Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Ўш қирғини қурбонлари сони борасида аниқ маълумот йўқ


Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар борасида аниқ маълумотларнинг йўқлиги туфайли юзлаб ўшликлар ҳукумат томонидан берилаётган ёрдамлардан бебаҳра қолаётир.

Бишкекдаги “Қилим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова Бош прокуратура, Ижтимоий тараққиёт вазирлиги ва нодавлат ташкилотларида мавжуд бўлган Ўш воқеалари қурбонлари рўйхати бир –биридан кескин фарқ қилишини билдирди.

Масалан, “Қилими шами” ташкилоти эълон қилган рўйхатда Ўш қирғинида 493 одам ҳалок бўлгани айтилади. Бош прокуратура рўйхатида эса бу рақам 417, Ижтимоий тараққиёт вазирлиги рўйхатида 413 кишини ташкил этади.

- Ижтимоий тараққиёт вазирлиги ва Бош прокуратура рўйхатига камида 54 одамнинг исми ёзилмаган. Қизиғи шундаки, бу икки давлат ташкилотининг рўйхатида қайд этилмаган одамларга ҳам июн воқеалари жабрдийдалари сифатида товон пули тўланган. Битта мамлакатдаги икки давлат ташкилоти рўйхати бир-биридан фарқ қилишини қандай тушуниш мумкин?- дейди Азиза Абдурасулова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, ҳукумат тузган жабрланганлар рўйхатига ҳам юзлаб одамлар киритилмаган. Бунинг оқибатида бугунги кунда Ўш қирғинида қурбон бўлган 74 одамнинг яқинлари ва жабрланган 219 одам давлат томонидан белгиланган имтиёзлардан фойдалана олмаяпти. Уларга товон пули ҳам тўланмаган.

Азиза Абдурасулова 2010 йилги Ўш воқеалари пайтида ҳужжатларини йўқотган ўшликлар ҳам ҳукумат кўрсатаётган ёрдамлардан бебаҳра қолаётганини айтди.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Нурлан Жээналиев ҳуқуқ фаоли айтган фактлар асосли эканини билдирди.

- Биздаги маълумотлар бўйича июн воқеаларида Ўш ва Жалолободда 442 одам ҳалок бўлган. Улардан 421 кишининг шахси аниқланган, 21 кишининг жасади шу кунгача топилмаган, - деди Нурлан Жээналиев.

Расмийнинг айтишича, Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар рўйхати тўлиқланишга мухтож. Бу борада давлат тузилмалари бир-бирлари билан мувофиқлашган ҳолда фаолият кўрсатиши лозим.

Ижтимоий тараққиёт вазирлиги расмийлари ҳам ҳуқуқ фаоллари иддаоларининг асосли эканини тан оладилар. Ижтимоий тараққиёт вазирлиги расмийси Қурманбек Укуловнинг айтишича, Ўш қирғини қурбонлари ва жабрдийдалари рўйхатларидаги рақамларнинг бир-биридан фарқланиши кўпроқ ҳуқуқий муаммолар билан боғлиқдир.

- Бу масалада биз бошқа давлат тузилмалари билан ҳамкорликда ишлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бу ерда катта муаммо мавжуд: июн воқеаларида Қирғизистонда яшаган, аммо хориж давлатлари фуқаролари бўлган шахслар ҳам ҳалок бўлган. Уларнинг оилаларига моддий кўмак кўрсатилмаган. Бу муаммони ҳал этиш учун бугунги кундаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилаяпмиз, -деди Қурманбек Укулов.

Унинг айтишича, июн қирғини кунлари ҳужжатларини йўқотган ёки ҳужжатлари уйлари билан бирга ёниб кетган одамларга ҳам моддий ёрдам кўрсатиш, имтиёзлар бериш муаммо бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалани ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG