Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:45

Олмаотада террорчиликда гумонланган 9 киши ўлдирилди


Олмаота шаҳри яқинида 17 август куни саҳар ўтказилган махсус операция давомида террорчиликда гумонланган 9 киши ўлдирилди. Бу ҳақда Қозоғистон расмийлари хабар қилди.

Олмаота вилоятининг Бағанашил посёлкасидаги террорчиликка қарши амалиёт 17 август куни эрталаб соат беш яримда бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилади.

Полициячилар террорчилик фаолиятида гумонланган бир неча кишини кузатиб борганлар ва гумонланувчиларни Қорасой туманидаги Болшеалматинская қишлоғидаги дала ҳовлилардан бирида тутмоқчи бўлишганида, улар қуролли қаршилик кўрсатган, дейилади расмий хабарда.

Аввалига беш кишининг, кейинроқ 9 кишининг ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

“Воқеа содир бўлган жой диққат билан текширилганда яна тўртта жасад топилди. Бутун амалиёт давомида 9 нафар шахснинг жасади топилди ва уларнинг шахсини аниқлаш бўйича идентификация ўтказиляпти”, дейилади Қозоғистон Бош прокуратурасининг жума кунги расмий хабарида.

Бу хабарга кўра, амалиёт чоғида полициячилардан бир киши ярадор бўлган, аҳоли орасида қурбонлар ва ярадорлар йўқ. Амалиёт бошланиши олдидан яқин уйларда яшаётган одамлар эвакуация қилинган.

Воқеа жойидан Озодлик радиосининг қозоқ хизмати мухбири бундай хабар беради:

- Маҳаллий аҳаоли эрта тонгда портлашлар овозидан уйғониб кетди. Бағанашил посёлкасининг Мамир кўчасида осмонга қора тутун ўрлади. Полициячилар жуда кўп, ўт ўчирувчи, тез ёрдам машиналари ва полициячиларнинг 7-8та автобуси турибди, деди Озодлик мухбири.

Бу сўнгги бир неча кун ичида Олмаотада содир бўлаётган иккинчи воқеа. Ҳафта бошида Олмаота яқинидаги Иле-Олатов миллий табиат паркида 11 киши, жумладан ўрмон қоровули шафқатсиз равишда ўлдирилган эди.

Расмийлар бугунги амалиёт ва 11 кишининг ўлдирилиши воқеалари орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини иддао қилмоқда. "Дастлабки тергов натижаларига кўра, бу террорчиларнинг миллий боғдаги қотилликка алоқаси йўқ", деди "Интерфакс-Қозоғистон" ахборот агентлигига Қозоғистон Бош прокуратураси расмий вакили Нурдавлет Суиндиқов.
XS
SM
MD
LG