Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:18

Pew Researches: Мусулмон дунёсидаги яхлитлик ва турфалик


Ўзбекистонлик мусулмонларнинг 9% ҳафтада камида бир ёки бир неча марта масжидга боради. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 10%, Қирғизистонда 23%, Тожикистонда 30%, Туркияда 44% фоизни ташкил қилади.

9-август куни АҚШнинг таниқли Pew Researches тадқиқотлар маркази ўзининг “Мусулмон дунёси: яхлитлик ва турфахиллик” номли катта ҳажмдаги янги тадқиқотини (http://www.pewforum.org/Muslim/the-worlds-muslims-unity-and-diversity-executive-summary.aspx) эълон қилди.

Ушбу тадқиқот, 2011 йил давомида 39та давлатда ўтказилган, унда дунёнинг 80 тилида, жами бўлиб 38минг одам сўралган. Жумладан, тадқиқотда Марказий Осиё минтақасидан жами 7200га яқин одам иштирок этган.

Сўров натижаларига кўра, дунё мусулмонларининг мутлақ аксарияти ягона Аллоҳни ва унинг пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)ни тан олишади. Яъни, айнан Аллоҳни ва Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарни тан олиш борасидаги ақидавий яхлитлик юқори даражада эканлиги айтилади. Жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё мусулмонларининг 97%, Яқин Шарқ ва шимолий Африка мусулмонлари 100%, Жанубий Шарқий Европа мусулмонларининг эса 85%и якка Аллоҳ ва унинг расули Муҳаммад (с.а.в.)ни тан олишларини билдиришган.

Африканинг Сахро минтақаси, жанубий-шарқий ва жанубий Осиё минтақаси мусулмонларининг ҳар ўнтадан саккиз нафари учун дин ўта муҳим эканлигини урғулаган бўлса, бу кўрсаткич бутун Яқин Шарқ ва шимолий Африкада эса ҳар ўнтадан таҳминан олти нафарни ташкил қилган. АҚШ мусулмонларининг 69%и таъкидлашича, дин уларнинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутади.

Бироқ тадқиқотга кўра, коммунистик босим остида бўлган мусулмонлар учун дин нисбатан кам аҳамиятга эга. Россия, Болқон ва Марказий Осиё давлатларида сўралган мусулмонларининг ярмидан ками учун дин муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё, Россия ва Болқон давлатлари орасида жойлашган, лекин коммунистик ғоя таъсирида бўлмаган Туркия мусулмонлари орасида ислом дини (67%) ўта муҳим ўрин тутади.

Айни пайтда диндорлик даражаси ва динга муносабат борасида ёш билан фарқланиш тенденцияси кузатилади. Тадқиқот хулосаларига кўра, бутун Яқин Шарқ ва шимолий Африка бўйлаб, 35 ёш ва ундан катта бўлганларнинг динга эътибори, 18-34 ёшдагиларга нисбатан анча кучлироқ. Мазкур минтақанинг барча давлатларида яшовчи аҳоли орасида ёши улуғроқ мусулмонлар масжидни кўпроқ зиёрат қилишади, ҳар куни Қуръон ўқиб туришади, ҳар куни намоз ўқишади. Яқин Шарқ ва шимолий Африкадан ташқари минтақаларда авлодлар ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Сўровномага кўра, фақатгина Россияда мутлақ тескари вазият ва бу ерда ёшларнинг динга қизиқишу-шижоати ёши катталарга нисбатан юқори.

“Дин сизнинг ҳаётингизда қанчалик муҳим ўрин тутади” деган саволга Ўзбекистон мусулмонларининг 30% “юқори” деб жавоб берган. Қиёслаш учун, бу кўрсаткич Озарбайжонда 36%ни, Қирғизистонда 49%ни, Тожикистонда 50%ни, Туркияда эса 67%ни ташкил қилган. Минтақада фақатгина Қозоғистон мусулмонларининг 18%гина уларнинг ҳаётида диннинг ўрни муҳим деган жавоб билан, Ўзбекистон мусулмонларидан кейинги ўринни олган.

Сўровномада ислом динини талқин қилиш борасидаги саволлар ҳам ўрин олган. “Сизнингча, ислом ягона талқин қилиниши керакми ёки кўплаб талқин қилинишга йўл борми” мазмунидаги саволга, Ўзбекистон мусулмонларининг 59%и ягона талқин тарафдори бўлишса, 12% эса турфа хил талқин тарафдорлари бўлишган. Қиёслаш учун, Қозоғистонда 36% ягона талқин тарафдорлари ва 31% турфа талқинлик, Туркияда эса 66% ягона талқин ва 22% мусулмонлар турфа талқинлик тарафдорлари бўлишган.

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг 18% бир кунда бир ёки бир неча марта намоз ўқишади (бу кўрсатикич Қозоғистонда 4%, Қирғизистонда 18%, Тожикистонда 42%, Туркияда 43%, Озарбайжонда 79%).

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг 9% ҳафтада камида бир ёки бир неча марта масжидга боради (Қозоғистонда бу 10%, Қирғизистонда 23%, Тожикистонда 30%, Туркияда 44%).

Рамазон ойининг рўзасини ўзбекистонлик мусулмонларнинг 50% тутишларини айтишган (Қозоғистонда бу кўрсаткич 30%, Қирғизистонда 53%, Тожикистонда 88%, Туркияда 84%ни ташкил қилади).

Озодлик радиоси ушбу тадқиқотга шарҳ сўраб, Ўзбекистонлик олим, исломшунослик фанлари доктори Муҳидддин Шириновга мурожаат қилди.

Озодлик: агар тадқиқотга эътибор берсангиз, Ўзбекистонликларнинг 30% “мен учун дин ўта муҳим” деган холос. Қозоғистондан бошқа барча қўшни давлатларда, бу кўрсаткич юқори. Буни қандай шарҳлайсиз?

- Назаримда, Ўзбекистон мусулмонларининг “диннинг муҳимлиги” деган маънога бориб тақалса керак. Очиқ жамиятларда диннинг муҳимлиги юқори эканлиги айтилган. Собиқ атеистик ёки сиёсатда ва оммавий ахборот воситалари орқали дин жамиятдан анча ортга сурилган жамиятларда диннинг муҳимлиги паст эканлиги айтилади.

Озодлик: диннинг муҳимлиги паст эканлиги, бу давлат сиёсатининг ҳосиласи, демоқчимисиз?

-Бу давлат томонидан тадбиқ этиладиган мафкуранинг таъсири бўлиши керак.

Исломшунос олим, фан доктори Муҳидддин Ширинов билан суҳбатни бу ерда эшитишингиз мумкин.

Исломшунос олим, фан доктори Муҳидддин Ширинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:13 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG