Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:17

Қозоғистон Қирғизистондан сут импортини тақиқлади


Қозоғистон Қирғизистонни ўз мажбуриятларини бажармаётганликда айблаб, бу мамлакатдан сут маҳсулотлари импортини 3 октябрдан бошлаб тақиқлаб қўйди.

Қозоғистоннинг бу қарори қирғиз ҳукуматини ташвишга солиб қўйди. Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сотиболдиев бу масалада шошилинч йиғилиш ўтказиб, қирғиз делегациясини Остонага жўнатди. Фермерлар эса агар Қирғизистон ҳукумати масалани тез кунда ижобий ҳал этмаса катта миқдорда зиён тортишлари мумкинлигидан ташвишланишмоқда.

Қирғизистон қишлоқ хўжалик вазири Чингисбек Узакбаевнинг маълум қилишича, Қозоғистон 10 ширкатнинг сут маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортган.

- Қозоғистон айрим қонунларга ва ўзи томонидан қўйилган шартларга риоя этилишини талаб қилмоқда. Масалан, қозоқ томони Қирғизистонда чорва молларини идентификациялаш тўғрисидаги қонун қабул қилинишини талаб қилаяпти. Бу талаб ортидан биз Қозоғистонга қорамолларнинг зотлари ва ўзгачаликлари ҳақида маълумот беришимиз керак эди. Қирғизистон томони мана шу мажбуриятни бажара олмади, –деди Чингисбек Узакбаев.

Расмийнинг айтишича, мазкур талаб ортида ветеринар ва фитосанитария хавфсизлиги масаласи ётибди. Яъни Қозоғистон мана шу соҳаларда ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қирғизистонга мана шундай талабни қўйган.

Остонага музокаралар учун жўнаб кетаётган қирғиз делегацияси вакили Жанибек Султанов вазиятнинг бу тарзда ўзгаришида Қирғизистон ҳукуматининг айби йўқлигини билдирди:

- Қозоғистон қонунчилик базасини ўзгартиришни талаб қилмоқда. Қозоғистон божхона иттифоқига қўшилганидан сўнг Россия билан Белорус мана шундай талабни қўймоқда, деб бизга эътирозларини билдирган эди. Аммо қонунларни ҳукумат эмас,парламент қабул қилади. Парламент эса бу қонунларни шу кунгача муҳокама қилиб, тасдиқлаб бергани йўқ, - деди Жанибек Султанов.

Расмий маълумотга кўра, Қозоғистон Қирғизистондаги 10 та сут заводидан кунига камида 80 тоннадан сут маҳсулотлари сотиб олади. Шундан келиб чиқиб, қирғизистонлик фермерлар ва сут заводлари маъмуриятлари қаттиқ ташвишга тушиб қолганлар.

- Масала эртароқ ҳал этилмаса жуда қийин аҳволда қоламиз. Чунки маҳсулотимизнинг асосий харидори Қозоғистон ҳисобланади. Минглаб фермерлар сут заводлари орқали кун кечиради, - деди “Талас сут” ширкати раҳбари Мирзакан Давлеталиев.
XS
SM
MD
LG