Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:08

Тожиклар гаровга олинди, мухолифатчи ҳибс қилинди


Наримон Тулеев (қизил кийимда) пайшанбадан жумага ўтар кечаси, соат бирга яқин озод қилинди.
Наримон Тулеев (қизил кийимда) пайшанбадан жумага ўтар кечаси, соат бирга яқин озод қилинди.

Қирғизистонда пайшанба куни кечга яқин ва жумага ўтар кечаси жамоатчиликни ташвишга солган икки воқеа содир бўлди.

Боткенда тожикистонликлар гаровга олинди

Пайшанба куни тушдан кейин Боткен вилоятининг Қорабоғ қишлоқ округига қарашли дўстлик қишлоғи аҳолиси Қирғизистонга бозор қилиш учун келган 16 нафар тожикистонликни гаровга олди.

Расмий маълумотда айтилишича, қишлоқнинг 150-200 нафарга яқин аҳолиси тожиклар Тожикистон ҳудудида қўлга олинган уч нафар қирғизистонлик озод этилгачгина қўйиб юборилишини билдирган.

20 июн куни Тожикистоннинг Исфара туманида 30 кило қизил симоб олиб юрган уч нафар қирғиз фуқароси милиция томонидан қўлга олинган эди.

Тожикистонликларни гаровга олганлар мана шу уч кишининг яқин қариндошлари экани айтилмоқда.

Боткен вилоят губернатори матбуот котиби Кубатбек Айбашевнинг айтишича, кечга яқин гаврога олинган тожикистонликлар қўйиб юборилган.

-Губернатор ўринбосари Саиджон Эратов, милиция, прокуратура, миллий хавфсизлик ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борди. Натижада Дўстлик қишлоғи аҳолиси гаровга олинган тожикистонликларни озод қилди, -деди Кубатбек Айбашев.

Тожикистонликларни гаровга олган боткенликларга нисбатан жиноят ишлари очилмаган.

Айни пайтда Тожикистон томони билан қўлга олинган қирғизистонликларни ҳибсдан озод қилиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги вазият тинч ва бу ерда тўқнашувлар содир этилгани тўғрисидаги хабарлар асоссиздир.

Мухолифатчи депутат ярим тунда ҳибс қилинди


Пайшанбадан жумага ўтар кечаси қирғиз парламентининг мухолифатдаги депутати, Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Наримон Тулеевни ўз уйидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг 20 чоғли қуролланган ходими олиб чиқиб кетган.

Тулеев тарафдорлари ва 20га яқин депутат ярим тунда Қирғизистон бош прокуратураси олдига йиғилиб, норозилик намойиши ўтказди. Хабарларга кўра, Тулеев сўроқ қилинаётган бино атрофи милициянинг кучайтирилган гуруҳи томонидан қўриқланган, бино атрофидаги кўчаларда эса ҳаракат тўхтатилган. Орадан тўрт соатдан ортиқ вақт ўтгач Наримон Тулеев озод қилинди.

Қирғизистон Бош прокурори Аида Салянова 22 июн куни Наримон Тулеевга қарши "коррупция" айби билан жиноят иши очилганини ва шунинг учун ҳам депутат сўроққа олиб келинганини билдирди.

Наримон Тулеев эса матбуотга ўзининг ҳибс қилиниши парламентдаги ҳукуматга ишончисизлик билдириш ҳаракатига қўшилгани билан боғлиқ экани ҳақида маълумот берди.

Мухолифатчи депутатлар Қамчибек Ташиев ва Феликс Кулов “Тулеевни ҳибс қилиш орқали ҳукумат ишончсизлик билдириш ҳаракатини бошлаган депутатларни чўчитиб қўймоқчи бўлди”, деб ҳисоблайди.

Қирғиз парламентида пайшанба куни Қирғизистон ҳукуматига ишончсизлик билдириш юзасидан имзо йиғиш жараёни бошланган эди.

Қирғиз жамиятида нуфузли ва халқ орасида катта обрўга эга бўлган Нариман Тулеев ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Бишкек шаҳрига ҳокимлик қилган 2010 йилда коррупцияга аралашганликда айбланиб келинади. Бироқ унга нисбатан жиноят иши юзасидан тергов олиб бориш Тулеев депутат сифатида даҳлсизлик мақомига эгалиги учун вақтинча тўхтатиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG