Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

Аббосдан олтин медал кутилаяпти


6 август куни Лондон Олимпиадасида ярим финал босқичига йўлланма олган ўзбек боксчиси Аббос Атоев камида бронза медал соҳиби бўлади.

Боксчи Атоев ярим финалга чиқди


Бухоролик 26 ёшли боксчи Аббос Атоевнинг Олимпиададаги илк муваффақияти уни медаллар пиллапоясига кўтарди. Ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган Аббос Атоев йўқ деганда ўзи учун бронза медални кафолатлаб қўйди.

Лекин ўзбекистонликлар ундан албатта олтин медал кутаётганликлари аниқ. Буни Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги муҳокамалардан билиш мумкин.

Лондон Олимпиадасида 75 кг вазн тоифасида қатнашаётган Атоев 6 август куни чорак финал босқичида ҳиндистонлик Вижендер Сингхга қарши рингга чиқди ва уч раунд натижалари бўйича 17-13 ҳисобида ишончли ғалабага эришиб, реванш олишга муваффақ бўлди.

Атоев Сингх билан бундан икки йил муқаддам Гуангжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари финалида учрашган ва ҳиндистонлик боксчига катта ҳисобда мағлуб бўлган эди.

Менков каноэда эшкак эшиш бўйича финалда


6 август куни каноэда эшкак эшиш бўйича 100 метр масофага беллашувда иштирок этган ўзбекистонлик спортчи Вадим Менков финалга чиқишга муваффақ бўлди.

Медал учун финал мусобақалари 8 август куни бўлиб ўтади.

Икки карра жаҳон чемпиони 25 ёшли Меньков 2008 йилги Пекин Олимпиадасида 1000 метрга эшкак эшиш бўйича 4-ўринни эгаллаган эди.

Нуриддинов ва Ефремов “медалга жуда яқин келишди”


Олимпиаданинг 10-кунида оғир атлетика бўйича 105 килограммгача бўлган спортчилар мусобақасида иштирок этган ўзбекистонлик Руслан Нуриддинов (4-ўрин) ва Иван Ефремов (5-ўрин) ҳам медалдан қуруқ қолишди.

Украиналик спортчи Олексей Торохтий жами 412 кг. натижа билан олтин медални олишга муваффақ бўлди. Эронлик спортчи Наваб Насиршелал (411 кг.) кумуш медал, полшалик спортчи Бартломеж Бонк (410 кг.) эса бронза медал соҳиби бўлишди.

2011 йили Парижда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал совриндори бўлган Руслан Нуриддинов 6 август куни даст кўтаришда 184 кг, силтаб кўтаришда эса 220 кг тошни кўтариб, жами 404 натижани қайд қилди.

Ефремов эса даст кўтаришда 183 кг, силтаб кўтаришда эса 218 кг тошни кўтариб, 401 натижага эришди.

Олимпиаданинг 11-куни жадвали


Бугун ўзбекистонлик спортчилар Лондон Ёзги Олимпиадасида мусобақаларнинг тўрт тури бўйича беллашади.

Байдаркачи Юлия Борзова 500 метрга сузиш бўйича саралаш мусобақаларида 6 иштирокчи орасида 6-ўринни олишига қарамасдан ярим финалга чиқди.

Борзова ярим финалда 8 иштирокчи орасида 8-ўринни олди ва олимпиада билан хайрлашди.

Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Анастасия Свечникова ҳам найза улоқтириш бўйича мусобақада жуда паст кўрсаткичдаги натижани қайд қилди ва кейинги босқичга ўта олмади.

Яна бир енгил атлетикачи Юлия Тарасова узоқликка сакраш беллашувида қатнашади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 23:05 да бошланади.

Энг енгил вазн тоифасида қатнашаётган боксчи Жасурбек Латипов (52 кг) ярим финалга чиқиш учун мўғулистонлик Тугстсогт Намбаярга қарши рингга тушади.

Учрашув Тошкент вақти билан соат 00:45 га белгиланган.

Ҳозирча Ўзбекистон битта бронза медал билан турнир жадвалининг 63-поғонасида турибди.
XS
SM
MD
LG