Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Ўйла, Изла, Топ


Ўзбекистон телевидениесининг ана шу номдаги кўрсатувини кўрган Озодлик телетомошабини ҳадди сиғиб мазкур интеллектуал шоу ижодкорларига кўмаклашган бўлди.

(Эшиттириш “Ўзбекистон” телеканали кўрсатувларидан бирининг чақиргич мусиқаси билан бошланади)

Бу жалб этгич мусиқани “Ўзбекистон” телеканали томошабинлари, албатта, таниган бўлсалар керак.

“Ассалому алайкум азиз телетомошабинлар, билимга чанқоқ ўсмир ëшлар. Ўзбекистон телерадиоканали билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда тайëрлаб келаëтган “Ўйла, Изла, Топ” интеллектуал шоу кўрсатувининг навбатдаги саралаш мусобақаси давом этади”.

Ҳа, бу “Ўйла, Изла, Топ” кўрсатуви.

Нега энди бошловчи эндигина бошланаётган кўрсатувни “навбатдаги кўрсатув ДАВОМ ЭТАДИ”, дейди, деб инжиқлик қилманг.

Бунга ўхшаш ҳар бир ғализликка эътибор бераверсак, мақсадга олиб борувчи йўлдан бурилиб кетиб, адашиб қоламиз.

Мақсадга ўтиш олдидан ўша мақсад нега мақсад қилиб олинганига изоҳ:

“Ўйла, Изла, Топ” кўрсатувларидан бирида иштирокчилардан “Янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг”, деган гапни ким айтган, деб сўраган эдилар.

Савол жавоби вариантлари сифатида Амир Темур, Ислом Каримов, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар келтирилганди.

Ўшандаёқ камина ҳам савол ўйлаб қўйган эдим.

Мана ўша савол:

1990 йиллар ўрталарида ТВ орқали олиб кўрсатилган бир издиҳомда Халқ ҳофизи Ориф Алимахсумов Президент Каримовга қандай нисбат берган?

Жавоблар:

A. Истиқлол Тоғи Қояси.
B. Парвардигорнинг Ердаги Сояси.
C. Мустақиллик Дояси.
D. Демократия сояси.

“Ўйла, Изла, Топ” кўрсатуви бошловчиси: “Қайси бирини танлаш ва жавоб бериш ўз ихтиëрларингизда. Баҳолар¸ албатта¸ балл системасида қўйиб борилади. Қатнашчиларнинг билимларини эса ҳакамлар кузатиб боришади”.

Мана энди мақсадга ўтамиз.

Мақсадки, “Ўйла, Изла, Топ”га кўмак кўрсатиш, унинг мавзулари доирасини кенгайтириш, токи унда иштирок этувчи ўсмирлар дунёқараши дунёнинг ўзидай кенгайиб кетсин!

Мақсадимиз йўлида кўрсатувда фойдаланилиши мумкин бўлган шу куннинг мавзуларидаги бир қатор саволлар ва уларнинг муҳтамал жавобларини ёздик.

Биринчи савол: Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қанча маош олади?

Ўйла, Изла, Топ:

17 июл куни Испания қироли Хуан Карлос мамлакатидаги иқтисодий аҳволнинг оғирлигидан келиб чиқиб ўз маошини 7,1 фоизга қисқартирди ва энди у ойига 22 666 евро маош олади.

Бу пулнинг 40 фоизини Қирол даромад солиғи сифатида ҳукуматга қайтаради.

Демак, Хуан Карлоснинг чўнтагига бир ойда 13599 еврою 60 евроцент тушади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қанча маош олади?

A. Хуан Карлосдан кўп олади.
B. Хуан Карлосдан оз олади.
C. Бепул ишлайди.
D. Қанча олишини Татьяна Акбаровнаям билмайди.

Иккинчи савол: Ўзбекистонликларнинг қанчаси қашшоқликда яшайди?

Ўйла, Изла, Топ:

17 июл куни президент Владимир Путин Россия аҳолисининг 13 фоизи, яъни тақрибан 18 миллиони камбағаллик чизиғидан қуйида – қашшоқликда яшаётгани тўғрисида баёнот берди.

Маълумки, россияликлар Ўзбекистонга иш излаб келмайди. Аксинча, миллионлаб ўзбекистонликлар Россияга иш излаб боради.

Ўзбекистонликларнинг қанчаси қашшоқликда яшайди?

A. Россиядагидай 13 фоизи.
B. 13 фоиздан кўпроғи.
C. 13 фоиздан озроғи.
D. Ўзбекистонда қашшоқ у ёқда турсин, камбағал ҳам йўқ. Кам таъминланганлар бор, холос.

Шу ўринда “Ўзбекистон” телеканалида эфирга бериб турилган ва 17 июлдан бошлаб икки пулга қиммат бўлиб қолган бир рекламани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:40 0:00
Бевосита линк

“Ўзбекистон” телеканалида эфирга бериб турилган ва 17 июлдан бошлаб икки пулга қиммат бўлиб қолган реклама эди.

Навбатдаги савол шу реклама эгасига оид. “Ўздунробита” мижозлари кўрган умумий зарар миқдори қанча?

17 июл куни МТСнинг Ўзбекистондаги филиали - “Ўздунробита” хизмат кўрсатишни тўхтатганидан сўнг бизнеси телефонига боғлиқ юз минглаб унинг мижозлари – таксистдан тортиб артистгача – потенциал мижозлари билан алоқани йўқотиб қўйишлари оқибатида молиявий зарар кўра бошлади.

Кўрилган умумий зарар миқдори қанча?

A. 100 000 000 сўм.
B. 10 000 000 сўм.
C. 100 000 сўм.
D. Ота-бобомиз телефонсиз ҳам яшаб келган, жонлари чиқиб кетмайди, сабр қилишсин.

Тўртинчи савол: Ўзбек оилалари тирикчилиги манбаи нима?

Ўйла, Изла, Топ:

Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, 2011 йили Ўзбекистон фуқаролари Россиядан Ўзбекистонга жўнатган пулнинг умумий миқдори қарийб 5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. ($4.909 млрд.)

Маълумки, Ўзбекистонга хорижий валюта пахта толаси, олтин ҳамда газ ва нефт сотишдан ҳам тушади.

Аксари ўзбек оилаларининг тирикчилигини қуйидаги товарларнинг қайсинисидан тушадиган пул таъминлаб турибди?

A. Пахта толасидан.
B. Олтиндан.
C. Газ ва нефтдан.
D. Россияда юрган меҳнат муҳожирларидан.

Ва ниҳоят, бешинчи савол: Гулнора Каримова уйлаб қўйган ёшларнинг келажаги қандай бўлади?

Ўйла, Изла, Топ:

Шу кунларда Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ҳомийлигидаги “Маданият ва санъат форуми” жамғармаси мамлакат бўйлаб никоҳ тўйлари уюштирмоқда.

Бу тўйларда кам таъминланган куёвлар кам таъминланган келинларга уйланаяпти.

Гулнора Каримова раҳбарлиги остида маҳаллий тадбиркорлар уйлаб қўйган ёшларнинг келажаги қандай бўлади?

A. Биринчи кам таъминланган иккинчи кам таъминланганнинг камини тўлдиради.
B. Икки кам таъминланган қўшилганидан кейин ҳар бири кам-кам таъминланганга айланади.
C. Кам-кам таъминланганларда кўрадиган фарзандлари кўп-кўп таъминланган бўлишига умид пайдо бўлади.
D. Кам-кам таъминланган куёв бола ижарага олган уйини кам-кам таъминланган хотинига хотиржам ташлаб, Россияга кета олади.

“Ўзбекистон” телеканалининг “Ўйла, Изла, Топ” кўрсатуви учун ўйлаб, излаб топган саволларимиз ва уларнинг муҳтамал жавоблари эди.

Саволларимиздан “Ўйла, Изла, Топ”чилар фойдаланадими-йўқми – бир нарса дейиш қийин.

Лекин, азиз муштарий, муҳтамал жавоблардан ўзингиз тўғри деб билганингизни, боз устига, ўзингизни қизиқтирган бошқа саволлару уларнинг жавобларини ҳам ёзиб юборишингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG