Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:46

Халқаро ташкилотлар Асқаровни унутгани йўқ


Қийноқларга қарши халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукуматидан Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Халқаро ташкилот бу борада Қирғизистон Бош прокурори Аида Саляновга мурожаат жўнатди. Мурожаатда этник ўзбек бўлган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўриб чиқилиши илтимос қилинган.

Халқаро ташкилотнинг билдиришича, Азимжон Асқаровнинг адвокатлари ўз ҳимоясидаги одамнинг айбсиз экани тўғрисида қўшимча маълумотларни тўплашга муваффақ бўлган.

Асқаровнинг адвокатлари бундан аввалроқ мазкур масалада Жалолобод вилоят прокуратурасига мурожаат қилган эди. Бироқ 11 июл куни Жалолобод прокуратураси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эмаслгини билдирган.

Қийноқларга қарши халқаро ташкилот Азимжон Асқаров иши “адолатли, холис ва ошкора тарзда” қайта кўрилиши керак деб ҳисоблайди.

Бир неча ҳафта аввал Бишкекка келган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай ҳам Қирғизистон президенти ва Бош прокурор билан учрашуви чоғида Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш масаласини кўтарган эди. Нави Пиллайнинг айтишича, Қирғизистонда этник ўзбекларга нисбатан дискриминациянинг мавжудлиги, маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг қўлланилиши Азимжон Асқаров устидан ўтказилган тергов ҳамда суднинг адолатли, холис бўлганини шубҳа остига қўяди.

Халқаро ташкилотлар 2010 йилдан бери ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг иши соҳталаштирилганини айтиб, уни қамоқдан озод қилиш ва оқлаш талаби билан қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб келади. Лекин шу кунгача Қирғизистон ҳукумати бу талабларни эътиборга олмай келаётир.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг сентябрида Бозорқўрғон туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳукумни кейинроқ Жалолобод вилоят суди ўз кучида қолдирган.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнида Бозорқўрғон шаҳрида тартибсизликларни уюштирганликда ва бир милиция ходимини ўлдирганликда айбланган. Мазкур айбловлар қийноқлар остида тан олдирилганини айтаётган халқаро ташкилотлар ва адвокатларнинг иддаоларига қарамай, Қирғизистон Олий суди 2011 йилнинг 20 декбарида Асқаровга чиқарилган умрбод қамоқ ҳукмини ўз кучида қолдирган.
XS
SM
MD
LG