Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:11

Униси бўлмаса буниси...


Ўзбекистонлик қочқиннинг жиноий айбини топа олмаган Россия Бош прокуратураси уни миграция қонунчилиги асосида мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

2012 йилнинг 19 сентябрида Москва шаҳри Мешчан туман суди Красноселский туман Федерал миграция хизмати бўлимининг ўзбекистонлик Акрам Каримовни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги даъвосини маъқуллади.

Миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб Ўзбекистонга чиқариб юборилаётган Каримов бундан олдинроқ Россия Бош прокуратураси текширувидан ўтган ва унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун асос топилмаган.

Вазиятнинг ўзига ҳослиги шундаки, Каримов ишида Миграция хизмати, полиция бўлими ва хатто суд Россия Бош прокуратураси “буйруғини” бажармоқда.

“Каримов иши” тўғрисида Озодлик радиосига қўшимча изоҳ берган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Бош прокуратура бу иш юзасидан бир неча кун олдин Москва шаҳар прокурорига қуйидаги мазмундаги телетайпограмма юборганини маълум қилди:

“... 17.09.2012 йилда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Каримов Акрам Аҳмадовични бериб юбориш тўғрисидаги сўровига рад жавоби берилди, чунки жиноят аломатлари аниқланмади. Бошқа асослар йўқлиги ҳолатида уни ҳибсда бундан кейин ҳам сақлаш масаласини кўриб, Россия ҳудудида яшаётгани қонунийлигини текшириб кўринг. Бажариш муддати 20.09.2012 й.”

Рябининанинг сўзларига кўра, шу тариқа қочқиннинг экстрадициясини таъминлай олмаган Россия прокурорлари, уни бошқа хизматлар ёрдамида бадарға қилиш йўлини топди. Ҳибсда сақлаш муддати 17 сентябр куни тугаган Акрам Каримов Красноселский туман Ички ишлар бўлимига тергов изоляторидан олиб келинди ва шу ернинг ўзида унга нисбатан “маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги тўғрисида” протокол тузилди. Бу протоколда, Каримовнинг айби бўйича бундай таъриф келтирилган:

“17.09.2012 йил соат 20:25 да Москва шаҳар Новорязанская кўчаси, 10- уйда Россия Федерациясида истиқомат қилиш режимини бузган Каримов А.А. аниқланди. У Россияда яшашга рухсат берувчи ҳужжатларининг йўқлиги билан “Россия Федерациясида хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги” Федерал Қонуннинг 5 -моддаси 2- бандини бузди”.

Аниқланишича, протоколда зикр этилган манзил бўйича ... Красноселский туман Ички ишлар бўлими жойлашган. Бундан чиқди, Каримов Акрам изолятордан ўз оёғи билан тўппа-тўғри полиция бўлимига келган.

18 сентябр куни Мешчан туман судида Каримовга нисбатан экстрадиция текшируви якунланмагани ва унинг қочқинлик мақоми белгиланмагани сабабли маҳкама ўтказилмаслигини полиция ходимларига маълум қилган.

Бироқ 19 сентябр куни юқорида зикр этилган телетайпнома пайдо бўлиши ортидан Мешчан суди иккинланмасдан Акрам Каримовни Россиядан чиқариб юбориш кераклиги тўғрисида қарор чиқарган.

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари иддаосига кўра, Акрам Каримовнинг Алиев исмли ҳамшаҳарларидан бири “жинойи диний ташкилот тузиб, ўзини “Исо алайҳисалом” ёки “Имом Маҳди” деб атаган. “Каримов Акрам Аҳмадович эса ўз уйида жойлашган кондитерлик цехини бошқарган ва Бухоро шаҳрининг “Дилкушо” бозорида кондитерлик маҳсулотларининг сотилишини назорат қилиб келган ҳамда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари Б.К.Алиевнинг бошқа буйруқларини бажариб келган”, дейилади Ўзбекистондан келган сўровномада.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти аъзолари Мешчан судининг Акрам Каримовни экстрадиция қилиш бўйича қарори устидан Москва шаҳар суди ва Страсбург судига мурожаат қилишларини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG