Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:27

Москва муҳожирларни қурилишлардан сиқиб чиқармоқчи


Москва ҳокимияти шаҳардаги қурилишларга асосан Россия минтақаларидан келган ишчиларни жалб қилиш ҳисобига мигрантлар сонини камайтирмоқчи. Пойтахтнинг айрим округларида “гастарбайтерлар” устидан шикоят қабул қилиш сайтлари ишга туширилади.

Москва қурилишларга россияликларнинг ўзини жалб қилмоқда

Яқин орада Москва қурилишларида ишлаëтган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари сони кескин камайиб кетиши мумкин. Россия пойтахти раҳбарияти секин-аста муҳожирлар хизматидан воз кечиш ва улар ўрнига Россиянинг чекка қишлоқ ва шаҳарчаларидан ички мигрантларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Москва Шаҳар қурилиши сиёсати департаменти сўнгги тўрт йил давомида хориж ишчи кучига бўлган квоталар сони 2,8 баробарга қисқаргани ва 2013 йилнинг бошларига келиб 101,5 минг ишга рухсатномани ташкил этганини хабар қилди. Айни пайтда¸ Москва иш берувчиларининг 560 мингдан зиёд ишчига рухсат беришни сўраб маҳаллий Миграция хизмати муассасаларига мурожаат қилгани айтилмоқда.

Москва Шаҳар қурилиши сиёсати департаменти расмийси Екатерина Пахомова пойтахт меҳнат бозорида қурилиш мутахассисликларига бўлган талабнинг юқорилиги ноқонуний меҳнат қилувчи мигрантлар сонини ҳам ошириб бораётганини гапиради.

Озодлик билан суҳбатда Екатерина Пахомова¸ жорий йилнинг сентябрига келиб шаҳар вакансиялар бозорида мавжуд 152 турдаги мутахассисликдан 28,5 фоизи қурилиш соҳасига тегишли, дейди.

- Энг асосийси бир нарсани тушунинг: гап мигрантларга қарши кураш ҳақида кетаётгани йўқ. Бизнинг принципиал тушунчамизга кўра, айрим ишларга мигрантларни жалб қилиш зарурлигини шаҳар тушунаяпти. Тўғри, улар жуда катта ишни бажаряпти. Лекин биз иш берувчиларга минглаб иш жойларига¸ биринчи навбатда¸ россияликларни қабул қилишни тавсия қилмоқдамиз. Албатта, қонунан Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар ўрнини ҳеч ким олиб қўйишни режалаштираётгани йўқ, дея тушунтиради Москва қурилиш сиёсати Департаменти расмийси Екатерина Пахомова.

Департамент вакиласи бундай сиёсатнинг юргизилиши келажакда яхши ҳақ тўланаётган қурилиш мутахассисликларига ёшларни, умуман россияликларни жалб қилиш имкониятини яратади, деган фикрда.

Екатерина Пахоменко ноқонуний меҳнат бозори муҳожирлар меҳнатидан текинга ва кўпроқ фойдаланиб олишга мўлжалланган, дейди.

- Бу ҳақиқатан муаммо. Қурилишларга ноқонуний жалб қилинаётган мигрантлар биринчидан даҳшатли шароитларда яшайди, кейин уларга хоҳласа тўлашади, хоҳламаса йўқ. Ахир улар меҳнати ҳимояланмаган, уларнинг ўзлари хавф остида ишлашади. Шунинг учун бунинг ягона йўли – қонуний йўл билан меҳнат қилиш, меҳнат муҳожирлари турли фирибгарлар қўл остида ишлашга розилик бермасликларини тавсия қилган бўлардим, дея маслаҳат берди Москва қурилиш сиёсати Департаменти расмийси Екатерина Пахомова.

Москва қурилиш департаменти расмийси¸ мигрантлар сонини россияликлар ҳисобига қисқартириш сиёсати ҳеч қандай қонунларга асосланмагани¸ фақат тавсия ва маслаҳат кўринишида амалга оширилишини қўшимча қилди.

“Қонуний муҳожир – хуш келибсиз!”

Айни пайтда, Москванинг турли минтақаларида ноқонуний миграцияга қарши курашнинг янгидан-янги усуллари ишлаб чиқилмоқда.

Шарқий маъмурий округда ноқонуний гастарбайтерлар билан курашиш учун бутун бошли комплекс ишлаб чиқилиб, у ноқонуний мигрантларни ишга жалб қилувчи нопок иш берувчиларга қарши курашиш, маҳаллий кўнгиллилар ёрдамида подвал, ташландиқ уй ва чердакларда яшаётган мигрантларни аниқлаш, қалбаки ҳужжатлар сотиш нуқталарини йўқ қилиш, ётоқхоналар бўйлаб рейдлар ўтказиш каби чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Москванинг Шарқий маъмурий округи раҳбарияти ҳатто ноқонуний ишчилар ва иш берувчиларга қарши интернет-сайт ишга туширилиши, унда москваликлар миграция билан боғлиқ барча арз-шикоятларини қолдиришлари мумкинлигини очиқлади.

Айнан шу префектурада жойлашган “Черкизон” номи билан машҳур буюм бозори Лужков даврида тарқатиб юборилганига қарамасдан, турли ўлкалардан келган мигрантлар жойлашишни ёқтирадиган округлардандир.

Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ) бошқармаси Жамоатчилик-маслаҳат кенгаши масъул котиби Юрий Московский Шарқий округ префектураси жорий қилган кураш усуллари Россия пойтахтининг бошқа минтақаларида ҳам жорий қилиниши мумкинлигини очиқлади.

У Москва учун бугунги кунда энг долзарб масала ноқонуний меҳнат эканини таъкидлади:

- Айтишим зарурки, мигрантларнинг ноқонуний равишда Москва ҳудудида яшаш муаммоси бугунги кунда, кўпчиликка туюлганидек, унчалик катта муаммо эмас. Москвада юрган муҳожирларнинг асосий қисми шаҳарда легал истиқомат қиляпти. Бошқа бир муаммо - ноқонуний меҳнат қилиш катталашиб боряпти. Ноқонуний меҳнат қилаётганлар сони эса ўта юқори, дейди Юрий Московский.

Унинг фикрича, ҳатто қонунан ишга расмийлаштирилган муҳожир ишчиларнинг асосий қисмига бир маош ёзилади, бошқа маош берилади.

Московский ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқсиз экани эса назорат идоралари ва давлат органларида турли кўринишдаги коррупция схемалари, иқтисодий жиноятлар ва ўз вазифасини суистемол қилиш ҳолатларини келтириб чиқараётганини гапирди.

- Бу муаммолар хорижликлар эмас, балки кўпроқ Россия фуқароларига тегишлидир. Бу бутун Россия муаммосидир, дея якунлади, деди Юрий Московский.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:23 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG