Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:35

Путин: Қирғизистондаги лойиҳаларга Ўзбекистонни жалб этиш тарафдоримиз


Россия президенти Владимир Путиннинг Бишкекка расмий сафари чоғида Ўзбекистон қурилишига қаршилик қилаётган Қамарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини ҳамкорликда барпо этиш шартномаси имзоланди.


Владимир Путин Бишкекка 19 сентябр куни кечқурун ташриф буюрди. Унинг Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев билан учрашувлари 20 сентябрда ўтказилди.

Россия президенти раҳбарлигидаги делегация Бишкекка учта самолётда келгани хабар қилинди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев музокаралар чоғида Россияни Қирғизистоннинг энг яқин стратегик ҳамкори сифатида эътироф этди.

- Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар турлича бўлди. Аммо биз, барча қирғизистонликлар бизнинг асосий ва муҳим стратегик ҳамкоримиз Россия эканини яхши тушнамиз, -деди Алмазбек Атамбаев.

Бунга жавобан Россия президенти Владимир Путин Қирғизистоннинг аввалги ҳукумати билан муносабатлар совуқлашганига қарамай, рус халқининг Қирғизистонга муносабати ўзгармай қолганини айтди:

- Қирғизистоннинг аввалги раҳбарияти билан келишмовчиликлар ва баҳс-мунозаралар бўлган бўлиши мумкин. Аммо шунга қарамай, яна бир бор таъкидламоқчиманки, Қирғизистонга ва қирғиз халқига нисбатан муносабатимиз доимо ижобий бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришда давом этмоғимиз зарур, -деди Владимир Путин.

Бишкекда Путин ва Атамбаев олтита шартномани имзолади.

Имзоланган ҳужжатлар орасида Қамбарота-1 ГЭСини ҳамда Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва ҳамкорликда фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар ҳам бор. Мазкур иншоотларнинг барпо этилишига Ўзбекистон қарши чиқаётган эди.

Владимир Путин журналистларнинг Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасига Ўзбекистон қаршилиги юзасидан берган саволларига жавоб берар экан, “Биз барча манфаатдор томонларни ҳамкорликда ишлашга чақириш орқали бу ташвишларни бартараф эта оламиз”, деб жавоб берди.

- Биз бу ишга Қозоғистон ва Ўзбекистонни ҳам жалб этиш тарафдоримиз. Биз кеча ва бугун қирғиз президенти билан гаплашдик. Қирғиз томони бу фикрга қўшилади. Биз ўз ҳамкорларимизни биргаликда ишлашга чақирамиз. Бу иш гидроэнергетика соҳасидаги бўлажак корхоналарни бошқаришга таалуқлидир, -деди Владимир Путин.

Бир ҳафта олдин қирғиз парламентида чиқиш қилган президент Атамбаев ҳам Қамбарота -1 ГЭСи қурилишига Ўзбекистонни жалб қилиш масаласини айтиб ўтган эди:

- Бу масала юзасидан мен Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи билан ҳам гаплашаяпман. Россия томонига ҳам “қурилажак ГЭСларнинг 50 фоиз акцияси сизларда, 50 фоизи эса бизга тегишли, сизлар ўзингизга тегишли 50 фоиздан Ўзбекистон ва Қозоғистонга улуш беринглар”, деб айтаяпмиз,-деган эди 12 сентябр куни Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Марс Сариев президентларнинг бу баёнотларини шарҳлар экан, Ўзбекистон минтақадаги энг йирик давлат бўлгани учун ҳам йирик лойиҳаларни бу мамлакат ишитирокисиз амалга ошириб бўлмаслигини айтди:

- Ўзбекистон Марказий Осиёдаги стратегик мамлакат. Шунинг учун Россия Ўзбекистон билан ҳам муомаласини буза олмайди. Охир –оқибат Ўзбекистон билан муроса қилишга мажбур бўлинади ва бу мамлакат ҳам гидроэнергетик иншоотлар лойиҳасига шерик қилиб олинади. Ўзбекистон позицияси ҳисобга олинмаса, қурилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўта қийин бўлади, -деди Марс Сариев.

Владимир Путиннинг Бишкекка расмий сафари чоғидаи Қирғизистоннинг Россиядан бўлган 500 миллион доллар қарзи, Қирғизистондаги Россия ҳарбий базалари юзасидан ҳам шартномалар имзоланди.

Маълум бўлишича, Россия қарзи ҳисобига Қирғизистондаги ҳарбий базалар ҳозирлиги муддатини 15 йилга узайтирмоқчи.Бу борада имзоланадиган шартнома 2017 йилдан кучга киради. Бунинг эвазига Россия Қирғизистоннинг 300 миллон доллар қарзидан кечади.

Россия президенти Владимир Путин ўтган йили яна қайта ҳокимиятга келганидан бери биринчи марта Қирғизистонга сафар қилмоқда.
XS
SM
MD
LG