қарзларни тўлай олиш салоҳиятига эгалиги ва янги кредитларни жалб қила олишига боғлиқ”, деб ёзади “РИА-Аналитик”.

Айни пайтда давлат қарзи 2011 йилда Ялпи ички маҳсулотнинг 160 фоизга етган Грецияда эса иқтисодий бўҳрон кузатилмоқда. Рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган бу мамлакатда давлат қарзи жон бошига бўлиштирилганда бир одамга 43536 долларга тўғри келади. Грециядаги иқтисодий вазият Европа иттифоқининг умумий муаммосига айланиб бормоқда.

Давлат қарзлари бўйича рейтингнинг 11 поғонасини АҚШ эгаллаган. Бу давлатнинг қарзи аҳоли жон бошига 49808 доллардан, Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 102 фоизга тўғри келади.

“Бу катта рақам ва у йилдан-йилга муваффақиятли тарзда ўсиб бормоқда. АҚШда давлат қарзини кўпайтириш эвазига янги лойиҳалар амалга оширилмоқда”, деб ёзади “РИА-Аналитик”.
XS
SM
MD
LG