Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:47

"Путин эшкакчи қул эмас¸ ҳашаматга кўмилган подшоҳ"


Мухолифат давлатга эмас¸ шахсан Путинга қарашли эканини иддао қилаëтган 1 миллиард долларлик вилла сурати.
Мухолифат давлатга эмас¸ шахсан Путинга қарашли эканини иддао қилаëтган 1 миллиард долларлик вилла сурати.

Россия мухолифати етакчилари ўз сўнгги ҳисоботида президент Путинни¸ ўз баëнотларига мутлақ тескари тарзда¸ араб султонларини ҳам шоширадиган бойлик ва ҳашаматда яшаб келаëтганини айтмоқда.



28 август куни Россия Республика партияси - ПАРНАС раисдоши Борис Немцов ва “Солидарность” мухолифат ҳаракати фаоли Леонид Мартинюк Россия президенти Владимир Путин ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Эшкакчи қулнинг ҳаёти” деб номланган ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботга Владимир Путиннинг 2008 йилги президентлик сайловолди кампанияси давомида қилган баëноти сарлавҳа берди.

- Мен кейинги 8 йил давомида эшкакчи қулдек кечани кеча¸ кундузни кундуз демай ишладим¸ деган эди ўшанда Путин.

“Қасрлар”, “Авиапарк (самолёт ва вертолётлар)”, “Яхталар”, “Авто”, “Соатлар” деб номланган боблардан иборат бу ҳисоботда муаллифлар 13 йиллик ҳокимияти давомида Путиннинг "эшкакчи қул" эмас¸ “Форс кўрфази монархлари” каби мислсиз ҳашаматда яшаб келаëтгани ва миллиардлаб бойлик орттирганини иддао қилмоқда.

Ҳисобот хулосасини Озодлик радиосига тақдим этган Борис Немцов Путиннинг коррупцияни давлат тизими даражасига айлантирганини даъво қилади:

- Ростини айтишимиз зарур... Елцин даврида коррупция жиддий муаммо эди ва биз унга қарши курашиб келдик. Путин даврида коррупция муаммо эмас, тизимга айланди. Путинга нечта самолёт хизмат қилади деб ўйлайсиз? 43 та! Жаноб Путинда нечта вилла, қаср, ҳовли, ов қилиш масканлари борлигини биласизми? 20 та, жумладан Геленжикдагиси бир миллиард доллар туради. Жон-жон Путинники жон! Ўз ҳокимияти давомида у яна ўнта янги вилла қурдирди. Путинда нечта яхтаси бор деб ўйлайсиз? Абрамович совға қилган “Олимпия” туридагидан тўртта! Тўғри¸ бу яхта офшорда кимнингдир номига расмийлаштирилган, лекин яқинда Путиннинг Геленжикдаги дала ҳовлисига айнан шу кемада борганлигини биламиз, дейди Россия мухолифати етакчиси Борис Немцов.

Немцов фикрича, халқ ишончини йўқотиб бораётган Путиннинг ҳокимият учун “телбаларча” талашаëтгани сабаби унинг “бойлик ва ҳашаматга кўникиб қолгани ва ундан воз кеча олмаëтгани”дир.

Россия президенти ўз солиқ декларациясида йиллик расмий даромадининг 4 миллион рубл¸ ëхуд 100 минг доллар миқдорида эканини билдириб келади. Аммо Немцов ва Мартинюклар ҳисоб-китобича¸ Путиннинг декларация қилинмаëтган бойликлари миллиардлаб долларни ташкил этади.

“ Масалан, унинг соатлари коллекциясини олсак”¸ дея давом этади Борис Немцов:

- 22 миллион рубл турадиган 11 дона соат. Агарда битта соатлар коллекцияси Путиннинг олтита йиллик даромадига тенг келса, бу бировни хурсанд қилади, қаноатлантиради деб ўйлайсизми!? Агарда бу соатлар совға бўлса, улар декларация қилиниши керак эди. Жаноб Путиннинг декларациясида эса соатлар борасида лом-мим дейилмаган, аллақандай арава ва 1963 йилги автомобил декларацияда кўрсатилган, холос, дейди Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бири, Россия собиқ Бош вазири Борис Немцов.

Мухолифатчилар ҳисоботига муносабат билдирган Кремл расмийлари¸ ҳисоботда қайд этилиб¸ суратлари ҳам илова қилинган мулкнинг барчаси давлатга қарашли эканини иддао қилмоқда. Россия матбуотига гапирган Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков “биз нима ҳақида гап кетаётганини ҳам тушунмаяпмиз. Имкон топсак¸ ҳисобот билан танишиб чиқамиз”, дея жавобни қисқа қилди.

Борис Немцовга кўра¸ Россиядаги босмахоналар янги ҳисоботни чоп этиш сўровини бирдек рад қилган. Шундан сўнг "Эшкакчи қулнинг ҳаёти” муаллифлар шахсий ресурси ҳисобига 5000 нусхада чоп этилган.

“Солидарность” ҳаракати фаолларининг Озодликка хабар қилишича, ҳисобот нусхалари 27 август куни бошланган “Сибир-Москва” автомарафони давомида Россия қишлоқ ва шаҳарларида бепул тарқатилади. Марафоннинг 15 сентябр куни Москвада ўз якунига етиши режалаштирилган.

Айни шу куни Россия мухолифати Москвада яна бир йирик оммавий норозилик акциясини ўтказишни режалаштирмоқда.

"Эшкакчи қулнинг ҳаёти” Борис Немцовнинг Владимир Путин фаолиятини тафтиш қилувчи биринчи ҳисоботи эмас. 2011 йил март ойида Немцов мухолифатнинг бошқа фаоллари билан ҳаммуаллифликда “Путин. Коррупция” деб номланган ҳисобот чоп этган эди.

2010 йил ёзида Немцов бошчилигида “Путин. Якунлар. 10 йил”, 2008 йилда эса¸ “Путин. Якунлар” ҳисоботлари жамоатчиликка тақдим этилган эди.
XS
SM
MD
LG