Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:40

Ўзбекистон жамоаси учун янa бир мағлубият куни


Денис Истомин Федерерга мағлуб бўлди.
Денис Истомин Федерерга мағлуб бўлди.

Лондон олимпиадасининг бешинчи кунида гимнастикачи Луиза Галиулина Олимпия қишлоғидан ҳайдалди. Теннисчи Истомин, Қиличбоз Кудаев ва дзюдочи Дилшод Чориевлар мусобақаларини мағлубият билан якунлади.

Гимнастикачи Галиулина ҳайдалди


XXX Ëзги Олимпиада ўйинларида Бадиий гимнастика бўйича иштирок этиши лозим бўлган ўзбекистонлик Луиза Галиулина допинг тестидан ўта олмагани сабабли Лондондаги Олимпия қишлоғидан ҳайдалди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси маълумотига кўра, Интизом комиссиясининг иккинчи допинг тест натижаси бўйича якуний қарори ҳам Луиза Галиулинанинг фойдасига бўлмаган.

Қўмита 25 июл куни олинган допинг тест натижасига кўра, Галиулинанинг организмида таъқиқланган (диуретик препаратга алоқадор) фуросемид моддаси топилгани ҳақида хабар қилган эди.

Шундан кейин 20 ёшли Галиулина олимпиада мусобақаларидан вақтинча четлатилган эди. Иккинчи тест натижаси ҳам салбий чиққач Галиулинани Олимпия қишлоғидан чиқариб юборишга қарор қилинган.

Галиулина 2005 йилда Қатарда ўтган Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, у 2010 йилда Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам бронза медал соҳибаси бўлган эди.

Луизанинг Лондон олимпиадасида ҳам яхши кўрсаткичларни қўлга киритиши кутилаётган эди.

Теннисчи Истомин Федерерга мағлуб бўлди


Лондон Олимпиадасида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилаётган теннисчи Денис Истомин 3-босқич учрашувида дунёнинг биринчи ракеткаси Рожер Федерерга мағлуб бўлди.

Иккита сет натижасига кўра, Истомин 5:7 ва 3: 6 ҳисобида ғалабани бой борди.

Дунё рейтингида 35-ўринда бораётган Денис Истомин швейцариялик Рожер Федерер билан жами уч маротаба беллашган. Учала учрашув ҳам Федерер фойдасига якунланган.

Олимпиада мусобақасининг биринчи босқич учрашувида Денис Истомин дунёдаги 16 ракетка ҳисобланмиш испаниялик Фернандо Вердаско устидан ғалаба қозонди.

Иккинчи босқичда эса тошкентлик теннисчи уч сетда люксембурглик Жил Мюллерни мағлуб этди.

Дзюдочи Чориев бронзадан қуруқ қолди


Қашқадарёлик 27 ёшли дзюдочи Дилшод Чориев (90 кг) чорак финалда бразилиялик 30 ёшли Тиаго Камилога ғалабани бой берди.

Чориев швециялик Маркус Найман ва венгриялик Тамас Мадарасзни енгиб, чорак финалга чиқишга муваффақ бўлган эди.

Дилшод бронза медал учун япониялик рақиби Масаши Нишияма билан бўлган мусобақада эса мағлубиятга учради.

Қиличбоз Кудаев чорак финалдан қайтди


Лондон олимпиадасида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилаётган қиличбоз Руслан Кудаев чорак финалдан қайтишга мажбур бўлди.

32 ёшли Кудаев чорак финалда рақиби венесуэллалик 33 ёшли Силвио Фернандезга мағлуб бўлди.

Кудаев 1/16 финал босқичида кореялик рақиби 27 ёшли Куонгдо Паркни 15:9 ҳисобида мағлуб қилган эди.
XS
SM
MD
LG