Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:45

“Спорт” телеканали Cалимбойни цензура қилди


Ўзбекистоннинг "Спорт" телеканали режиссёрлари кеча Лондондан трансляция чоғида Салим Абдувалиев кўрсатилишини олдини олиш бўйича ҳақиқий қаҳрамонлик актини намойиш қилишди.
Ўзбекистоннинг "Спорт" телеканали режиссёрлари кеча Лондондан трансляция чоғида Салим Абдувалиев кўрсатилишини олдини олиш бўйича ҳақиқий қаҳрамонлик актини намойиш қилишди.

Артур Таймазовнинг гуржи полвон билан беллашувини кўрдингизми? Отасига раҳмат лекин! Умидлари узилиб, тақдирга тан бераёзган миллионлаб мухлисларга ягона олтинни тортиқ қилди!

Финални ЎзТВнинг “Спорт” телеканалида томоша қилган бўлсангиз, сезгандирсиз, чапдаст телевидениечиларимиз “мудҳиш фожиа”нинг олдини олиб қолишди.

Олимпиада олтини завқи билан ашулани важанг қўйиб юрганлар, яна нима бало бўлибди деб капалагингиз учмасин. Эътибор беринг, “фожиа” деганимиз қўштирноққа суяни-иб турибди...

Ҳаммаси ҳакам Артур Таймазовнинг қўли баланд келганини эълон қилгандан кейин бошланди. Шу маҳал учинчи марта Олимп чўққисини забт этган полвонни табриклаш учун Салимбой Абдувалиев югургилаб гиламга чиқиб келса бўладими?! Ҳа, ўша Салимбойнинг шахсан ўзи. Ким учундир мафиоз-тадбиркор, ким учундир қўли очиқ пулдор. Ғалабадан маст Бой (биз ҳам уни қисқа-лўнда қилиб оддий халқ орасидаги лақаби билан атай қолайлик) қўл қовуштириб ўтира олмади-да. Гиламга чиқа солиб, ўзини Артурнинг қучоғига отди.

Худди шу маҳал “Спорт” телеканали режиссёрлари қаҳрамонлик актини намойиш этишди. Кадрда Бой пайдо бўлар-бўлмас Лондондан узатилаётган трансляцияни шартта тўхтатиб, Артур ҳақидаги узуқ-юлуқ лавҳани қўйиб юборишди.

Ажаб тезкорлик, ажаб хушёрлик! Ўзингиз холис айтинг, экранда исталмаган одам кўриниб қолса, уни “зарарсизлантириб”, зудлик билан бошқа кадрни тиқиштириш осон иш эмас, ахир! Яна, жонли эфир пайти-я! У эмас, бу эмас, ЎзТВчиларнинг “запрет”даги одамларни кадрдан усталик билан қирқиб ташлаш борасидаги тажрибаси яна қўл келди.

Хайрият-э, “ЧП”нинг олди олинди деб, нафас ростлаб ўтирсам, финалнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари қаторида Бой югургилаб чиққан анави “бехосият” кадр такроран берилиб қолсами! (Лондондаги трансляциячиларга мўйловдор бу одам эфирда кўрсатилмасин, деб аввалдан шипшитиб қўйилмаган экан. Келгуси сафар Риога бориб, трансляциячиларга алоҳида уқтириб келиш керак).

Лекин тасанно ва офаринки, “Спорт” телеканали режиссёрлари шунча йиллардан бери лайлак ҳайдаб юрмаганларини исботлашди. Яна чаққонлик ва чапдастлик билан Бойни эфирдан бадарға қилиб, Артур ҳақидаги лавҳасимон бир нимани қўйиб юборишди.

Тўғри, Бой кадрда бир неча сония тантана қилгандек бўлди, лекин эфирда узоқ қолиб кетишига йўл қўйишмади барака топкур ЎзТВчилар! Хуллас, Олимпиада гиламида алпқомат Артур гуржи полвонни ер тишлатган бўлса, ўзбек режиссёрлари телевидение пултида ундан қолишмайдиган профессионализмни кўз-кўз этишди…
XS
SM
MD
LG