Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

Долларнинг тушиб кетиши афёрами, ё...?


Бир ой давомида АҚШ доллари анча арзонроқ сотилмоқда.
Бир ой давомида АҚШ доллари анча арзонроқ сотилмоқда.

Кейинги бир ой ичида Ўзбекистон валюта қора бозорида АҚШ доллари қиймати анча арзонлади. Бозорда валютафурушлик қиладиган ва тадбиркорлиги АҚШ доллари билан боғлиқ савдогарлар бир овоздан қаттиқ валюта арзонлагани сабаби Ўзбекистонда GM Uzbekistan машиналари сўмга сотила бошлаганидир, демоқда. Баъзи таҳлилчилар эса, бу муайян гуруҳлар томонидан олиб борлаётган афёра, демоқда. Ўзбекистон банк соҳасида ишлайдиган иқтисодчи эса, Озодлик билан суҳбатда, АҚШ доллари курсининг тушиши объектив сабаблар билан боғлиқ, дегнан фикрни билдирди.



Ўзбекистон валюта қора бозорида АҚШ доллари нархи август ойи ўрталаригача 2850 сўм бўлган бўлса, кейинги бир ой давомида 2650 сўм даражасида сақланиб турибди. Жаҳон валютасининг 200 сўмга пасайиб кетишига кўпчиликнинг фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган GM Uzbekistan автомобиллари АҚШ доллари эмас, маҳаллий валютага сотила бошлагани сабаб бўлган.

Фарғонадаги қора бозорда валютафурушлик қиладиган йигитлардан бирининг овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Озодликка айтишича, бир ойдан бери доллар оладиганлардан сотадиганлар кўпроқ бўлгани боис, “қора-бозорчилар” даромади ҳам камайган. Лекин, дея огоҳлантиради у, “бу кимнингдир ўйини бўлиши керак ва доллар яна кутилмаганда, бир-икки соат ичида, кўтарилиб кетиши ҳеч гап эмас”.

АҚШ долларининг “қора” курси махсус пасайтирилмоқда, бу муайан молиявий гуруҳларнинг “афёраси”, деган тахминни “Узметроном” Интернет нашри ҳам илгари сурмоқда.

Нашр чоп қилган “Бир афёра технологияси” номли мақолада ёзилишича, гўё машиналарни сўмга сотиш қарори маҳсус қаттиқ валюта нархини тушириш ва аҳолидан шу йўл билан нақд пулни йиғиштириб олиш учун қабул қилинган. Мақола муаллифи ҳам, яқин орада, октябр ойи ўрталарида АҚШ доллари нархи яна 3000 сўмга яқинлашишини башорат қилади.

Бироқ Ўзбекистон банк соҳасини яқиндан биладиган иқтисодчи Ориф Хошимов АҚШ доллари нархининг тушиши афёра натижаси, деган фикрга қўшилмайди. Унинг фикрича, бунга қатор объектив омиллар, жумладан, машиналарнинг сўмга сотила бошлагани сабаб бўлган.

- Мен афëра демаган бўлардим. Сабабики, афëра бўлганда қисқа муддатли, 3-5 кунлик, бир ҳафталик давом этган жараëн бўларди. Агар кузатаëтган бўлсангиз, 15-20-августлардан бери бир ойдан ортиқроқ вақт ўтди. Валюта курсининг параллел бозордаги қиймати борган сари пасайиб боряпти. Бу ерда сабаб биттамасда. Биринчиси, муомаладаги нақд пул массасининг тобора қисқариб бораëтганлиги. Ҳозир ҳаттоки Тошкент шаҳрида ҳам пенсионерларнинг анчагина қисми ўзининг пенсияларини, нафақаларини пластик карточка орқали бериш тизимига ўтилди. Талабалар ўзларининг стипендияларини пластик карточка орқали олаяпти. Яъни, муомаладаги нақд пул массаси ойдан ойга борган сари қисқариб бораяпти. Бу биринчи фактор.

Қанча кўп нақд пул бўлса, шунчалик долларнинг курси юқорироқ бўларди. Муомалада қанча кам нақд пул бўлса, параллел бозорда долларнинг курси шунча паст бўлади.

Иккинчи сабаб, йирик шаҳарлардаги тижорат банкларидаги пул массасини қишлоқ, туманларга қараб йўналтирилаëтгани бўлаяпти. Ҳозир пахта мавсуми муносабати билан йирик шаҳарларда асосий савдо тушуми, асосий нақд пул тушуми шаҳарлардаги тижорат банклари тушумининг асиосий қисми подкрепление учун қишлоқ туманларига юборилган. Ўз ўзидан тадбиркорликни асосий ташкил қиладиган шаҳарлардаги нақд пул массасини яна ҳам қисқартираяпти. Бу ҳам ўз ўзидан нақд пул массасининг камайишига ва ўз ўзидан доллар курсининг пасайишига сабабчи бўлаяпти, дейди иқтисодчи.

Бундан ташқари яна бир сабаби, дейди иқтисодчи, кейинги бир-икки ой ичида давлат томонидан жаримага тортилган тадбиркорлик субъектлари сони кескин кўпайган ва жаримани сўмда тўлаши керак бўлган тадбиркорлар катта миқдордаги валютани бозорга ташлашга мажбур бўлган.

- Мен ўзим билганим учун, шу схемада бўлганим учун кейинги август-сентябр ойида етказилган зарар суммасини қоплаш учун банк нимага кириб келаëтган пул маблағларини ҳисоб-китоб қилиб туриб шундан чамалаб айтаяпманда,.

Ўртача ҳар ойда тўланаëтган жарима суммаларидан уч-тўрт баробар юқорироқ миқдорни ташкил қиладида. Бу дегани албатта ҳеч қайси тадбиркор, ҳеч қайси мулк эгаси ўзининг йиққан маблағини сўмда сақламайди. Уни қайсидир кўринишда валюта маблағида сақлаган бўлади. Давлат олдидаги мажбуриятини у албатта сўмда қоплаши керак.

Бу омилларнинг ҳаммаси бир вақтга тўғри келиб қолгани боис қора бозорда валютанинг арзоналшганини кўриб турибмиз, дейди Ориф Хошимов.

Иқтисодчининг айтишича, кейинги бир-икки йил давомида Ўзбекистондаги тижорат банклари хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни давлат курсида айирбошлаш имкони берилаётгани ҳам қора бозордаги об-ҳавога таъсир қилган.

Келаси ой ўрталаригача қора бозор курси 3000 сўмга яқинлашиши мумкинлигига оид башоратларга келсак, дейди иқтисодчи Ориф Хошимов, қисқа муддатда бундай прогноз амалга ошишига асос йўқ.

- Мен жиддий кўтарилади деб айтмаган бўлардим. Кўтарилиш бўлиши мумкин, лекин то август ойидагидай юқори кўрсаткич даражасига яъни 2850-2900 даражасига қайтиб чиқади пахта мавсуми тугагандан кейин деган гапни айтмаган бўлардим. Чунки бунинг учун асос йўқ. Яна бир тарафини ҳам инобатга олинг. Марказий банк тарафидан белгиланган курс асосида валюта айрибошлаш шохобчалари орқали ҳар ҳафта янгиланиб бораëтган курс ҳам борган сари бозор курсига яқинлашиб бораяпти юқори тезликда. Агар эътибор берган бўлсангиз, олдинги ойларда долларнинг расмий курси ҳар ҳафтада 2,5-3 сўмга юқориларди. Эътибор бераëтган бўлсангиз, кейинги икки ойда 4-4,5 сўмга юқорилаяпти ҳар ҳафтадаги доллар курси. Агар шу темп давом этадиган бўлса, 31-декабр ҳолатига сўмнинг АҚШ долларига нисбатан Марказий банк курси 2000 сўм, валюта айрибошлаш шохобчаларида 2050-2100 сўм деб баҳоланиши мумкин, дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Ориф Хошимов.

Ўзбекистон Марказий банки жорий ҳафта учун ўрнатган курс бўйича 1 АҚШ доллари 1938 сўмга тенг. Пайшанба куни Тошкентдаги бозорларда 1 АҚШ доллари ўртача 2680 сўмдан сотилди.
XS
SM
MD
LG