Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

MTC-Ўзбекистон раҳбарининг қочгани айтилмоқда


Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори МТС-Ўзбекистон ширкати бош директори Бекзод Аҳмедов ширкат молиявий хўжалик фаолиятида қонунбузарликлар аниқланиши ортидан мамлакатдан қочиб кетган.

Ўзбек расмий доираларига яқин Узметроном Интернет газетаси ўз манбаларига асосланиб бу ҳақда хабар тарқатди.

Айтилишича¸ Ўзбекистонни тарк этишидан олдин Аҳмедов оиласи ва бошқа қариндошларини мамлакатдан чиқариб юборган.

Аҳмедовнинг Ўзбекистонни тарк этиши сабаби комплекс текширувлар пайти ширкат молиявий-хўжалик фаолиятида жиддий қонунбузарликлар аниқланганидир, деб хабар қилди Узметроном газетаси.

МТС-Ўзбекистон ширкати матбуот вакили Ойбек Жумаев Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ ўзи ҳозир таътилда экани боис бошлиқнинг қочиб кетганига оид хабарлар юзасидан изоҳ бера олмаслигини айтди.

- Ҳозир Ўзбекистонда эмасман. Шунинг учун бу ҳақда бирон нарса деяолмайман, деди МТС-Ўзбекистон ширкати матбуот вакили Жумаев.

МТС алоқа операторининг Москвадаги бош қароргоҳи матбуот ҳизмати бошлиғи Валерия Кузменко ҳам, изоҳ бераолмаслигини айтди.

-Бу юзадан МТС изоҳ бермайди, - деб жавоб қилди Кузменко.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва таниқли ишбилармонларнинг қамалиш хавфи боис қочишлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Узметроном газетасига кўра¸ хорижий сармоя асосида ташкил этилган Carlsberg Uzbekistan ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко ҳам Ўзбекистонни бутунлай тарк этган.

Жаноб Шевченконинг қочишига ҳам комплекс текширувлар пайти ширкат фаолиятида аниқланган нуқсонлар сабаб бўлган.

"Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонларнинг мамлакатдан қочиб кетганликлари маълум.

Бугунга қадар кўплаб таниқли ишбилармонлар, жумладан "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимовларнинг ҳибсга олингани, баъзи манбааларга кўра эса¸ мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнгги ҳодисалар коррупция ва ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттирган олигархларга қарши Ўзбекистон ҳукумати бошлаган курашнинг очиқча кўринишидир.

Бекзод Аҳмедовнинг қочиши мамлакатда энг йирик уяли алоқа оператори ҳисобланган МТС ширткатининг Ўзбекистондаги келажагига соя солди.

Кузатувчилар, яқин келажакда Ўзбекистонда МТС ўрнини “Мегафон” эгаллашини тахмин қилмоқдалар.

Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистонда 2004 йилдан буён фаолият юритмоқда. МТС ўшанда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтилган "Уздунробита" уяли алоқа компаниясини сотиб олган эди.
МТС-Ўзбекистон¸ ўз расмий сайтида ëзилишича¸ 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG