Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:29

Муҳожирлар Победадан қувилди


Аёлни зўрлашганликда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.
Аёлни зўрлашганликда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.

Ленинград вилоятида меҳнат муҳожири 45 ёшли маҳаллий аёлни зўрлагани билан боғлиқ воқеа оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Победа шаҳарчасидан деярли барча мигрантлар қувилиши ортидан маҳаллий полиция жиноятни содир этганликда айблаб, Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди.

Бир неча кундан буён Ленинград вилояти Виборг тумани Победа қўрғони аҳолиси тинчи бузилган.

2012 йилнинг 9 август куни Победа қўрғонида яшовчи 45 ёшли аёл ўзи ишлайдиган “Ударник” парранда фабрикаси раҳбарияти томонидан фавқулодда навбатга чақиртирилган. Кечки пайт йўлда бир ўзи кетаётган аёлга кўринишидан осиёлик бўлган номаълум шахс ташланиб, уни қаттиқ калтаклаган ва зўрлаган.

Бурни, қовурғаси синдирилган, зўрланган аёл ўлгани тўғрисида пайдо бўлган миш-мишлар 1800 кишидан иборат аҳолиси бор Победада 10 август куни 150га яқин маҳаллий фуқаро “Скандинавия” трассасини тўсиб, жиноятга алоқадор мигрантни аниқлашни талаб қилди.

Посёлкага вилоят марказидан етиб келган полиция, прокуратура, Тергов қўмитаси ва миграция хизмати расмийлари оммавий тартибсизликларни олдини олиш мақсадида шаҳарни асосан “Ударник” парранда фабрикасида ишлаётган “келгиндилардан” тозалашга киришди.

Виборг туман полициясидан олинган маълумотга кўра, зўрлашга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган 40 меҳнат муҳожири текширувдан ўтмоқда: улардан биоанализлар олинган.

Биргина парранда фабрикасида ушланган ва юк ташувчи ҳамда қурувчи бўлиб ишлаётган 37 та меҳнат муҳожиридан 32 нафари ноқонуний меҳнат фаолиятини юритаётгани аниқланган, дейди “Ударник” корхонаси олдига йиғилган оломонни тинчлантиришга уринган Ленинград вилояти прокурори муовини Сергей Есипов.

- Аниқланган ноқонуний меҳнат муҳожирлари фабрикадан четлатилди. Улар, сўзсиз, маъмурий жавобгарликка тортилади. Ҳозирда вазият назорат остида ва қўрғонга қўшимча полиция кучлари тортилди, дейди Ленинград вилояти прокурори муовини Сергей Есипов.

Озодлик бошқа манбадан олган маълумотларга кўра, полиция ва миграция хизмати ходимлари икки кун давомида олиб борган рейд натижасида шаҳарчадан 3 автобус тўла марказий осиёлик меҳнат муҳожири олиб чиқиб кетилган. Победа қўрғонида аниқланаётган барча ноқонуний меҳнат муҳожирлари 89-сонли полиция бўлими ва Виборг туман миграция хизмати бўлимларига олиб келинмоқда.

Ҳодиса юзасидан Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко минтақадаги барча корхона ва боғдорчилик хўжаликларида текширувлар ўтказишни буюрди.

Победага келган 100га яқин Роспотребнадзор, Меҳнат инспекцияси, Миграция хизмати ходимлари биргина “Птицефабрика Ударник” корхонасини текширишга тушди, прокуратура фабрика директоридан Марказий Осиёдан келган муҳожирлар билан тузилган барча меҳнат шартномаларини бекор қилишни талаб қилган.

Лениград вилояти прокуратурасидан олинган хабарга кўра, ҳозирда “Ударник” товуқ фабрикаси бош директорига нисбатан 8 та, маҳаллий маъмурият раҳбарига нисбатан 2 та маъмурий иш очилган, ноқонуий миграция ташкил этишга оид айблов асосида жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Айни пайтда, “Ударник” корхонаси раҳбарияти Озодликнинг расмий мурожаатига ҳозирча изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

Ленинград вилояти Тергов қўмитаси Озодликка содир этилган зўрлаш юзасидан қўзғатилган жиноий иш асосида аллаққачон Ўзбекистон фуқароси ҳибсга оилнганини маълум қилди.

- Бир киши ҳибс этилди. Унинг содир этилган жиноятга алоқадорлиги тўғрисида бизда инкор этиб бўлмайдиган далилларимиз мавжуд. Унинг шахси ҳам аниқланди: бу ўзбекистонлик 33 ёшли Санжар Рустамов. У шахсга қарши содир этилган жиноят учун олдин ҳам жавобгарликка тортилган экан. Терговчиларимиз Рустамовни суд орқали ҳибсда қолдириш ва айблов эълон қилишга тайёргарлик кўрмоқда, дейди Ленинград вилояти Тергов қўмитаси раҳбари муовини Юлия Матолигина.

Победа қўрғонидаги ҳодиса юзасидан жамоатчилик олдида чиқиш қилган Ленинград вилояти губернатори Дрозденко Россия Давлат Думасига муниципал милиция ходими тўғрисида қонун қабул қилиш таклифи билан чиқишини айтди. Унинг таклифига биноан, маҳаллий “шериф” айнан қўрғон, қишлоқ ва шаҳарчалар аҳолисининг тинчлигини сақлаши, жумладан мигрантлар устидан назорат ўрнатиши зарур.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG