Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:51

“Халқ бир пода - унга бошқарувчи керак!”


Халқни подага менгзаган самарқандлик Жамшид "Гулнора Каримова - подачи" дейишга жасоратлангани йўқ.
Халқни подага менгзаган самарқандлик Жамшид "Гулнора Каримова - подачи" дейишга жасоратлангани йўқ.

Халққа нисбатан бу ҳақоратмуз ташбеҳни суяги амалдорлик курсисида қотган одамдан эмас, оддий бир ўқитувчи йигит - самарқандлик Жамшиддан эшитдик.

Жамшид “Озодлик-онлайн” эшиттиришининг 13 август куни ҳавога узатилган сўнгги сонини тинглаганини ва тинглаш жараёнида пайдо бўлган фикрлари билан ўртоқлашишни истабди.

Самарқандлик суҳбатдошимизнинг фикрича, президент қизини эшиттириш муҳокамасига чиқаришдан тортиб, эшиттириш давомида унга нисбатан билдирилган танқидий фикрларнинг берилиши ҳасаддан бошқа нарса эмас.

Жамшид билан ўтказганимиз мулоқот қуйидагича кечди:

- Самарқанд шаҳридан Жамшид бўламан.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 32 да.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Инглиз тилидан репетиторлик қиламан. Кеча Онлайн дастурларингизни эшитдим. Гулнора Каримованинг битта-иккита ҳатти-ҳаракатларини, ишларини муҳокама қилдинглар-да. Шунга гапим бор эдики, кўпчилик одамда ҳасад деган тушунча бўлади. Гулнора Каримова энди ҳар қандай одам ҳам у кишининг имкониятларида бўлса, шунақа аҳволда бўлса-да, чексиз имконият оддий одамга нисбатан катта маблағ қўл остида бўлса, шунақа иш қилса ëмонми дейман-да Ўзбекистон бўйича. "Минг ишчига бир бошчи" дейди-ку. Халқ ҳам бир подадай гап. Халқни бошқарадиган бир бошчи керак.

Озодлик: Мана, 32 ëшда экансиз. Инглиз тили ўқитувчиси экансиз. Оддий бир ўқитувчининг оғзидан халққа нисбатан шунақа эпитетнинг ишлатилиши менга ëқмайроқ турибди-да. “Халқ ҳам бир подадек” деган фикрни сиз ўйлаб топганингиз йўғу, лекин шуни бемалол айтишингиз қизиқ-да.

- Ҳақорат сифатида қабул қилмаслик керак буни. Просто тартиб ўрнатиш маъносида гапираяпман мен. Буни ҳақорат сифатида, "халқ қўй, қаерга ҳайдасанг, бааа деб бораверади" деган маънода эмас, ташкиллаштирувчи бош керак. Ҳар минг ишчига бир бошчи.

Озодлик: Бўпти. Гапни Гулнора Каримовадан бошладингиз. Ўзбекистоннинг 30 миллион аҳолиси бор. Шунинг 15 миллиони аëллар. Мана сиз халқни ташкиллаштириш, уюштириш учун бошчилар керак, деяпсиз. Нима учун 15 миллиондан фақат Гулнора Каримовани билаяпмиз? Гулнора Каримова қиладиган ишларни қиладиган бошқа аëл ëки эркак йўқми? Бир кишининг қўлидан келадиган ишмас-ку сиз айтган пода бўлган халқни уюштириш.

- 15 миллион Гулнора Каримова бўлиши учун Ўзбекистонга 15 миллион Ислом Каримов керак. Битта республикада битта президент бўлади. Қайси мамлакатда 15 миллион отаси президент, отаси бойвачча қизлар бор? Ҳеч қайси мамлакатда бўлмаса керак.

Озодлик: Гулнора Каримова бўлиш учун фақат отаси президент бўлиши шарт бўлган жамиятни нормал жамият деса бўладими?

- Бу нарса битта бизларда кузатилмайди. Агар битта бизларда кузатилса, қандайдир ғайриоддий, нотўғри нарса тушунса бўлади. Чунки ҳамма мамлакатда бор бу нарса. Просто кўп жойларда ошкор қилинмайди. Ошкор қилинса ҳам товламачилик, ўзининг мансабидан фойдаланиш ҳамма жойда бор. Мана, Америкада қанча банкирлар, қанча сиëсатчилар қамалиб кетаяпти. Европада қанчаси отставкага тушиб кетаяпти.

Озодлик: Сиз гапни бошқа ëққа буриб юбораяпсиз. Мана, суҳбатимиз давомида Россияни мисол келтирдингиз. Масалан, Россияда отаси президент эмас Чулпан Хаматова деган артист аëл шунақа жамоат ташкилотини тузиб, касал болаларга ëрдам бераяпти. У кишининг отаси президент эмас-ку.

- Бизда худди шунақа бир шоира, актриса, халқнинг ҳурматини қозонган аëлларга бу саволни беришимиз керак. Нима учун сизлар халқнинг эътиборида бўлиб, халқнинг севгисини қозониб, жим ўтирибсизлар? Мана шунақа хайрли ишларга бош бўлмаяпсизлар, деб.

Озодлик: Улардан ҳам сўрармиз. Сизнинг жавобингиз нима?

- Бизлардаги худди шундай нимага етган аëлларимиз ўзлари пассив. "Менга тегмасаларинг бўлди". Ўзларини ўйлайди. Бунинг масъулияти бор, ташкиллаштириш бор, жавобгарлиги бор. Ўз ўзидан бўлаëтган ишмас, -дейди самарқандлик инглиз тили ўқитувчиси Жамшид.

Жамшид бир жойда Гулнора Каримовадай фаол бўлиш учун отаси президент бўлиши керак деса, бошқа жойда ўзбек хотин-қизларини пассивликда айблайди.

Хўш, унинг қайси гапига ишонайлик?

Хоҳласангиз унисига, хоҳласангиз бунисига ишонинг.

Фикримизча, зиддият сабаби АСЛ ҳақиқатни излаб топиш истагида эмас, балки КОМФОРТ ҳақиқатни излаб топиш истагида.


“Ўзбекистонда вақтинча туриш тартибини ўзгартирса бўлмайдими?”


Бу савол билан “Эркин микрофон”га ўзини Дониёр, деб таништирган ўшлик йигит мурожаат қилди.

- Масалан, биз дўстлар билан Андижонга, Тошкентга дам олгани борамиз-да. Шунақа ситуациялар бўлиб қолаяпти айниқса Тошкентга борганда, паспортимиздаги срок уч кундан кейин албатта рўйхатга туришимиз керак, бўлмаса "депорт қилиб юборади" деган гап бор...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк

Ўшлик Дониёрни қийнаётган масала Ўзбекистондан ташқарида яшайдиган ўзбеклар учун ва айниқса қирғизистонлик ўзбеклар учун жуда муҳим.

Чунки Ўш фожеасидан икки йил ўтгач, Қирғизистондаги вазият нисбатан изга тушиб қолгани айтилаётган бўлса-да, хабарларга қараганда, ҳануз Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида кун кечириб турган ўшликлар талайгина.

Қолаверса, ўшликлар чойхонада хотиржам дам олиб келиш учун ҳам Ўзбекистонга ўтмоқда.

*******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG