Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Ўзбекистон бўйлаб яна солярка тақчил бўлиб қолди


Ўзбекистонда яна ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда. Бензин билан боғлиқ муаммо нисбатан назорат остига олинган бўлса, машиналари дизел ёнилғисида юрадиган ҳайдовчилар кейинги уч-тўрт ойдан бери сарсон. Қўлда сотилаётган солярка сифати ўта паст бўлгани боис уни енгил автомобилда ишлатиб бўлмайди, демоқда ҳайдовчилар. Фарғона ва Бухородаги нефтни қайта ишлаш заводлари дизел ёнилғиси одатдаги ҳажмда ишлаб чиқарилаётганини айтишмоқда. Дизел етишмаётгани сабабларидан бири сифатида Россиядан импорт ҳажми қисқаргани айтилмоқда.

Ўзбекистонда кейинги икки-уч йил давомида ёнилғи билан боғлиқ муаммо ҳал бўлмай келаётганини айтиш мумкин. Айниқса, ҳар йили пахта йиғим-терим мавсуми билан шахсий автомобил эгалари учун бўҳрон бошланади. Бу даврда ёқилғи қуйиш шохобчаларига яқинлашиб бўлмай қолади.

Лекин баҳор-ёз фаслларида бензин билан боғлиқ муаммо нисбатан енгиллаган бўлса, машиналари дизелда юрадиган ҳаваскор ҳайдовчилар бир неча ойдан бери пиёда қолгани кузатилмоқда.

Дизел чиқмаганига 4 ой бўлди

Фарғоналик 25 яшар Абдулазиз исмли тадбиркор шаҳар ташқарисидаги далада пиёз ва картошка ҳам етиштиради. Унинг айтишича, айни дала ишлари қизиган сўнги 3-4 ой давомида тракторга қуйиш учун солярка топиш мушкул вазифа бўлиб қолган.

- Дизел заправкага чиқмаганига 3-4 ой бўлиб қолди. Бу ерда трактор ишлатамиз, яна бир-иккита техника ишлатамизда. Ҳаммаси дизелда ишлайди. Қўлдан қора дизел олинаяпти. Тракторга қуйиб ишлатса бўлади, лекин яхши ишламайдида барибир.

Тракторда зўрға ёнадиган дизел ёнилғисини енгил машинага қуйиб бўлмайди, дейди Абдулазиз.

- Уни бирорта яхши машинага қуймайсизда. Машинага қуйса, менинг битта ўртоғимнинг дизел машинаси бор эди, ўшани қуйди, нимасидир куйди деяптида. Тракторку юраверади. Бир бало бўлиб бақириб нима бўлса ҳам юради. Ишлаши қийин бўладию, лекин ишлайди.

Абдулазизнинг айтишича, дизел ёнилғисининг нархи аксар АЁҚШларда сотиладиган А80 русумидаги бензин нархи билан бир хилдир. Лекин қўлда ҳозир 3 мингдан 3 ярим минг сўмгача сотилмоқда.

- Заправкада йўқ. Заправкада 80 бензин билан дизелнинг нархи доимо бир хил юради. 80 бензиннинг нархи ошса, унинг ҳам нархи ошади. Бир литрини 3000-3200-3500дан олдикда. Қўлдан, ўзи сотадиган одамлари бўлади. Бирорта организацияларнинг шофëрлари олиб чиқиб сотади шекиллида орттириб, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз

Ўзбекистонда иккита нефтни қайта ишлаш заводи бор. Фарғона ва Бухородаги заводлар мутасаддилари, дизел ёнилғиси одатдаги ҳажмда ишлаб чиқарилаётганини айтишмоқда.

- Бизларда как положено отгрузка бўлаяпти (заводдан чиқариляпти-таҳр.) ака. Тошкентдан қандай нима берилса, Тошкентдан заявка берилади шунга қараб чиқариляпти, деди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ўзини таништирмаган диспетчери.

Бизга дизел етиб келмайди

Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ходими сўнгги марта солярка сотганини эслай олмасдигини айтади. Исмини айтмаслигимизни сўраган бу суҳбатдошимиз, дизел тақчиллиги сабаблари сифатида Ўзбекистонда пахта мавсуми бошлнаётгани ва Россиядан импортнинг камайганини келтирди.

- Дизел келмайди бизларга. Ҳозир даладаги ишлар кўп. Дизел ўша ëққа кетаяпти.

Озодлик: Дизел 3-4 ойдан бери йўқку.

Энди Россиядан келадиганда у. Кам келаяпти. Давлат талабига қараб давлат ишхоналари олаяпти, дейди АЁҚШ ишчиси.

Бу суҳбатдошимиз ҳам, ҳаваскор ҳайдовчилар соляркани автобус деполарию қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатадиган базалардан олишаётганини айтади.

Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги пахта йиғим-терим ва буғдой экиш мавсумида авж палласига чиқши ҳамда дала ишлари билан боғлиқ транспорт ва техника воситалари асосан солярка қуйилиши эътиборга олинса, яқин кунларда бу муаммонинг янада кескинлашишини башорат қилиш мумкин, демоқда мутахассислар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG