Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:20

Ўшда уйлар бузилаяпти


Ўшда янги йўл қуриш баҳонасида 39 оила яшайдиган 22 хонадон бузилмоқда. Ўш мэрияси бу уйларни бозор нархидан бир неча марта арзон баҳолагани аҳоли орасида норозилик пайдо қилмоқда.

Ўшдаги Мўнуев кўчасини Оқура кўчасигача кенгайтириш режасини амалга ошириш мақсадида шаҳар мэрияси 39 оила яшайдиган 22 та уйни бузишни режалаштирган эди. Мўнуев кўчасида яшовчилардан олинган маълумотга кўра, шаҳар мэрияси кўрсатмаси билан айрим уйлар бузила бошланган. Бироқ асосан этник ўзбеклардан иборат бўлган Мўнуев кўчаси аҳолиси шаҳар мэрияси уларнинг уйларини жуда паст баҳолаганидан норозилик билдирмоқда ва ўз уйларининг бузилишига қаршилик қилмоқда.

Мазкур кўчада истиқомат қилувчи Барчиной Машрапованинг айтишича, у яшайдиган уйнинг бозор нархи 50 минг доллар атрофида. Аммо шаҳар мэрияси бу уйни 12 минг долларга баҳолаган.

- Биз бунга рози бўлмаяпмиз. Бу уйда биз уч хўжалик яшаймиз. Бизга битта уй керак. Уч оилага уй солиш учун жуда катта маблағ керак бўлади. Шунинг учун ҳокимиятдан “ўзимизнинг уйимизга яраша уй олиб бер ёки бозор нархида пулини бер, бошқа жойдан уй сотиб оламиз”, деб талаб қилаяпмиз. Лекин ҳокимиятдагилар уйимизнинг баҳосини ўзгартиришгани йўқ,- деди Барчиной Машрапова.

Ўш шаҳар расмийлари ҳам уйлари бузилаётган ўшликлар билан тил топишиш ўта қийин бўлаётганини, ўшликларни ҳукумат томонидан берилаётган товон пули қониқтирмаётганини тан олмоқда. Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармаси бошлиғи Алимбай Қадиров уйлари бузилаётганлар билан тил топишиш мақсадида муроса комиссияси ташкил этилганини билдирди:

- Албатта, сотувчи учун белгиланган нарх оз кўринади, олувчи учун эса бу нарх қиммат. Ҳозир биз мэрия буйруғи билан яна бир комиссияни ташкил этдик. Комиссиянинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқи топталишига йўл қўймаслик. Уйлари бузилаётган одамларнинг талаб ва таклифларини эътиборга олиб, улар учун қулай бўлган шароитни яратиб бериш, - деди Алимбай Қадиров.

Ўшликлар ва мэрия ўртасидаги зиддиятга бугунги кунда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам аралашмоқда. Мўнуев кўчасида уйлари бузилаётган ўшликлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи махсус штаб ташкил қилинган.

- Бошида одамлар жуда норози эдилар. Чунки мэрия бузиладиган ҳовлиларни жуда арзон баҳолаб қўйган. Аммо ҳуқуқ фаоллари бу ерда штаб очиб, ўз одамларини мэрия комииссияси таркибига киритганидан сўнг норозиликлар бир оз камайди. Товон пули миқдорини кўпайтиришга эришдик. Бироқ маҳаллада уйлари бузилишига кескин норозилик билдираётган уч-тўртта оила бор. Ҳозир улар билан ҳам музокаралар давом этаяпти, -деди халқаро “Интербилим” ташкилотининг Ўшдаги вакили Гулқақи Мамасолиева
XS
SM
MD
LG