Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:55

"Жиззахдаги қўйлар "хавфли шиш" касаллигидан ўлмоқда"


Жиззах вилояти Ветеренария бошқармаси касалликни тарқатган вакцина Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам сотилганини маълум қилди.


"Қанча қўй вакцина қилингани ҳали номаълум"

Сўнгги бир ҳафта ичида Жиззах вилоятидаги қўйлар ўртасида тарқалган сирли эпидемиянинг номи “хавфли шиш” касаллиги экани айтилди.

Бундан ташқари, касалликни келтириб чиқарган вакцинанинг Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам тарқатилгани маълум бўлди.

Жиззах вилояти Ветеренария бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида бу касалликдан 12 ярим мингтага яқин қўйнинг ўлгани расман қайд этилган.

Ўзини бошқарма мутахассиси, деб таништирган расмий касалликнинг "қутуриш" экани ҳақидаги овозларни мутлақо инкор қилди ва унинг айтишича, шу кунларда ҳар уч вилоятда вакцина қилинган қўйларни даволашга муваффақ бўлинмоқда.

- Эмланган қўйларга антибиотик уколлар қилинаяпти. Бақувват қўйлар 3-4 кунда тузаляпти. Нимжонлари шунча кун ичида ўлиб қолаяпти. Аммо, тузалаётгани кўп,- деди ушбу расмий Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Расмий билан ўзаро суҳбатдан маълум бўлишича, Ўзбекистон Ветеренария илмий тадқиқот институти ходимлари жойларда кундалик равишда мониторинг юритмоқда ва ҳали ишлатилмаган вакциналар қайтариб олинмоқда. Унга кўра, биргина Зомин туманининг ўзидан 5 ярим доза вакцина қайтариб олинган.

Жиззах вилояти расмийларидан олинган маълумотга кўра, жами бўлиб бу вилоятга 68 минг доза, Қашқадарё вилоятига 70 минг доза, Самарқанд вилоятига 7 минг доза атрофида вакцина олиб борилган.

Аммо, бунча дозадаги вакцинанинг қанчаси ишлатиб бўлингани ҳали номаълум.


“Хавфли шиш” касаллигининг инсонга жиддий зарари йўқ"

Жиззах вилояти Ветеренария бошқармаси расмийси, асосан, туёқлиларда учрайдиган “хавфли шиш” касаллигининг инсон организмига жиддий зарари йўқлигини айтди.

Ушбу мутасаддининг айтишича, касалликни ташувчи микроблар гўшт 4-5 минут қайнатилганда ёки кучли оловда бир неча минут қовурилганда нобуд бўлади.

- Одам гўштни хомлигича емайдику! Шунинг учун аҳолига унчалик зарари йўқ. Лекин барибир бунақа касаллик билан касалланган қўйлар гўштини ейиш тавсия қилинмайди. Шунинг учун ҳозир қўй гўштини сотиш тақиқланган. Аҳоли огоҳлантирилган,- деди расмий.


"Вакцинани тарқатган тошкентлик шахс қўлга олинган"

Ҳозирда ҳар уч вилоятда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги махсус гуруҳи томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани, вакцинани тарқатишда бош бўлган тошкентлик шахс эса қўлга олингани айтилмоқда.

- Тергов пайтида бу шахс қаерга, қанча вакцина ўтказганини айтиб берганда. Лекин бу вакцинанинг қанчаси ишлатилгани номаълум. Чунки, чўпонлар, фермерлар қанча қўйи борлигини яширади кўпинча ёки камайтириб айтади. Баъзилари эса ошириб айтади. Хуллас, ҳозир ҳаммаси аниқланяпти, - дейди Жиззах вилояти Ветеренария бошқармасининг ўзини таништирмаган расмийси.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол каби туманларида одамларнинг қўйларини хусусий тарзда, ҳеч қаерда қайд эттирмасдан, ёлланиб боқиб бераётган чўпонлар ҳам кўпчилик.

- Аслида шунақа чўпонлар чечакка чалиниб, бировнинг қўйи нобуд бўлмасин, деб қўрққанидан ҳаммасини ёппасига вакцина қилдирганда. Баъзиларида 5-6 мингтагача қўй бор, энг камида 500 тагача. Хонадонларда 5-10 та қўйи борлар вакцина қилдирмаган, - дейди ғаллаоролик Набижон Жўрабоев Озодлик билан суҳбатда.

Норасмий маълумотларда вакцинадан тарқалган касалликдан қирилган қўйлар сони 35 мингтадан 50 мингтага қадар экани айтилмоқда.

Шу кунга қадар олинган маълумотларга кўра, қўйлар ўртасида тарқалаётган чечак касаллигига қарши, дея тарқатилган вакцина бундан 10 кунча муқаддам дастлаб Жиззах вилояти, сал кейинроқ Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига олиб борилган.

Вакцина баъзи ҳудудларда маҳаллий фермерлар ва чўпонлар томонидан дорихоналардан сотиб олингани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, вакцина назоратсиз ва яширин тарзда келтирилган.

Озодлик мухбирининг вакцинани тарқатишда гумон қилинган ва тошкентлик экани айтилган шахс ҳамда бу борада аҳолига берилиши мумкин бўлган маълумотлар юзасидан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси, вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатларига жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Жиззах туманида истиқомат қилувчи яна бир манбанинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, вилоятнинг ўзидан ушбу ишга алоқадорликда гумон қилиниб, ўнга яқин одам терговга тортилган.


Қирғизистонда ҳам айни вакцинадан 1500 тадан ортиқ қўй ўлди

Хавфли вакцинанинг қўшни Қирғизистонда ҳам сотилгани ва, хусусан, Ўзбекистонга чегарадош Жалолобод вилояти, Сузоқ туманида эмланган қўйларнинг ўлиши кузатилди.

Куни кеча Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Абдишарип Бекилов Сузоқдаги қўйлар ҳам чечак касаллигига қарши вакцина қилингач ўла бошлаганини билдирган эди.

- Вакцина ветеринария дорихонаси бўлган Тошпўлатов деган кишидан сотиб олинган. У эса бу вакцинани номаълум кишилардан харид қилган. Сузоқ туманида ўлган қўйлар диагностика қилинганида уларда ҳеч қандай юқумли касаллик аниқлангани йўқ, деди Бекилов.

Ўзбекистон матбуоти Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларди эмланган қўйлар воқеаси бўйича сукут сақлаётган бир пайтда, қўшни қирғизистонликлар бу масалани парламентда муҳокама қилди.

-Бу хабарни эшитдим, қойил бўлдим. Бизда эса доим яширади. Унинг устига ҳозир ҳамма пахта билан оввора. 3-4 тадан ҳамшира маҳаллага кириб, пахтага чиқмай уйида ўтирганларни огоҳлантирди, тамом. Матбуот, телевидение, органлар жим-жит. Ҳа бунинг ўрнига одамларни огоҳлантирмайдими ахир, эртага касаллик одамлар орасида тарқалса, яна бадтар скандал бўладику, буларни тушуниб бўлмайди, - дейди Набижон Жўрабоев.

Қирғизистон парламентининг 15 сентябр кунги йиғилишидан хабар қилинишича, Сузоқда жами 1960 та қўй вакцина қилинган.

Аммо, бу давлатда сифатсиз вакцинани сотган киши қочишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG