Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:14

Тошкентда газ таъминоти идорасининг ўнлаб ходими тергов қилинмоқда


Газчиларнинг аксарияти катта миқдордаги давлат мол-мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

"Газ таъминоти масъуллари миллиардлаб сўмни ўзлаштирган"

Озодликка "Тошкентшаҳаргаз" бошқармаси собиқ ходимларининг биридан келган маълумотга кўра, шу кунларда бошқарма ва бошқарманинг шаҳардаги туман филиалларида ишлаётган ўнлаб ходим давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

- Газ таъминоти идорасининг исталган туман ёки шаҳар идорасига телефон қилинг, ўнлаб ходим миллиардлаб миқдордаги талон-тарожда айбланганини айтишади сизга. Қанчаси қамоққа олинган, ишлари судга ошиб кетган. Бир йилчаям ишламаган ёш-ёш инспекторларнинг иши судда,- деди овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка хабар берган манба.

Бу хабарни "Тошкентшаҳаргаз" бошқармаси ва пойтахтнинг Ҳамза, Учтепа, Юнусобод туманлари газ идоралари ходимлари тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, айрим идораларда 2-3 ходим, айрим идораларда 4-5 ходим устидан жиноят иши қўзғатилган.

Жумладан, Ҳамза тумангаз идорасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, бу идорада муқаддам раҳбар бўлиб ишлаган Абдулла Йўлдошев, инспектор бўлиб ишлаган Мурод Машраповлар шу кунларда тергов қилинмоқда.

- Уларга катта-катта суммаларни илиб ташлашган. Фақат улармас, яна бошқаларам бор. Бир ойгина ишлаган мастерларам бор, биласизми. Буни ҳаммаси тепадан кетяпти. Айбсиз айбдор булар,- деди Ҳамза тумани газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

"Тепадан", дер экан бу ходим ундан юқори турувчи идора — "Тошкентшаҳаргаз" бошқармасини назарда тутмаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Шаҳаргазда ҳам шу аҳвол, бошқа районларда ҳам шу аҳвол. Кўпида бошлиқлар ўтирибди ҳозир, - деди Ҳамза тумани газ таъминоти идораси ходими.

"Терговга тортилган тошкентлик газчилар сони 30 га яқин"

Бир неча ходими устидан жиноят иши қўзғатилгани, айримлари устидан маҳкама ҳам бўлиб ўтгани хақидаги маълумотни Юнусобод туман газ таъминоти идорасидан ҳам олдик.

Бу идорада узоғи билан бир йил бошлиқ бўлиб ишлаган икки раҳбар — Дилмурод Муҳитдинов, Хайрулло Расуловларнинг иши ҳозир терговда экани айтилди.

Уларнинг бири Хайрулло Расулов шу йилнинг август ойида Озодликка интервю берган ва айрим юнусободликларнинг газдан ноҳақ қарздорлик бўйича қилган шикоятларига рад жавобини берган эди.

Ҳозир ҳар икки раҳбар узоғи билан бир йиллик фаолияти давомида бир неча миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Буни маълум қилган Юнусобод туман газ таъминоти идораси ходими ҳозир идора бошлиқсиз ишлаётганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда, "Тошкентшаҳаргаз" бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими ҳам идорага бир йилдан сал ошиқроқ раҳбарлик қилган Темур Грабовичга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги маълумотни тасдилади.

"Тошкентшаҳргаз" бошқармасида ишлайдиган ва ўзини таништирмаган ходимга кўра, бундай раҳбарлар ва ходимларнинг рўйхатидаги номлар эҳтимол 30 тани қоралаган бўлиши мумкин.

- Оддийгина мастерлар ҳам терговга тортилиб кетяпти, ҳозир. Оддийгина мастер. Одамларни уйига бориб, газ точкаларига ҳужжат қилиб берадиган одамлар. Юқоридан ҳаммасини ол, деган буйруқ бўлган, шунинг учун ҳаммасини бир чеккадан қамоққа олишяпти. Тўғриси, нима бўлаётганини биз тушунмаяпмиз, дейди бу ходим.

"Газчилар айбсиз айбдор, муаммо юқорида"

Озодлик боғланган Тошкентдаги газ таъминоти идоралари ходимларининг аксарияти шу фикрни таъкидлади.

Яъни, аҳолининг газдан қарздорлиги сўнгги бир неча йил ичида ошиб кетгани факт.

- Аммо, бунда бизнинг идорани айби йўқ. Одамлар огоҳлантирилган бўлсаям газ ҳисоблагичларни вақтида кўрикдан ўтказмаган. Натижада, 4 йилдан кейин компютердаги программа ўртача тариф билан қарздорликни чиқариб берган. Бунда бизнинг идоранинг айби йўқ,- дейди "Тошкентшаҳргаз" бошқармасида ишлайдиган ва ўзини таништирмаган ходим.

Лекин бу расмий аҳоли вакиллари ҳисоблагични кўрикдан ўтказиш муддати арафасида ёзма равишда огоҳлантирилмагани, бу фақат оғзаки тарзда ёки ОАВ орқали бўлганини тан олди.

Унга кўра, ҳозир бошқарма ҳар бир хонадонни кўрик муддатидан камида бир ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириш тартибини йўлга қўйиш ҳаракатида.

Аммо у ҳозир тошкентлик газчиларга илинган жиноят ишлари бу жараён билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

- Сиздан катта идоралар ҳам бу ишга аралашди, лекин ҳеч кимни қутқара олмади. Бу сиз ўйлагандан ҳам анча юқоридан кетяпти. Кимдир аҳволни билса ҳам қарздорликни чиқар, деган буйруқни берганда,- деди "Тошкентшаҳргаз" бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Бу хабарни Озодликка йўллаган манбага кўра эса қамоққа олинган ва терговга тортилган ходимлар орасида тахминан 20 фоизи ҳақиқатда айбдор бўлиши мумкин.

- Лекин қолган 80 фоизи не за что кетяпти. Судялар ҳам билиб турибди, бир хилларининг айби йўқлигинида. Лекин миллиардлаб қарзни илиб ташлаяпти. Улар ҳеч қачон тўлолмайди, чунки бунча пул ишламаган ҳеч қачон. Ҳаммаси бир хил 5 йил - 7 йилни олиб кетяпти қамоққа, - деди газ таъминоти соҳасида муқаддам ишлаган ва исми сир қолишини сўраган манба.

Ундан олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида ёппасига терговга тортилаётган ва иши судга ошаётган газчиларга бир модда — Ўзбекистон ЖКнинг 167-моддаси — "айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш" айби қўйилмоқда.

Бу айб исботланган тақдирда айбланувчига камида энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жаримадан тортиб, беш йилдан ўн йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

"Газдан қарздор қилинганлар ҳаққини ундириши мумкин"

"Тошкентшаҳаргаз" бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими бу жараённи шундай тушунтирди:

- Ҳисоблагични госстандарт кўригидан ўтказади ва агар ҳисоблагич носоз бўлмас, нормал ишлаб турган бўлса, текширув муддатидан кейинги периодга, масалан, бир йил ўтиб кетган бўлса, ўша муддатга перерасчёт қилдиради. Лекин бунга шаҳаргаз рухсат бериши керак. Ўзи ҳар йили бир марта перерасчёт муддати бўлади, ўшанда перерасчёт қилдириши мумкин аҳоли. Бунинг учун шаҳаргазга учраб, тартибини суриштириши керак ҳар бир аҳоли, деди "Тошкентшаҳаргаз" бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Унга кўра, омади юришиб қарздорлигини қайта ҳисоблатаётган аҳоли вакиллари ҳам бўлмоқда. Аммо, уларнинг сони ҳозирча озчиликдир.
XS
SM
MD
LG