Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2023, Тошкент вақти: 00:02

Татаристон ўшлик ўзбекни экстрадиция қилмоқчи


Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларида айбланиб судланганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбек миллатига мансубдир.
Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларида айбланиб судланганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбек миллатига мансубдир.

2012 йилнинг 25 июнида Татаристон Республикаси Олий суди 2010 йил Ўш воқеаларга алоқадорликда гумонланаётган 24 ёшли қирғизистонлик Мамир Нематовни экстрадиция қилиш бўйича Россия Бош прокуратураси чиқарган қарорни қонуний деб топди. Нематов ҳимоясини таъминлаётган Инсон ҳуқуқлари институти ходимлари Қирғизистонда у қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Татаристон Олий суди: “Шикоятга ўрин йўқ!”

Татаристон Олий суди Россияда қочқинлик мақомини сўраётган 24 ёшли ўшлик Мамир Нематовни Қирғизистон сўровига кўра, экстрадиция қилиниш тўғрисидаги қарор қонуний эканлигини тасдиқлагани ҳақида уни ҳимоя қилаётган ҳуқуқ фаоллари маълум қилди.

Бу хабарни Озодликка Татаристон Олий суди раиси ёрдамчиси Наталья Лосева тасдиқлади.

- Россия Бош прокуратураси бу шахсни Қирғизистонга бериб юбориш тўғрисида қарор чиқарган эди. Ҳимоя прокуратуранинг бу қарори устидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Суд бу шикоятнинг қаноатлантирилишини рад этди. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, Нематовни экстрадиция кутмоқда, дея маълум қилди Татаристон Олий суди расмийси Наталья Лосева.

Суд расмийси Мамир Нематов Қирғизистон ҳукумати томонидан 2010 йилнинг июнида мамлакат жанубида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ва қотилликларга алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга берилганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари институти : “Суд ноқонуний қарор чиқарди!”

Мамир Нематовнинг ҳимоясини таъминлаётган Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти Россия Бош прокуратурасининг қарори суд томонидан тасдиқланиши мутлақо ноқонуний эканлигини айтмоқда.

Татаристон Олий суди Нематов Россия ҳудудида қочқинлик мақомини сўровчи экани ва халқаро қоидаларга қўра, унинг мақоми аниқлангунга қадар бериб юборилиши мумкин эмаслигини инкор этган ҳолда бу ҳукмга имзо чекди, дейди Озодлик билан суҳбатда, Мамир Нематовни ҳимоя қилаётган ташкилот қошидаги “Қочқинлик ҳақлари” дастури раҳбари Елена Рябинина.

- Суд Бош прокуратуранинг қарорини йўққа чиқарадиган иккита муҳим вазиятни инкор этди. Биринчиси, Нематовнинг экстрадициясига оид қарор қочқинлик мақомини олиш жараёни давомида амалга оширилмоқда. Иккинчиси, Татаристон Олий суди икки ҳафтадан кам муҳлат ичида прокуратуранинг қарорини тасдиқлагани. Шу тариқа, Қозон суди бирваракайига Россиянинг “Қочқинлар тўғрисида” Федерал қонуни ва БМТнинг 1951 йилги “Қочқинлар мақоми тўғрисида”ги Конвенцияларни инкор этди, дейди марказий-осиёлик қочқинлар ҳимояси билан шуғулланадиган ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Олий суд Нематов Қирғизистонда қийноқларга солиниши мумкинлигини ҳам инобатга олмаганини қўшимча қилди.

Рябининанинг сўзларига кўра, жорий йилнинг апрел ойи охирларига қадар Россия этник қирғиндан қочиб бу давлатга бошпана излаб келган ва ҳукумат томонидан июн фожеасига алоқадорликда гумонланаётган қирғизистонлик ўзбекларни бирор марта экстрадиция қилмаган.

- Россия Федерал миграция хизмати Қирғизистондаги миллатлараро вазиятнинг мураккаблиги ҳамда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг бир ёқлама чиқараётган қарорларини ҳисобга олиб бундай аризаларни қондириб келаётган эди. Бироқ Мамир Нематовга келиб вазият кескин ўзгарди, дейди Елена Рябинина.

Қирғизистон терговчилари иддаосига кўра, Мамир Нематов 2010 йилнинг 11 июнида бир гуруҳ шериклари билан бирга қирғиз миллатига мансуб шахснинг уйига бостириб кирган ва бир неча кишини ўлдирган. Ваҳоланки, тақдим этилган ҳужжатлардан бирида ўлдирилгани айтилаётган аёл воқеа эртасига ҳам эри билан телефон орқали суҳбатлашгани қайд этилган.

Мамир Нематовнинг ўзи эса 12 июн куни Ўзбекистонга, 11 августда Россияга чиқиб кетган.

2012 йилнинг 4 майида Россия Бош прокуратураси Қирғизистоннинг Нематовни бериб юбориш тўғрисидаги сўровини қондириш тўғрисида қарор чиқарди.

Инсон ҳуқуқлари институти мутаҳассислари 24 ёшли бу йигитнинг бериб юборилаётганини Россия ва Қирғизистон ўртасида ўшлик қочқинларга оид сиёсий келишув борлиги билан боғламоқда. Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари экстрадиция хавфи остида қолаётган Мамир Нематовнинг қидирувга берилганини унинг “Ўш-ТВ”да телеоператор бўлиб ишлагани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Даниил Кислов: "Ўшда ноҳақликлар давом этмоқда"

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги Даниил Кислов Мамир Нематовнинг экстрадицияси қирғиз ва рус сиёсатчиларининг ўзаро келишуви эканига ишонмаслигини айтади.

- Менимча, бундай вазият яна такрорланади, лекин бу жараёнда тенденция борлигига ёки Атамбаевнинг сўровига биноан оммавий равишда қидирувдаги қочқинларни бериб юбориш бошланишига ишонмайман. Шунчаки, ўзбек, тожикларни бериб юбориш Россия судлари ва прокурорларига ишини анча осонлаштиради, ортиқча “даҳмазадан” қутулади холос, дейди Даниил Кислов.

Айни пайтда, у қирғизистонлик ўзбеклар устидан Қирғизистонда очилаётган жиноий ишларнинг барчаси сохталаштирилганига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

Кислов Мамир Нематов бериб юбориладиган бўлса, сўзсиз қийноқларга дучор бўлиши ва ноҳақ судланиши хавфи остида қолишидан хавотир билдирди. Журналист жорий йилнинг 16 июнида Ўшнинг Қорасу туманида ҳибсга олинган 20 ёшли Иброҳимжон ва 16 ёшли Абдулатиф Собировларнинг врач Қосим Жусупакматов қотиллигига алоқадорликда асоссиз айбланиб, қамоққа олинганини мисол қилиб келтирди.

- Россия фуқаролигини олган ака-ука Собировлар 2010 йилнинг июнида Ўзбекистонда бўлганликлари суд томонидан мутлақо инобатга олинмади. Бундай мисоллар жуда кўп, лекин ҳибсга олинаётганларнинг яқинлари босим остида бу фактларнинг очиқланишига қарши чиқмоқда. Қирғизистонда эса тергов баҳонасида қирғизистонлик ўзбеклардан шунчаки пул ундириш давом этмоқда, дейди журналист Даниил Кислов.

Маълум бўлишича, 2010 йилнинг 2 декабрида Жусупакматов қотиллигида айбланиб Ўш шаҳри фуқароси, ЭЛТР телевидениесининг яна бир оператори Ўктамжон Сулаймонов аллақачон умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
XS
SM
MD
LG