Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:44

Лўлилар Москвада!


Россиянинг йирик шаҳарларидаги каби Москванинг Тинчлик Проспектидаги жоме масжидида ҳам Рамазон ҳайитига ўн минглаб мусулмон йиғилди. Улар қаторида мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришга йиғилган саноқсиз лўлилар ҳам ҳозир бўлди.

Россиянинг у шаҳаридан бу қишлоғига, бу қишлоғидан у шаҳрига кўчиб юрадиган марказий-осиёлик лўлиларга маҳаллийлар кўникиб кетган.

10-15 йил олдин шаҳарларнинг йирик савдо марказлари ва гавжум жойларида пайдо бўлиб қолган саноқсиз қорамағиз лўлиларни маҳаллий руслар аввалига Тожикистондаги фуқаролар урушидан жабр кўрган қочқинлар деб қабул қилган.




Кейинроқ, тожик, ўзбек, қирғизларнинг фарқига бориб қолган россияликлар тиланчилик қилиб ўтирган чолу кампирлар, аёл ва болалар марказий осиёлик циган – лўлилар эканини англаб етган.

Ўзларини “муғат” деб атайдиган лўлилар Россия пойтахти Москва кўчаларидаги манзаранинг ажралмас қисмига айланиб қолган. Ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдиган лўлиларсиз Москва масжидларида бирор марака ёки тадбир ўтмайди.

Тиланчиликдан ташқари Москва лўлилари (энди шундай атаса ҳам бўлаверар) турли тақинчоқлар савдоси, Ийд ва жума намозларида обой қоғозлардан ясалган жойнамозлар сотиш, ҳақини берсангиз, дуо ўқиб қўйиш, фолбинлик билан шуғулланади.

Ўзларига хос урф-одатлари бўлган лўлилар россиялик элатдошлари – циганлардан фарқли равишда бангфурушлик билан мутлақо шуғулланмайдилар: Россия полициячилари уларни наркотик савдосига алоқадорликда айблаб қўлга олгани кузатилмаган. Нос бўлса – марҳамат!

Даромадининг асосий манбайи тиланчилик бўлишига қарамасдан, турли қурилишларда ва бошқа оғир меҳнат билан кун кечираётган лўлилар ҳам оз эмас.

Форс-тожик тилида сўзлашувчи бу халқ ўзининг қадимги тарихи ва маданиятига эга.

“Лўлига ўхшаб жанжал қилади!”, дейишади. Лекин шахсан мен ота-боболаридан қолган урф-одатларни асраб-авайлаб келаётган ва кўчманчилик ҳаётининг ажралмас қисмига айланган бу халқ вакилларини биров билан жанжал қилгани ёки муштлашганини кўрмаганман.
XS
SM
MD
LG