Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Oxus Gold Ўзбекистон устидан даъволарини халқаро судга тақдим этди


Британиянинг Oxus Gold олтин ишлаб чиқарувчи ширкати "Амантайтау Голдфилд" қўшма корхонаси ва Ҳандиза конларига ётқизган инвестициялари Ўзбекистонда экспроприация қилингани юзасидан даъволарини халқаро арбитраж судига тақдим этди.

Британиянинг Oxus Gold Ўзбекистондаги “Амантайтау Голдфилдс” қўшма корхонаси юзасидан келиб чиққан можарони маҳаллий шериклари билан тинч йўлда ҳал этиш уринишлари муваффақиятсизликка учраши ортидан инглиз ширкати Тошкент ҳукуматини халқаро арбитраж маҳкамасига тортишга мажбур бўлганини билдирган.

Икки томонлама шартномаларнинг Ўзбекистон тарафидан бузилиши оқибатида Oxus Gold га етказилган зарар миқдори Ernst&Young бухгалтерия фирмаси тарафидан ўрганиб чиқилиб, 17 сентябр куни Халқаро арбитраж судига тақдим этилган.

Шу ҳисоботга кўра, Ўзбекистон томонидан Oxus Gold ширкатига етказилган зарар 400 миллион АҚШ долларидан кам эмас.

"Арбитраж судидан ширкат фойдасига бугунги кунда камида 400 миллион АҚШ доллари деб баҳоланаётган зарарни ҳисоблаш ва тасдиқлаш сўралаяпти", деб билдирди Британия ширкати ўз баёнотида.

Oxus Gold Ўзбекистонда 2003 йилдан бери Амантайтау конларида олтин ва кумуш қазиб чиқариш билан шуғулланиб келган.

Ширкат бунинг учун Қизилқум марказидаги конларда умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхонани ҳам ишга туширган.

Ўзбекистонда олтин қазиб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхонани Oxus Gold ширкати Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан элликка эллик шериклик асосида барпо этган.

Oxus Gold ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида келишмовчилик ўтган йил ёзида ширкатда ўтказилган комплекс текширувлар чоғида Британ ширкати иқтисодий қонунбузарликда айблангач пайдо бўлганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон томони ўтган йил Oxus ширкати устидан Англия Олий маҳкамасига шикоят қилиб, ширкатдан 10,84 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Ўзбекистон дунёнинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда 40 дан ортиқ олтин конлари мавжуд ва йилига 80 тоннадан кўпроқ олтин ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари мамлакат раҳбари Ислом Каримов ва оиласи томонидан назорат қилиниши айтилади.
XS
SM
MD
LG