Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

МТС тўхтагач¸ VISA Card ҳам ишламай қолди


Ўзбекистонликла кўтариб юрган VISA карточкалари айни кунларда фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди.
Ўзбекистонликла кўтариб юрган VISA карточкалари айни кунларда фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди.

Аксар аҳолининг ойлик ва нафақалари мажбуран пластик карточкага ўтказилган ва карточкаларнинг аксари VISA Card бўлган Ўзбекистонда бу карточкалар бутунлай ишламай қолди. VISA Cardнинг фаолияти тўхтатилган МТСга боғлаб қўйилгани мамлакатдаги нақд пулсиз олди-бердини қисман фалажлаштириб қўйди.


Нақд пулсиз савдо йўқ!

Ўзбекистон ичкарисидаги пул ўтказиш амалиëтларини МТС мобил алоқа ширкати воситасида бажариб келган VISA Inc. молиявий хизматлар гуруҳининг Ўзбекистон ичкарисидаги хизматларида МТС-Ўзбекистон фаолияти тўхтатилиши ортидан узилиш рўй берди.

Ўзбекистондаги VISA Card эгалари қўлидаги пластик карточкалар¸ бир куннинг ўзида тўлов воситаси сифатидаги қимматини буткул йўқотди - савдо ва хизмат шохобчаларида VISA карточка эгаларига хизмат кўрсатиш тўхтатилди.

Хусусан¸ МТС-Ўзбекистон фаолияти тўхтатилган 17 июл кечки соат 6 дан бошлаб VISA пластик картаси билан тўловлар амалиёти ишламай қолди.

“Ўзгазойл” компаниясига қарашли Тошкентдаги 31- АЁҚШ операторининг айтишича, VISA пластик картасининг тўловлар учун ишламай қолгани йўловчиларга жиддий ноқулайлик туғдириш баробарида¸ савдога ҳам салбий таъсир қилган:

- VISA миз симкарталарда, МТСга уланган эди, шунга ишламаяпти. VISAликлар энди бориб накд пул қилиб келиб, кейин бензин сотиб олаяпти. Энди одамларга қийин бўлди-да, дейди АЁҚШ оператори.

МТС молиявий тизимдаги узилишлар учун Тошкентни айбламоқда

МТС компаниясининг Россиядаги бош офиси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменконинг айтишича, VISA пластик карточкаларининг Ўзбекистондаги терминалларида ишламай қолгани учун МТС бевосита айбдор эмас:

- Ўзбекистондаги тегишли идоралар қарори ва маҳаллий қонунчилик асосида биз ўз фаолиятимизни тўхтатишга мажбур бўлдик. Биз ҳозирча 10 кун ичида ҳеч қандай хизмат кўрсатишга ҳақли эмасмиз. Айни пайтда биз Ўзбекистондаги МТС фаолиятини барқарорлаштириш учун барча ҳаракатни қилaяпмиз, деди МТС компаниясининг Россиядаги бош офиси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменко.

Мобил алоқа ширкати ва VISA фаолияти қандай боғланган?

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ ходими, айни пайтда Қозоғистондаги Евроосиё миллий университетида ишлаётган иқтисодчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, ўз мижозларига тезкор хизмат қилиш кафолатини берувчи ҳар бир пластик карточка қайсидир бир мобил алоқа компанияси билан боғланган бўлади:

- Мобил алоқани пластик карточкалардаги роли шундан иборатки, карточкалардаги пул тушиши ва олиниши билан боғлиқ амалиётлар ҳақида марказга хабар бериб турилади. Лекин МТС алоқасининг узилгани карточканинг ўзи тўхтаб қолди, деган гап эмас. Карточка ишлайверади, фақат терминаллар учун ишламайди. Энди пул керак бўлса банкка бориб олиши ва кейин харид қилиши мумкин. Бу ҳолат мижозга ноқулайлик туғдирди, дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчи фикрича, хориж билан молиявий олди-бердилар Интернет орқали амалга оширилиши боис¸ МТС ва VISA ширкатларининг Ўзбекистондаги фаолиятидаги узилишлар VISA карточкаси билан хорижда қилинадиган молиявий амалиëтларга таъсир қилмайди.

Ўзбекистонда МТС шўъба корхонаси "Ўздунробита" мобил алоқа ширкати фаолияти расман 10 кунга тўхтатилган ва бу муҳлат 30 июл душанба куни ниҳоясига етади.

Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари 30 июлдан бошлаб МТС-Ўзбекистон фаолияти қайта тикланишига ҳуқуқий асос бермаса¸ VISA ширкати бу мамлакат ичкарисидаги пул ўтказишлари учун ўзига бошқа мобил алоқа компаниясини танлашига тўғри келади.

МТС фаолияти тўхтатилгандан бери Ўзбекистон мобил алоқа бозорида жами тўрт ширкат - Beeline, UCell, UzMobile ва Perfectum Mobile қолди.

Айни кунларда мобил алоқасиз қолган 9 миллиондан ошиқ МТС мижозининг қолган бу тўрт ширкатга оммавий кўчиши оқибатида¸ мазкур ширкатлар фаолиятида жиддий техник муаммолар кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG