Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:28

Россияда қайдга туриш қоидалари кескинлашади


Россия Федерал миграция хизмати қайдга туриш қоидаларни бузган хориж фуқаролари, жумладан, меҳнат муҳожирлари учун жазони кескинлаштирмоқчи. Қонунга киритилаётган ўзгартишлар ташаббуси президент Владимир Путиндан чиққани айтилмоқда.

Миграция қонунчилигини бузганлар жаримага тортилади

Федерал миграция хизмати Фуқаролик, Уй-жой, Маъмурий ва Жиноий Кодексларининг қайдга олиш қоидаларига ўзгартишлар киритиш таклифи билан Россия парламентига мурожаат қилди.

Таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, миграция қонунчилигини бузган шахслар, айниқса, ҳориж фуқаролари жавобгарлигини ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, қонунбузар уй эгаларини жавобгарликка тортиш қоидалари ҳам ишлаб чиқилган.

Миграция хизмати томонидан таклиф этилаётган янгиликлар фуқаролар ҳуқуқларини камситмайди, шунчаки фуқароларни қайдга туриш қоидаларига жиддийроқ муносабатда бўлишга мажбур қилади холос, дея ишонтиради Озодлик билан суҳбатлашган ФМСнинг паспорт иши ва аҳолини қайдга олишни ташкиллаштириш бошқармаси раҳбари Михаил Утяцкий.

- Биз фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи қўшимча қоидалар жорий қилишни таклиф этаётганимиз йўқ ва таклиф этмаймиз ҳам. Таъкидлаш зарурки, кейинги пайтларда Россия Федерацияси аҳолисининг фаоллиги ошди – ва бу жуда яхши! Масалан, 2004 йилда биз яшаш жойи бўйича 4 миллион одамни қайдга олган бўлсак, 2011 йилга келиб яшаш жойи бўйича қайдга олинганлар сони 13 миллион кишига етди. Давлат ўзининг маъмурий бошқарувини самарали тарзда амалга ошириши учун аҳоли миграцияси тўғрисида объектив маълумотга эга бўлиши керак, дейди ФМС расмийси Михаил Утяцкий.

Россия ва чет эл фуқароларини регистрация қилиш қоидаларига ҳам жиддий ўзгартишлар жорий қилиниши кўзда тутилмоқда.

ФМСнинг қонунчилик ташаббусини киритишига, ташкилот раҳбарларининг сўзларига қараганда, йилига 1 миллиондан зиёд одам Россияда регистрация қоидаларини бузганликда айбланиб, маъмурий жазога тортилаётгани сабаб бўлган.

Муҳожирларга кўмак бериш Халқаро жамоатчилик ҳаракати ижроия қўмитаси раиси Лидия Графова жорий этилаётган ўзгартишлар Россия фуқароларининг ҳуқуқларини мигрантлар билан тенглаштиради, деган фикрда.

- Федерал миграция хизмати ноқонуний меҳнат миграцияси оқимининг 90 фоизини назорат қила олмаётган бир пайтда улар зиммасига ички миграция, яъни Россия фуқаролари устидан назорат қилиш юклатилмоқда. Эндиликда 90 кундан кейин ҳар қандай россиялик ҳам қайдга туриши керак экан, дейди Лидия Графова.

“Россия елимдан эмас!”

Кузатувчилар қонунга киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартишларда алоҳида эътибор халқ орасида "елимли" деб аталувчи уйларга қаратилаётганини гапирмоқда. Маълум бўлишича, ФМС айрим уйларда юзлаб одамлар қайдга олинганини аниқлаган.

Шу боис, янги қоидаларга кўра, қайдга тураётган ҳар бир одамга камида 6 квадрат метр майдон талаб қилинади, агар бундан камроқ бўлса, у қайдга олинмайди, дея давом этади ФМС бошқарма бошлиғи раҳбари Михаил Утяцкий.

- Ўтган йилнинг ўзида Федерал миграция хизмати органлари томонидан 6 мингдан зиёд “резинали уйлар”, “резинали квартиралар” аниқландики, уларда 300 мингга яқин фуқаролар қайдга олинган экан. Аслида бу одамлар у ерда яшай олмайди. Янги тартибларга кўра, эндиликда уй эгалари ҳам бундай қонунбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилади, дейди Михаил Утяцкий.

“Миграция. 21 аср” мустақил журнали редактори Лидия Графова ФМС таклиф қилаётган қонунга ўзгартишлар муаммо сабабларини эмас, балки унинг натижаларини бартараф этишга қаратилган, дейди:

- “Резинали квартиралар” мавжудлиги аниқ. 5 метр жойда 100 киши пропискада туриши ахмоқлик, албатта. Лекин масаланинг илдизини қидириш керак. Нега шундай ҳолат юзага келмоқда? Бунинг сабаби қайдга туришда бевосита ФМС билан контакт қилиш зарур, бу эса фуқаролар учун азобларнинг азоби! Шу сабабли фуқароларнинг аксари ўз уйларида хорижликларни умуман қайдга олмасликни афзал кўрмоқда, дейди Лидий Графова Озодлик билан суҳбатда.

ФМС ташаббуси билан Думага киритилган қатор қонунларга ўзгартишлар шу йилнинг кузида қабул қилиниши кутилмоқда.

Ғоя ташаббусчиси ким?

ФМСнинг бундай кескин чораларни кўришига 2012 йил январ ойида ўша пайтда Россия Бош вазири Владимир Путиннинг миграция сиёсатида тартиб ўрнатиш кераклиги тўғрисида эълон қилган мақолалари ва шу йилнинг июнида Миграция хизматига бу ҳақда берган махсус буйруғи туртки бўлгани айтилмоқда.

Жумладан, “резинали квартиралар” эгаларини жиноий жавобгарликка тортиш билан биргаликда, у ўз чиқишларидан бирида мигрантлар учун рус тилидан имтиҳон топшириш ташаббусини илгари сурган эди.

Путин меҳнат миграцияси бўйича илғорлик қилаётган Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режими жорий қилинмаётгани сабабларини бундай изоҳлаган эди.

"Маълум даражада, сиёсий сабабларга кўра, биз МДҲ давлатлари билан виза режимини жорий қилмаяпмиз, акс ҳолда биз уларни мутлақо йўқотиб қўямиз. Мен ФМС олдида турган муаммоларнинг жиддийлигини тушуниб турибман, чунки бу минтақа давлатларининг бирортаси билан виза режими йўқ. Хўш, мигрантни чиқариб юбораяпмиз, улар эса самолёт ёки поезд билан ортга қайтиб келяпти, устига бизнинг ҳисобимиздан оиласини боқиб келяпти", дея ёзган эди эндиликда президент курсисини эгаллаган Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG